Жамият

Сўнгги жадид

Адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов жадидчилик ҳаракатининг илк тадқиқотчиларидан бўлмиш Бегали Қосимовга «Сўнгги жадид» дея таъриф берганди.

Қашқадарёга оид

Маълумки, Касби туманидаги Денов қишлоғида Бегали Қосимов уй-музейи бор. Тошкентдан ёки бошқа вилоятдан зиёли, олим кишилар келса, ўша ерга олиб борсангиз, катта қизиқиш билан томоша қилишади, экспонатлар билан танишиб, олимнинг яқинлари билан дилдан суҳбат қуришади. Аммо «Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ» деганларидек, кўп-да ўзимиз бу олимни унутиб қўйгандек, кенг миқёсда тарғиб этмаётгандек, олим илмий меросини ўрганмаётгандекмиз.

Маълумки, Бегали Қосимов «Мирмуҳсин-Фикрий ва унинг адабий муҳити» мавзусида номзодлик (1968), «ХХ аср ўзбек поэзияси (инқилобий шеъриятнинг шаклланиши ва тараққиёти масалалари, 1905-1917 йиллар)» мавзусида докторлик (1984) диссертацияларини ёқлайди. 1986 йилда профессорлик илмий унвонини олади.

Олим матбуотда 1964 йилдан қатнаша бошлаган. 30 дан ортиқ китоби, 400 га яқин илмий мақолалари эълон қилинган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси (1980), Яссавий номидаги халқаро мукофот совриндори (1993), Туркия Отатурк маданият марказининг фахрий аъзоси (1997), Туркия Араштирма (тадқиқот) марказининг мухбир аъзоси (1998), Ўзбекистон Олий аттестация комиссиясида филология бўйича (1998-2002), Республика фан ва техника давлат қўмитасида ижтимоий-гуманитар фанлар (1995-1999) эксперт кенгашлари раиси, Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги филология фанлари бўйича ихтисослашган кенгаш раиси (1995-1996, 2002-2004), Туркистон Яссавий номидаги халқаро университет илмий кенгаши аъзоси, «Маърифат» газетаси, «ЎзМУ хабарлари» журнали, Туркиянинг «Билга», Қозоғистоннинг «Туркология» журналлари таҳририяти аъзоси бўлган.

Олим энг мураккаб давр – ХХ аср боши ўзбек адабиёти муаммолари билан шуғулланган. Ўнлаб шоирлар ижодини ўрганиш жараёнида юзга яқин унутилган ижодкорлар номини тиклаган. «Мирмуҳсин Шермуҳаммедов», «Абдулла Авлоний», «Инқилобий шеърият саҳифалари», «Исёнкор қалб», «Излай-излай топганим…», «Салом келажак», «Маърифат дарғалари», «Революция и литература», «Исмоилбек Гаспрали», «Маслакдошлар», «Миллий уйғониш». «Ўзбек адабиёти ва адабий алоқалари тарихи», «Уйғонган миллат маърифати» каби монография ва рисолалари нашр этилган.

1986 йили биринчи маротаба Навоий антологияси («Навоийнинг нигоҳи тушган…»), «Ватан ва Миллат муқаддасдир» мажмуасини (1996, 2000) тузган. Бобурнинг 1527 йил 4 январда ўғли Комронга ёзган, «Бобурнома»га кирмай қолган хатини топиб, эълон қилган (1980).

Ўрта мактаблар учун янги авлод ўқув  дастури ва дарсликларининг мумтоз адабиёт бўйича раҳбари ва муаллифларидан. Университетлар ва педагогика институтларининг филология факультетлари учун «Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти» дарслигини ёзган.

Бегали Қосимов жадидчилик ва жадид адабиётининг илк тадқиқотчиларидан, етакчи мутахассисларидан саналади. Беҳбудий («Танланган асарлар», 1997, 1999, 2006), Авлоний («Тошкент тонги», 1979; «Ўсон миллат» 1993; икки жилдлик «Танланган асарлар», 1998, 2006), Сиддиқий-Ажзий («танланган асарлар», 1973, 1999), Сидқий Хондайлиқий («Навбаҳор», «Танланган асарлар», 1998), Сўфизода («Танланган асарлар», 2002), Исмоилбек Гаспрали («Ҳаёт ва мамот масаласи», 2006) каби ижодкорларнинг адабий меросини илк марта тўплаб, мукаммал илмий изоҳлар билан нашр эттирди.

Унинг жадидчилик ҳақидаги тадқиқотлари чет элларда ҳам эътибор қозонди, эътироф этилди. АҚШ, Германия, Франция, Туркия, Япония, Россия, Корея, Украина, Афғонистон, Эрон, Қозоғистон, Татаристон, Бошқирдистонда ҳам асарлари чоп этилди, китобларига тақризлар ёзилди.

Олим ўзбек-татар адабий-маданий алоқаларига доир «Итил суви оқа турур…», «Эл суйган шоир»; ўзбек-усмонли алоқаларига оид «Истанбул – ислом бўл демакдир», «Анвар пошшо», «Сафар кундаликлари» сингари асарлар ёзган. М.Горький («Бальзак ҳақида», «М.М.Коцюбинский», «Короленко В.Г.», «С.Есенин», «Ромен Роллан ҳақида», «Пришвин ҳақида», Асарлар, 10-т. 1978), Белинский («Лермонтов шеърлари», «Адабий орзулар», 1977), Исмоил Гаспрали («Муколамаи салотин», «Хотинлар ўлкаси», «Дорур роҳат мусулмонлари», «Оврупо маданиятига танқидий бир назар», «Русия мусулмонлиги», «Маданияти исломия», «Боби олий кўчасига саёҳат» ва бошқалар), Заки Валидий («Туркистоннинг туганмас дарди», «Мустамлака Туркистонда ижтимоий ва фикрий ҳаёт», «Мағжон Жумабой» ва бошқалар)дан, шунингдек, икки жилдлик  «Турк дунёси адабиёти» дарслигини ўзбек  тилига таржима қилган.

Бегали Қосимов 1993 йилдан ўзи асос солган «Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти» кафедраси мудири, ТошДУ ўқув ишлари бўйича проректори (1993-1994), ўзбек филологияси факультети декани (1994-1995) бўлиб ишлади. Ўзбекистон Республикаси фахрий ёрлиғи билан   мукофотланди (1995). 1999 йилда олимга Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби фахрий унвони берилди. 2002 йили   Ўзбекистон Миллий университетининг «Юксак хизматлари учун» медали билан тақдирланди.

Exit mobile version