Эътироф
Саҳар, қишлоқ аҳли ҳали уйқудан тўла уйғониб улгурмаган. Яйлов томон узалиб бораётган қўйларнинг майин маъраши эшитилади. Салқин ҳавода сурув ортидан чўпон таёғини уйнатиб, ишонч билан қадам ташлаб бораётган аёлни кўриш мумкин. Бу – «Ғузор қорақўлчилик» масъулияти чекланган жамияти бош чўпони Салима Хуррамова.
Чўпонлик касби одатда эркакларга хос деб қаралади. Бироқ меҳнатга муҳаббат ва ирода бўлса, бу касбда ҳам аёллар муносиб натижаларга эриша олишини Салима Хуррамова ўз ҳаёти ва меҳнати билан исботлаб келмоқда.
У Ғузор туманининг Эшонқудуқ қишлоғида туғилиб ўсган. Болаликданоқ чорвачилик муҳитида улғайган Салима учун бу касб бегона эмас.
– Болалигимдан чорва орасида катта бўлганман, – дейди Салима Хуррамова. – Бобом катта чўпон бўлганлар. Улар чорвага қандай қараш, сурувни қандай асраш кераклигини кўп ўргатар эдилар. Кейин чорвадорлар оиласига турмушга чиқдим. Шу тариқа ҳаётим янада чорвачилик билан боғланди. 2004 йилдан буён бош чўпон сифатида меҳнат қилиб келяпман.
У меҳнат фаолиятини оддий ёрдамчи сифатида бошлаган. Илк йилларда тажрибали чўпонлар билан бирга ишлаб, чорва парваришининг нозик жиҳатларини ўрганди. Сурувни яйловга ҳайдаш, озуқа ва сув таъминотини назорат қилиш, чорванинг саломатлигини кузатиш каби масъулиятли ишлар орқали тажриба орттирди. Йиллар давомида тўпланган тажриба, меҳнатсеварлик ва масъулият уни бош чўпонлик даражасига олиб келди.
Бугунги кунда Салима Хуррамова қарийб 300 бош қўй-қўзиларни парвариш қилиб келмоқда. У ҳар куни саҳар тонгдан иш бошлайди. Сурувни яйловга ҳайдайди, ўзи ҳам ортидан қолмайди.
– Чўпонлик сабр талаб қиладиган касб, – дейди у. – Чорвага меҳр билан қарасангиз, баракаси зиёд бўлади. Мана, натижаси: хўжалигимизда чорва сони йилдан-йилга ортиб, маҳсулдорлик ҳам яхшиланиб бормоқда.
Салима Хуррамова бу соҳада фақат ўзи эмас, балки турмуш ўртоғи билан ҳам елкама-елка туриб меҳнат қилиб келмоқда.
– Бу ишни ёлғиз бажариш қийин, – дейди бош чўпон. – Турмуш ўртоғим ҳамиша ёнимда. Биз бир жамоадек ишлаймиз. Иккита ўғлим олийгоҳда таҳсил олмоқда. Бўш вақтларида улар ҳам бизга ёрдам беришади.
Меҳнатга берилган юксак баҳо инсон ҳаётида унутилмас воқеага айланаркан. Айниқса, бу эътироф давлат даражасида бўлса, унинг қиммати янада ошади. Президентнинг тегишли фармонига асосан 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотланганлар орасида ўзи ҳам борлигини эшитган Салима Хуррамова фидокорона қилинган меҳнат албатта қадр топишига яна бир бор иқрор бўлди. Айнан шу туфайли «Шуҳрат»га эришганидан кўнгли тоғдай кўтарилди.
Ҳамма ҳам бошидан ўтказмаган, чорвачилик – сабр, матонат ва доимий масъулият талаб қиладиган соҳа. Қишнинг қаҳратон совуғи, ёзнинг жазирама иссиғи, саҳарги туман ёки кечқурунги шамол – чўпон ҳаётида буларнинг барчаси одатий ҳол. Ана шундай шароитларда йиллар давомида сидқидилдан меҳнат қилиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди.
– Бу мукофот мен учун катта шараф, – дейди Салима Хуррамова. – Уни аввало жамоамиз ва оиламнинг кўп йиллик меҳнатига берилган баҳо, шу билан бирга қишлоқларда ҳалол кун кечириб келаётган минглаб чорвадорларга бўлган юксак ҳурмат ифодаси деб биламан.
Қуёш ботиб, кун ўрнини қоронғулик қоплай бошлаган чоғда яйлов томонга назар ташласангиз, сурув ортидан секин одимлаб келаётган аёлни кўрасиз. Унинг қадамларида чарчоқ сезилса-да, юзида қониқиш бор. Чунки у яна бир кунни ҳалол меҳнат билан ўтказди…