Қашқадарё газетаси Жараён СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ, ШАХСГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР ВА ҲУҚУҚБУЗАРЛИК
Жараён

СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ, ШАХСГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР ВА ҲУҚУҚБУЗАРЛИК

  Билиб қўйган яхши

Қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар яхлит, ўзгармас манба эмас. Вақт ўтиши билан айни замон талаблари асосида  янгиланиб туради. Техника тараққиёти тобора илдамлаб бораётган бугунги кунда бу жараён янада тезлашиб бориши табиий. Айниқса, ҳар ишда сунъий интеллект инсоннинг дастёрига айланаётгани соҳага оид ҳуқуқий меъёрларни ҳам тартибга солишни, такомиллаштиришни тақозо этади.

Ўзбекистон Республикасининг жорий йил 21 январда қабул қилинган «Сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатлар тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Зарурият ва эҳтиёж

Мамлакатимизда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда кенг кўллаш, рақамли маълумотлардан фойдаланиш имкониятини ва уларнинг сифати юқори даражада бўлишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентнинг 2024 йил 14 октябрдаги «Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорида бу борада амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Бугун «сунъий интеллект» тушунчаси каттаю кичикка бирдек таниш атамага айланиб улгурди. Шундай бўлса-да, унга қонун ҳужжатларида таъриф берилмаган эди. Қолаверса, кибержиноятлар, онлайн фирибгалик каби ҳолатлар ахборот тизимлари ишида сунъий интеллектдан фойдаланишга доир умумий қоидаларни ҳамда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов берганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш заруриятларини юзага келтирди.

Рақамли технологиялар оғиримизни енгил қилаётгани, унга эҳтиёж ортаётгани бор гап. Аммо, танганинг иккинчи томони бўлганидек, ривожланиш эзгуликка хизмат қилмоғи лозим.

– Сунъий интеллект ёрдамида шахснинг расмлари ва видеоларига ишлов бериб, уни тарқатиш билан қўрқитиш орқали пул талаб қилиш ҳолатлари учраб турибди, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳуқуқбузарлик профилактикаси гуруҳи катта инспектори Ойбек Набиев. – У орқали фуқароларнинг маълумотларини ўғрилаб, кредит расмийлаштириш, банк пластик карталаридан пул ечиш билан боғлиқ жиноятлардан жуда кўплаб фуқаролар азият чекаяпти. 2025 йилда вилоят бўйича содир этилган жиноятларнинг 49 фоизи айнан кибержиноятлар эканини инобатга олсак, вазият қанчалар ташвишли эканлиги аён бўлади.

Нималар ўзгарди?

«Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддаси сунъий интеллект таърифи ҳақидаги хатбоши билан тўлдирилди:

«Cунъий интеллект – инсоннинг билим ва кўникмаларига тақлид қилиш,  мустақил ўрганиш, ечимларни излаш ва аниқ вазифаларни бажаришда инсон ақлий фаолияти натижалари билан таққосланадиган натижаларни олиш имконини берувчи технологик ечимлар мажмуи ҳисобланади».

Бундан ташқари, мазкур қонунга ахборот ресурсларини яратишда ҳамда ахборот тизимлари ишида сунъий интеллектдан фойдаланиш меъёрларини белгилашга доир 71-модда киритилди. Унга кўра, сунъий интеллектдан фойдаланиб яратилган ахборот ресурслари ҳамда сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган ахборот тизимлари инсонга, унинг ҳаётига, соғлигига, эркинлигига, шаънига, кадр-қимматига путур етказмаслиги ва унинг бошқа ажралмас ҳуқуқларини бузмаслиги шартлиги белгиланди.

Бугунги кунда суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2025 йил 21 августдаги «Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида бу жараённинг ҳуқуқий жиҳатлари, афзалликлари ва амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб берилди. Асосий мақсад одамларнинг оғирини енгил қилиш, қоғозбозликка барҳам бериш, рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратишдан иборат.

Шундай бўлса-да, гап кишилар тақдири ҳақида кетганда, қарор қабул қилиш судьялар зиммасида бўлади. «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонунда қайд этилганидек, инсоннинг ҳуқуқи ва эркинлигига алоқадор бўлган юридик аҳамиятга эга қарорларни қабул қилиш чоғида фақат сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда яратилган ахборот ресурслари ва сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган ахборот тизимларининг хулосаларига таяниш мумкин эмас.

Жавобгарлик кучайтирилди

«Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонунга кўра, муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот шахсга доир маълумотлар ҳисобланади. Эндиликда сунъий интеллект ёрдамида шахсга доир маълумотларга ноқонуний ишлов берганлик ҳолатлари маъмурий жавобгарликка тортишга олиб келади.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ 462-модда киритилди.

Демак, шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш, худди шунингдек, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов берилаётганда жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган шахсга доир маълумотлар базаларида шахсга доир маълумотларни йиғишга, тизимлаштиришга ва сақлашга оид талабларга риоя этмаслик фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари, мансабдор шахсларга эса эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Яна бир гап. Сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов берганлик, уларни оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатганлик учун маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуролларини мусодара қилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солинади. Бу ҳозирги пайтда 20 миллион 600 мингдан 41 миллион 200 минг сўмгача маблағни ташкил қилади.

– Сунъий интеллектнинг айрим салбий ва хавфли жиҳатлари ҳам мавжуд, – дейди техника фанлари бўйича фалсафа доктори Қудратжон Зуҳуров. – Маълумки, сунъий интеллект тизимлари электрон маълумотларга таянади, агар улар нотўғри ёки бир томонлама бўлса, технология ёрдамида қабул қилинган қарорлар ҳам адолатсиз бўлиши мумкин. Бу ҳолат, айниқса, инсон ҳуқуқлари, молиявий қарорлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларида жиддий оқибатларга олиб келиши тайин.

Яна бир муҳим масала – шахсий маълумотлар хавфсизлигидир. Сунъий интеллект катта ҳажмдаги шахсий маълумотларни йиғиши ва таҳлил қилиши сабабли улардан ноқонуний фойдаланиш ёки сизиб чиқиши хавфи мавжуд. Бундан ташқари, сунъий интеллект тизимларининг хатоликка йўл қўйиши ёки етарли даражада назорат қилинмаслиги инсон ҳаёти ва хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин.

Хорижий тажриба ва ечим

– Европа Иттифоқида шахсий маълумотларни тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш ва узатиш бўйича қатъий қоидалар ўрнатиш учун GDPR (General Data Protection Regulation) меъёрий ҳужжат қабул қилинган, – дейди вилоят адлия бошқармаси нотариат, адвокатура ва медиация шуъбаси бошлиғи Олимжон Бўриев. – Унга кўра, сунъий интеллект орқали шахс маълумотини ўзгартириш, розиликсиз қайта ишлаш, ёлғон контент яратиш орқали агар шахсга маънавий зарар етказилса, обрўсига путур етса, алдаш ёки фирибгарлик ҳолатлари содир этилса, бу жиноят ёки оғир маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

Хўш, қандай ҳолларда шахсга доир маълумотларга ишлов беришга рухсат этилган?

«Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонунга кўра, субъект бу маълумотларга ишлов беришга розилик берганда; субъект тараф бўлган шартномани бажариш учун бу маълумотларга ишлов бериш ёки шундай шартнома тузилгунига қадар субъектнинг сўровига биноан чоралар кўриш зарур бўлганда; мулкдор ва (ёки) операторнинг қонунчиликда белгиланган мажбуриятларини бажариш учун бу маълумотларга ишлов бериш зарур бўлганда; субъектнинг ёки бошқа шахснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун бу маълумотларга ишлов бериш зарур бўлганда; мулкдор ва (ёки) операторнинг ёки учинчи шахснинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини амалга ошириш учун ёхуд шахсга доир маълумотлар субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилмаслиги шарти билан ижтимоий аҳамиятга молик мақсадларга эришиш учун бу маълумотларга ишлов бериш зарур бўлганда; шахсга доир маълумотларга уларни мажбурий равишда эгасизлантириш шарти билан статистик ёки бошқа тадқиқот мақсадларида ишлов берилганда; агар бу маълумотлар ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган манбалардан олинган бўлса.

Бундан ташқари, субъектнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида шахсга доир маълумотларга ишлов бериш зарур бўлган тақдирда, бу маълумотларга ишлов беришга розилик олиш мумкин бўлган пайтга қадар субъектнинг розилигисиз йўл қўйилади.

Хулоса қилиб айтганда, сунъий интеллект – инсоният учун катта имконият. Аммо ундан фойдаланишда, аввало, инсонийликни ва қонунларни ҳурмат қилиш масъулиятини унутмаслик лозим. Бугун дунё оммавий ахборот воситаларида сунъий интеллектнинг судья вазифасида, одам тақдири ҳал қилинадиган кўплаб соҳаларнинг масъул лавозимларида «фаолият» юритаётгани бонг урилмоқда. Нима бўлганда ҳам асосий бошқарув, назорат инсоннинг, инсониятнинг ўзида қолгани маъқул.

Абдураззоқ МУРОДОВ

Exit mobile version