Қашқадарё газетаси Жараён Судларда кўрилган никоҳдан ажратиш билан боғлиқ даъволарнинг ярмидан кўпи қаноатлантирилди
Жараён

Судларда кўрилган никоҳдан ажратиш билан боғлиқ даъволарнинг ярмидан кўпи қаноатлантирилди

Матбуот анжумани

Ўтган йили Қашқадарёдаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларда 6419 та никоҳдан ажратиш билан боғлиқ иш кўрилган бўлиб, даъволарнинг 3349 таси ёки 52,1 фоизи қаноатлантирилган. 2193 таси рад қилинган, 436 та ариза кўрмасдан қолдирилган, 441 та иш юритувдан тугатилган.

Бу ҳақда Қашқадарё вилояти судларининг 2025 йил давомидаги фаолияти таҳлили ҳамда соҳага оид муҳим ва долзарб масалалар юзасидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Тадбирда Қашқадарё вилояти судининг раиси Абдуқаюм Маҳкамов, вилоят маъмурий судининг раиси Ғолибжон Давлатов судлар фаолиятида қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, одил судловга бўлган ишончни ошириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида гапиришди.

Суд ишларида рақамлаштириш тажрибасининг кенг жорий этилаётгани, электрон суд тизими орқали ариза ва даъволарни қабул қилиш, суд мажлисларини онлайн кузатиш имкониятлари кенгайгани қайд этилди.

– Қашқадарё вилоят, туманлараро, туман ва шаҳар судларига ўтган йил давомида 10667  та мурожаат келиб тушган, – деди Абдуқаюм Маҳкамов. – Мазкур мурожаатларнинг  2276 таси умумий мазмундаги, 2771 таси шахсий ва сайёр қабуллар жараёнидаги шикоятларни ташкил қилган. Бундан ташқари,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали 5630 та мурожаат келиб тушган. Ўрганиш натижаларига кўра мурожаатларнинг 304 таси қаноатлантирилган, 23 таси рад қилинган, 10055 тасига тушунтириш берилган, 225 таси тааллуқлилигига кўра ҳамда тегишли идораларга юборилган, 4 таси аноним мурожаат бўлганлиги боис кўрмасдан қолдирилган, шунингдек, 73 та мурожаат кўриб чиқилмоқда.

Анжуманда коррупцияга қарши курашиш, судьяларнинг касбий малакасини ошириш, суд тизимида кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш масалалари ҳақида ҳам маълумот берилди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Exit mobile version