Қашқадарё газетаси Олам Табиатнинг иқтисодий зарбаси
Олам

Табиатнинг иқтисодий зарбаси

Европанинг катта қисмида кузатилаётган экстремал иссиқ об–ҳаво ва қурғоқчилик жорий йилда ЕИда кутилаётган иқтисодий ўсишни тўлиқ йўққа чиқариши мумкин. Бу ҳақда Spiegel нашри эълон қилган Нидерландиянинг барқарор лойиҳаларни молиялаштиришга ихтисослашган Triodos банки тадқиқотида сўз боради.

Унга кўра, иссиқ туфайли иқтисодиётда юзага келадиган узилишлар Европа  Иттифоқи ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ)ни тахминан 1 фоизга қисқартириши мумкин. Бу қарийб 180 миллиард евро миқдоридаги йўқотишга тенг. Вазиятнинг асосий омили сифатида меҳнат унумдорлигининг пасайиши кўрсатилган бўлиб,  бу ЯИМни 0,6 фоизга камайтиради, деб баҳоланган.

Айниқса қишлоқ хўжалиги катта зарар кўради. Банк прогнозларига кўра, ушбу соҳада ишлаб чиқариш 3-7 фоизга камаяди. Бундан ташқари, иссиқ ҳавонинг оқибатлари озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиши, электр энергиясини ишлаб чиқаришдаги чекловлар ва тарифларнинг кўтарилиши, шунингдек, автомобиль, темирйўл ва ички сув транспорти фаолиятидаги узилишлар билан янада оғирлашади.

Энг катта зарба Францияга тегиши кутилмоқда. У ерда жазирама тўлқинларининг такрорланиши ЯИМни тахминан 1,4 фоизга камайтириши мумкин. Бу эса йил якуни бўйича мамлакат иқтисодиётининг 0,6 фоизлик қисқаришига олиб келади. Италия, Испания ва Бельгия учун ҳам сезиларли иқтисодий йўқотишлар прогноз қилинмоқда. Аномал даражада иссиқ кунлар нисбатан қисқа давом этган мамлакатлар, масалан, Польша камроқ зарар кўради.

Европа Комиссияси 2026 йилда Европа Иттифоқи иқтисодиёти 1,1 фоизга ўсишини прогноз қилган эди. Халқаро Валюта жамғармаси эса евроҳудуд иқтисодиётининг ўсиш истиқболини 0,9 фоиз даражасида баҳолаган.

Exit mobile version