Қашқадарё газетаси Маънавият СОЯСИЗ НУР ВАЙРОНАДА БЎЛАДИ
Маънавият

СОЯСИЗ НУР ВАЙРОНАДА БЎЛАДИ

Сараланган сатрлар

Жаҳон адабиётининг муаззам сиймоларидан саналмиш Жалолиддин Румийни Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Мирзо Абдулқодир Бедил каби буюк сўз усталари ўзларига устоз деб билишган. Гёте Абулқосим Фирдавсий, Шайх Саъдий, Хўжа Ҳофизлар қаторида Жалолиддин Румий ижодини ҳам “Хизр чашмаси” деб атаган. Машҳурликда Фирдавсийнинг “Шоҳнома”си, Саъдийнинг “Гулистон”и, Ҳофизнинг “Девон”и билан бир қаторда турган, “форсий Қуръон” номи билан шуҳрат қозонган “Маснавийи маънавий”ни инсон маънавий ҳаётининг қомуси сифатида нафақат Шарқда, балки Ғарбда ҳам ихлос билан ўрганишган. “Декамерон” асаридаги кўплаб сюжет ва мотивларни Шарқ оғзаки ва ёзма адабиётидан олган Жованни Бокаччо “Маснавийи маънавий”даги қатор ҳикоятлар асосида новеллалар яратгани маълум.

Румийни Алишер Навоий “Устозлар устози” деб шарафлаган, Абдураҳмон Жомий эса “У пайғамбар эмас, аммо пайғамбарлик китоби бор” деб улуғлаган.

Хуллас, бугун саралаган лавҳаларимиз Румий ҳикматлар сарчашмасидан.

*  *  *

Кўзада нима борки, наҳрда бўлмасин… уйда нима борки, шаҳарда бўлмасин! Бу олам кўзадир. Кўнгил эса дарё сувига ўхшайди. Бу олам хонадир, кўнгил эса қурилмаган ва ҳайратомуз нарсалар билан тўла шаҳар!

*  *  *

Тан меъдаси инсонни сомонхонага етаклайди. Кўнгил меъдаси эса гулзорга.

*  *  *

Аллоҳ демишки: “Мен кўкларга, бўшлиқларга, юксак ақллар-у нафсларга сиғмадим, меҳмондек бориб, мўминнинг кўнглида кайфиятсиз, моҳияти тушунарсиз бўлган бир шаклда макон тутдим, ўша ерда меҳмон бўлдим”. Тупроқда унган гуллар маҳв бўлди. Кўнгилда унган гуллар доимийдир, нақадар хушдир!

*  *  *

Абобил қушларида Аллоҳнинг қуввати бор эди. Акс ҳолда ожизгина қуш кандай қилиб филни енгиши мумкин эди? Улкан қўшинни бир неча қуш тор-мор келтирди. Бу Аллоҳнинг қудрати эканини англа.

*  *  *

Чўпон ухладими, бўри эмин-эркин бўлади. Чўпон ухлаши билан эътибор йўқолади. Аммо ҳайвонга Аллоҳ чўпонлик қилса, бўри у ерга қандай йўл топади, қўйни қандай олиб қочади? Аллоҳнинг сеҳри ҳақдир, ўринлидир. Бу сеҳрни сеҳргарлик дейиш хатодир. Аллоҳ Ҳазрат Мустафога лутф этди: “Сен ўлсанг ҳам бу дин, бу иймон ўлмайди. Сенинг китобингни, мўъжизангни мен азиз қиламан. “Қуръон”даги бирор нарсани камайтиришга ёки унга бирор нарса қўшишга ҳаракат қилган кишига мен қаршиман. Мен сени икки дунёда ҳам ҳимоя қиламан. Сўзингни мазах қилганларни хор-ҳақир ҳолга соламан”.

*  *  *

Йўлдан адашганлар “Қуръон”да сўздан бошқа нарсани кўрмаслар, ҳайрон бўлманг. Кўрнинг кўзларига қуёшнинг заррин нурлари эмас, фақат ҳароратигина етиб келади. Билиб қўйки, “Қуръон”нинг зоҳири бор… зоҳирнинг ҳам яширин ва қувватли ботини бор. У ботиннинг ҳам бир ботини, унинг эса учинчи ботини борки, уни ақллар англай олмайдилар, ҳайрон бўладилар. Ўғлон, сен “Қуръон”нинг сиртига боқма… Шайтон ҳам Одам Атони тупроқдан иборат деб билди, аслини идрок эта олмади! “Қуръон”нинг зоҳири инсонга ўхшайди: сурати (шакли) кўринади, жони эса пинҳон!

*  *  *

Қўрқоқлар жангдан қочиш пайида бўладилар. Жасур, мардлар эса жон қайғусида душман сафларига ҳужум қиладилар. Қўрқув ва қайғу Рустамларни олға ундайди, қўрқоқ эса ваҳимадан турган жойида ўлиб кетаверади. Бало ва жон қайғуси маҳакдир… Шунинг учун мардлар таҳликали дақиқаларда қўрқоқлардан ажраладилар.

*  *  *

Танқид қайнатилган дори ва хапдори кабидир: ичсанг ёки ютсанг бироз муддат изтироб ва аламда қоласан. Ширинлик есанг, лаззати бир лаҳзаликдир, таъсири ҳам узоқ давом этмайди. Зоҳиран узоқ давом этганидан таъсири ҳам яшириндир. Ҳамма нарсани зидди воситасида англа! Мақтовнинг таъсири ширинликнинг таъсирига ўхшайди: яширинча таъсир қилади ва бироз вақт ўтгач танада ёрилиши лозим бўлган чипқон чиқади. Нафс кўп мақталаверганидан фиръавнга айланади. Камтар, хокисор бўл, улуғликка, кибрга юзланма!

*  *  *

Бир одам ким биландир маслаҳатлашишни, тараддудлардан халос бўлишни, қамоқдан қутулишни истар эди. Маслаҳат сўралган одам дедики: “Мендан бошқа бирор кишини топиб маслаҳатлаш! Мен сенинг душманингман, менга ишонма, душманнинг маслаҳати холис бўлмайди! Бор, сенга дўст бўлган бирортасини топ, дўст, шубҳа йўқки, дўстга яхшилик тилайди. Мен душманман, менга ўхшагандан нажот йўқ. Қинғирлик билан сенга душманлик қиламан. Бўрининг чўпон бўлишини исташ тўғри эмас. Аслида йўқ нарсани қидириш қидирмасликдир. Бирор кишига ғаним бўлдингми, ундан узоқ тур… сени қадрлайдиган дўст билан кўриш, у билан маслаҳатлаш”.

*  *  *

Жонсизлигингда инсон бўлмишни инкор этар эдинг, энди эса қиёмат йўқ деб оёқ тирайсан! Сенинг ҳолинг шу манзарани эслатади: “Бир киши келиб эшикни тақиллатади. Уй эгаси ичкарида туриб: “Уй эгаси уйда эмас”, деб бақиради. Эшик тақиллатган киши бу сўздан уй эгасининг уйдалигини англайди! Сенинг инкоринг ҳам Аллоҳнинг жисм оламида юзлаб жонлар яратганини кўрсатади, хабар беради!

*  *  *

Ҳой одам! Сен бу дунё қудуғи тубида банди бўлган шерсан. Қуёндек нафсинг сени қандай кўйга солди? Сенинг еб-тўймас нафсинг саҳрода еб-ичмоқда, кайф-сафо сурмоқда. Сен эса ғийбат, ғавғо қудуғининг тубидасан!

Ҳою ҳавас ва нафснинг истаги билан кам дўст бўл. Чунки сени Аллоҳнинг йўлидан чиқарган, йўлдан оздирган ҳою ҳавасдир.

*  *  *

Бирор кишининг “Фалон одамнинг табиати, феъл-атвори ёмон” деб шикоят қилганини кўрсанг, билки, бу шикоятнинг талаби ёмондир, ёмондирки, ёмон табиатлининг ёмонлигини айтаяпти! Чунки яхши табиатли инсон ёмон табиатли, феъл-атворли кишиларга сабр қилади, уларнинг ёмонлигини айтмайди. Фақат шайх бирортанинг ёмонлигини айтса, бу Аллоҳнинг амри биландир, ғазаб ёки ҳою ҳавасга эргашишдан эмас! Унинг шикояти шикоят эмас, ислоҳдир. У шикоят пайғамбарларнинг шикоятига ўхшашдир.

*  *  *

Сабр иймон туфайли бошқаларга тож бўлади. Шунинг учун сабри йўқнинг иймони ҳам бўлмайди.

*  *  *

Ўзича: “Мен не-не подшоҳларни кўрдим, буюк султонларга маъқул бўлдим. Улардан қўрқмас, ҳайиқмас эдим. Бу авлиёнинг салобати ҳушимдан айирди. Арслонлар, қоплонлар изғиган ўрмонларда юрдим, рангим ҳам ўзгаргани йўқ. Бир қанча жангларда қатнашдим, оғир жароҳатлар етказдим. Шундай вазиятларда ҳам қалбим ҳозиргидан қувватлироқ эди. Бу одам қуролсиз, қуруқ ерда ётибди, менинг етти аъзойим дир-дир титрамоқда, нима бу? Бу ҳайбат, салобат Ҳақдандир, одамдан эмас, бу ҳайбат хирқали одамники эмас”, деди. Бир киши Ҳақдан қўрқиб, тақво йўлини тутдими, жин ҳам, инсон ҳам уни кўрса қўрқади.

*  *  *

Қармоғингдаги гўшт бўлаги балиқни овлаш учун. Бундай луқма на эҳсондир, на саховат!

*  *  *

Маъносиз сўз сув устига ёзилган ёзувдир. Ундан вафо кутсанг бармоқ тишлаб қоласан (пушаймон бўласан).

*  *  *

Суҳбат борки, ўткир қиличга ўхшайди, экинни, боғ-роғни қишдек қийратади. Суҳбат борки, баҳор кабидир, ҳар томонни яшнатади, беҳисоб мева беради.

*  *  *

Вафонг бўлмаса кўп гапирма. Сўзнинг кўпи ҳамма нарсани ўз фикрига мослаштириш дарагидир. Бу сўз кўнгилни камолга бошлайди. Сукут сақлаган инсон юз марталаб камолга интилади. Дилдаги тилга чиқдими, сарф бўлиб кетади. Кўп сарф қилма, у гўзал кўнгил қолсин. Кам гапирган одам теран фикрлайди. Нутқ қобиғи қалинлашдими, мазмун йўқолади. Қобиқ қалин бўлса, дил кичраяди, заифлашади. Кўнгил камолга етиб, гўзаллашгани сайин қобиқ юпқалашади.

*  *  *

Барча дарёларга сув улашувчи денгиз ҳам ҳар хасни боши устида ташийди. Денгиз шу карами сабабли камаймайди, эҳсони сабабли хўрланмайди.

Қўлингдан келганича қул бўл, султон бўлма! Тўп каби заҳмат чекувчи бўл, чавгон бўлма! Акс ҳолда бу латофатинг, бу гўзаллигинг қолмагач сен билан улфат бўлганлар сендан безадилар. Сени алдаб юрганлар “Шайтон” номини берадилар.

*  *  *

Марднинг ови марҳаматдир. Дори дунёда дарддан бошқа нарса изламайди. Қаерда дард бўлса, даво ўша ерга боради. Қаер паст бўлса, сув ўша томонга оқади. Сенга роҳат суви керак бўлса, бор, камтар бўл, раҳмат сувини ич-у сармаст бўл.

*  *  *

Шакл соядир, маъно қуёш. Соясиз нур вайронада бўлади.

*  *  *

Арслонлардек ўз ўлжангни ўзинг овла. Бегонага ҳам, қариндошга ҳам ялтоқланишни бас қил!

*  *  *

Сиртдан қараганда ишимиз юришаётганга, сўзимиз ўтаётганга ўхшайди. Ботиний юриш эса осмон устида бўлади. Ташқи кўриниш ҳақидаги гаплар чанг-ғубор кабидир. Қулоқ каби бир муддат тинглашни одат қил!

*  *  *

Ёмон отнинг хунуклиги ҳарфлардан эмас. Денгиз сувининг аччиқлиги идишдан эмас.

БЕКЗОД тайёрлади.

Exit mobile version