Қашқадарё газетаси Жамият Сургундаги суронли йиллар
Жамият

Сургундаги суронли йиллар

Қашқадарёга оид

Инсон ўз тақдиридан қочиб қутулолмайди. 1906 йилда Россиянинг Приморск вилояти Попова Гора қишлоғида туғилган Югай Ман Ден умрининг сўнгги йилларини Қашқадарёда ўтказиши шунчаки тасодиф эмас ҳар ҳолда.

Югай Ман Ден 1924 йилда Барабаш қишлоғидаги бошланғич мактаб тўртинчи синфини тамомлагач, отасининг шахсий хўжалигида ишлайди.

Сўнг қизил армия сафига чақирилиб, Канскдаги ўқчи дивизиянинг Карелия полкида хизмат қилади. Командирлик курсини тугатгач, Николск-Уссурийскда кичик отряд командири, взвод командири ёрдамчиси сифатида фаолият юритади. Сўнг полк бригадири, взвод командири, 2-даражали кварталмастер техник ходими бўлиб ишлайди.

1937 йилда Самарқанд вилоятидаги махсус посёлкага сургун қилинади. Шундан кейин «Қуёш» артелида қолипчи, Қуйи Чирчиқдаги «Янги ҳаёт» колхозида чорвачилик бригадаси бригадири сифатида ишлайди.

1949 йилда Югай Ман Ден бошчилигидаги бригада 40 гектар майдоннинг ҳар гектаридан ўртача 97,7 центнердан яшил каноп пояси йиғиб олади. Натижада собиқ иттифоқ Олий Кенгаши Президиумининг тегишли фармони билан Социалистик меҳнат қаҳрамони унвони билан тақдирланади.

Югай Ман Ден Қуйи Чирчиқ туманида Молотов номидаги колхозда бригадир, дала экинлари бўлими бошлиғи, қишлоқ кенгаши раиси бўлади.

Унинг ҳаёти шу билан ором топмайди. Кейинчалик Қозоғистондаги Қизил Ўрда вилоятининг турли туманларида шоличилик бригадаси бригадири, бўлим мудири, Сурхондарё вилояти Термиз туманида колхозчи бўлиб ишлайди.

Умрининг сўнгги йилларини эса Қаршида ўтказади ва 1980 йил апрель ойида шу ерда вафот этади.

Exit mobile version