Муносабат
XXI асрнинг энг қиммат ресурсларидан бири – сув. Айниқса, иқлим ўзгариши ва сув танқислиги кучайиб бораётган ҳозирги шароитда ҳар бир томчи сувдан унумли фойдаланиш масаласи дунё ҳамжамияти кун тартибига чиққан. Шу нуқтаи назардан Президентнинг жорий йил 2 июлдаги «Балиқчилик тармоғини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони нафақат бир тармоқни қўллаб-қувватлаш, балки сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ аҳолиси бандлигини оширишга қаратилган стратегик ҳужжат сифатида эътиборга лойиқ.
Фармоннинг энг муҳим жиҳати шундаки, унда балиқчилик соҳасига энди қўшимча тармоқ сифатида эмас, балки иқтисодиётнинг мустақил ва юқори даромад келтирувчи йўналиши сифатида ёндашилмоқда. Бугунги кунга қадар кўплаб сув ҳавзалари ўз имкониятидан тўлиқ фойдаланилмай келган бўлса, эндиликда улар интенсив технологиялар асосида ишлайдиган замонавий ишлаб чиқариш майдонларига айланиши кўзда тутилмоқда.
ТАРҚОҚ БОШҚАРУВ ЎРНИГА ЯГОНА МУВОФИҚЛАШТИРУВЧИ ТИЗИМ
Фармонда 2026-2027 йилларда мамлакатда балиқ етиштириш ҳажмини 500 минг тоннага етказиш вазифаси белгиланган. Бу рақам шунчаки статистика учун эмас. У мамлакат аҳолисини арзон ва сифатли оқсил манбаи билан таъминлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда экспорт имкониятларини кенгайтириш дегани.
Янги ҳужжатнинг яна бир муҳим жиҳати – соҳада ягона давлат бошқаруви тизими яратилаётгани. Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида Балиқчиликни ривожлантириш марказининг ташкил этилиши тарқоқ бошқарув ўрнига ягона мувофиқлаштирувчи тизимни шакллантиради. Бу эса сув ҳавзаларини тақсимлаш, мониторинг қилиш, ҳисоб-китобларни рақамлаштириш ва инвестицияларни жалб этишда очиқлик ҳамда самарадорликни ошириши шубҳасиз.
Энг эътиборлиси, тармоқ рақамлаштирилади. Сув объектлари, ишлаб чиқариш ҳажми, озуқа таъминоти, маҳсулот айланмаси ва бошқа жараёнларнинг электрон платформалар орқали юритилиши инсон омилини камайтириш билан бирга, соҳада шаффофликни таъминлайди. Бу эса инвесторлар учун ҳам муҳим кафолат ҳисобланади.
Ҳужжатда кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ҳар йили қўшимча 100 нафар мутахассис тайёрланиши белгилангани соҳанинг илмий ва амалий салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу эса олий таълим ташкилотлари, жумладан, Қашқадарёдаги университетлар учун ҳам янги вазифаларни юклайди. Замонавий аквакультура, биотехнология, озуқа ишлаб чиқариш ва рақамли мониторинг бўйича мутахассисларга эҳтиёж ортиши табиий.
ТАЪМИНОТ КАФОЛАТЛАНАДИ
Фармоннинг амалий аҳамиятини Қашқадарё вилояти мисолида алоҳида баҳолаш мумкин. Вилоятда катта сув омборлари, коллектор-дренаж тармоқлари, сунъий кўллар ва сув ҳавзалари мавжуд. Ҳозиргача уларнинг бир қисми асосан экинларни суғориш манбаи вазифасини бажариб келган бўлса, эндиликда улар иқтисодий даромад келтирадиган объектга айланади.
Айниқса, Қарши магистрал канали тизими, Талимаржон сув омбори, Чимқўрғон сув омбори ва бошқа сув объектлари негизида замонавий аквакультурани ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжуд. Бу эса нафақат балиқ етиштириш ҳажмини кўпайтириш, балки янги иш ўринлари яратиш, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилади.
Яна бир муҳим жиҳат – фармонда давлат томонидан сув таъминотининг кафолатланиши белгилаб қўйилди. Сабаби балиқчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун энг катта хавф омилларидан бири айнан сув таъминотидаги муаммолар бўлган. Энди эса сувга бўлган эҳтиёжни режалаштириш ва кафолатланган тартибда таъминлаш механизмининг жорий этилиши соҳада инвестиция муҳитини сезиларли даражада яхшилаши кутилаяпти.
Бугун дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, қишлоқ хўжалигининг энг тез ривожланаётган тармоқларидан бири айнан аквакультура ҳисобланади. Бир гектар сув ҳавзасидан олинадиган иқтисодий самара кўп ҳолларда анъанавий экин майдонлариникидан юқори бўлади. Шу маънода янги фармон сув ресурсларидан иқтисодий самарадорлик нуқтаи назаридан фойдаланишга ўтишга қаратилган муҳим қадамдир.
МЕЪЁР 7,1 КИЛОГРАММ, БИЗДА ЭСА 1,3 КИЛОГРАММ ТЎFРИ КЕЛАЯПТИ
Ютуқлар ва муаммолар, натижалар ва кўрсаткичлар, режалар ва мақсадлар – барчаси рақамларда ўз аксини топади. Шу нуқтаи назардан таҳлил қилганимизда, вилоятда айни пайтда балиқчиликка ихтисослашган 423 та субъект мавжуд. Уларга жами 28,3 минг гектар ер майдони ажратилган. 2025 йил якунларига кўра, вилоятда 4,6 минг тонна балиқ овланган бўлиб, бу аҳоли жон бошига ўртача 1,3 килограммдан тўғри келади. Агар бу борадаги меъёр 7,1 килограмм эканини инобатга олсак, бу кўрсаткич бор-йўғи 18 фоизга бажарилгани маълум бўлади.
Сув хўжалиги ташкилотлари томонидан 2025 йилда 226 та субъектга 5,7 миллион куб метр сув етказиб берилган. Шунингдек, балиқчилик субъектларининг йиллик озуқа (ем) маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи 7,5 минг тоннани ташкил этади. Ушбу эҳтиёж маҳсулотни асосан Самарқанд, Навоий, Фарғона ва Тошкент вилоятларидан олиб келиш ҳисобига қопланмоқда.
Вилоятда балиқ чавоғи етиштирувчи 3 та субъект мавжуд бўлиб, уларнинг йиллик қуввати 5 миллион донани ташкил этади. Қарши туманидаги 1 та субъект томонидан 400 тонна балиқни қайта ишлаш қувватига эга корхона фаолияти йўлга қўйилган.
Сифатли балиқ чавоқларини маҳаллийлаштиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда вилоятда 2026 йил якунига қадар 3 та ҳамда 2027 йилда 4 та балиқ личинкаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган инкубация цехлари ишга туширилади. Шунингдек, чавоқ етиштиришга мўлжалланган 40 гектар майдонларда репродуктор ҳавзалар барпо этилади.
Ҳудудий лойиҳалар доирасида 2026 йилда қиймати 37 миллиард сўм бўлган 42 та ва келгуси йилда эса қиймати 107 миллиард сўмлик 58 та лойиҳа амалга оширилади. Натижада тармоқда 425 та янги иш ўрини яратилади.
412 ТА ХОНАДОНДАГИ 584 ТА ҲАВЗА
Очиғини айтиш керак, бу саъй-ҳаракатлар балиқчиликни ривожлантириш бўйича тарғибот ишларини янада кучайтиришни тақозо этади. Шундай экан, аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш бўйича Чироқчи тумани тажрибаси бошқа ҳудудларга ҳам кенг оммалаштирилиши лозим. Бу ҳудудда 3 та – Соҳил, Қаҳрамон ва Чилжувут маҳаллаларидаги 412 та хонадонда мавжуд бўлган 584 та ҳавзада балиқчилик йўлга қўйилган.
Кейинги йилларда балиқчилик соҳасига қизиқувчилар кўпаяётганини эътибордан қочирмаслик керак. Уларга тўғри тушунча бериш, билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда ташаббусларини қўллаб-қувватлаш нафақат натижалар юқори бўлишини, балки иш ўринлари ҳам ортишини таъминлайди.
Истиқболдаги режаларга мувофиқ, Қашқадарёда балиқ етиштириш ҳажми 2026 йилда 13 минг тоннага, 2027 йилда эса 18 минг тоннага етказилади. Бунинг эвазига аҳоли жон бошига тўғри келадиган балиқ истеъмоли ҳажми амалдаги 1,3 килограммдан 4 килограммга оширилади.
МУАММО ВА ЕЧИМ
Балиқчилик қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқлари билан сув ресурси учун рақобат қилади. Шунинг учун катта ҳовузларда экстенсив усулда балиқ етиштиришдан кўра, ёпиқ сув айланма тизимлари, биофильтрлар ва сувни қайта ишлатиш технологияларига ўтиш муҳим. Мамлакат даражасида ҳам 2026 йилда айнан шундай тизимларни жорий қилиш устувор вазифалардан бирига айланди.
Иккинчи масала – балиқ озуқасининг қимматлиги. Интенсив балиқчиликнинг энг катта харажатларини озуқа ташкил қилади. Сифатли комбикормнинг етишмаслиги ёки қимматлиги маҳсулот таннархини оширади.
Балиқчиликда кўп ҳовузлар бўлиши даромадга эришишнинг асосий омили эмас. Яхши генетика, сифатли чавоқ ва тўғри озиқлантириш – юқори ҳосилдорлик дегани. 2026 йилда мамлакат миқёсида карп, лаққа, форель ва осётр каби балиқларнинг наслини яхшилаш, янги зотларни маҳаллий иқлимга мослаштириш вазифаси қўйилди. Қашқадарё учун эса бу йўналишни маҳаллий шароитга мослаштириш, иссиқ иқлимга чидамли ва тез ўсувчи балиқ зотларини танлаш муҳим аҳамиятга эга.
Очиғини айтиш керак, олий таълим муассасаларида балиқчилик бўйича мутахассис тайёрлайдиган йўналиш йўқ. Маҳаллий тадбиркорлар «устоз-шогирд» анъанаси асосида фаолият олиб боряптилар. Масалан, оддий аквакультурани олайлик. Бунда ҳовузга балиқ ташлаб қўйиш билан иш битмайди. Сувдаги кислород миқдори, ҳарорат, босим, аммиак ва нитрит миқдори, озиқлантириш меъёри ва балиқ зичлиги доимий назорат қилиниши керак. Бугунги кундаги балиқчиларнинг ҳаммаси ҳам ана шу мезонларга тўлиқ амал қиляпти, деб айтолмаймиз. Шунинг учун Қашқадарёда аквакультура бўйича муҳандис-технологлар, ихтиологлар, ветеринарлар ва озуқа мутахассисларини тайёрлаш долзарб масала ҳисобланади.
КАТТА ИСТИҚБОЛГА ЭГА ЙЎНАЛИШ
Келгусида Қашқадарё вилоятида балиқчиликни ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири – балиқчилик кластерларини ташкил этишдир. Шу асосда наслли балиқларни кўпайтириш, чавоқ етиштириш, балиқ боқиш, ем ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш жараёнлари ягона тизимда амалга оширилади. Бу нафақат маҳсулот ҳажмини оширади, балки балиқчиликнинг иқтисодий самарадорлигини ҳам сезиларли даражада яхшилайди.
– Вилоятда балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш саноатини ривожлантириш ҳам катта истиқболга эга йўналиш, – дейди Қарши давлат техника университети Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш технологияси кафедраси доценти Раҳматулла Нуриллаев. – Чунки замонавий бозорда фақат янги балиқ эмас, балки музлатилган, дудланган, консерваланган маҳсулотларга ҳам талаб юқори. Балиқчилик чиқиндиларидан балиқ уни ва балиқ ёғи ишлаб чиқариш орқали эса қўшимча иқтисодий қиймат яратиш мумкин.
Хуллас, соҳада кескин ўзгаришлар фурсати етди. Инновацион ечимлар муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади. Масалан, маҳаллий комбикорм ишлаб чиқариш таннархни пасайтиради, сифатли чавоқ ҳосилдорликни оширади, қуёш энергияси электр харажатини камайтиради, ихтиопатология лабораторияси касалликларни эрта аниқлаш имконини беради, совитиш/кислородлаш тизимлари эса ёзги аномал иссиқда балиқ нобуд бўлишини камайтиради.
ЯНГИ ИҚТИСОДИЙ ҚИЙМАТ МАНБАИ
Президент фармонида балиқчиликни ривожлантириш марказини ташкил этиш ҳам белгиланган. У балиқчилик хўжаликлари бошини қовуштиради, уларнинг муаммоларини илмий асосда ҳал этиш, амалий тадқиқотлар олиб бориш, таҳлил ва прогноз қилиш орқали балиқчиликни ривожлантиришнинг самарали моделларини ишлаб чиқиш, тармоқда ягона илмий-техник, илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, селекция, наслчилик ва сифатли чавоқлар етиштиришни кенгайтиришда бош-қош бўлади.
Бундан ташқари, балиқчилик тармоғини ривожлантиришда халқаро ҳамкорликни кучайтириш, ички ва ташқи бозорлардаги нархлар мониторингини олиб бориш, сув омборлари, каналлар, коллекторлар, зовурлар ва мелиорация объектларида балиқчиликни ривожлантиришга қаратилган инвестициявий ҳамда инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш жараёнларини мувофиқлаштириб бориш, тармоқда интенсив ва ярим интенсив замонавий аквакультура технологияларини жорий этиш, инновацион ечимлар ва бошқарув тизимларини тўлиқ рақамлаштириш каби масалалар ҳам марказнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.
Энг муҳими, мазкур фармон сувдан оқилона фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган комплекс стратегиядир. Қашқадарё учун эса унда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳудуддаги мавжуд сув ресурсларини янги иқтисодий қийматга айлантириш, қишлоқ аҳолиси фаровонлигини ошириш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятини кенгайтириш сари ташланган муҳим қадам бўлади.
Абдураззоқ МУРОДОВ