Сараланган сатрлар
Амир Темур шахси, оламгирлик сифати, бунёдкорлик салоҳияти, ҳарб иши, ташқи сиёсати ва дипломатиясига оид асарлар жуда кўп. Маълумотларга қараганда, Соҳибқирон Амир Темур ва унинг авлодлари ҳақида Европа тилларида 500 дан, Шарқ халқлари тилларида эса мингдан ортиқ йирик асарлар яратилган экан. Албатта, уларнинг бари бир хил маълумот такрори эмас. Ҳар бир манба, ҳар битик Соҳибқирон сиймоси ҳақида зарур ахборот беради.
Қуйида таниқли тарихчи олима Шоҳиста Ўлжаеванинг «Амир Темур давлат бошқаруви» китобидан эътиборга молик лавҳаларни сараладик. Мазкур рисола кўплаб манбаларга ҳавола ўлароқ қизғин мутолаага арзийди.
* * *
Соҳибқирон фикрича, ҳукмдорда шаклланган феъл-атвор ҳам муҳим масаладир. Ҳар кимга бир хилда одил кўз билан қарай билиш, аввало, раҳбарларга зарур бўлган энг муҳим сифатдир. У шундай деган: «Мен сифатларимнинг энг аввали деб беғаразликни тушундим. Ҳаммага ҳам бир хил жиддият ва одил қарардим, ҳеч бир кимсани бошқасидан фарқ қилмасдим, бойни камбағалдан устун қўймасдим».
Жаҳонгир фикрича, давлат раҳбари бўлиб ўтган дилхираликларни бутунлай унутиши, ўз фуқароларига нисбатан кек сақламаслиги керак.
* * *
Соҳибқироннинг давлат раҳбари ҳайбати ҳақидаги фикрига кўра, агар оддий бўлиб юрса ва ўзини ҳайбатли тутолмаса, амалдорлар ва халқ ундан чўчимаслиги мумкин. Маълумки, Соҳибқирон халқни қўрқинч ва умид орасида сақлаганлигини кўп бора таъкидлаган. Унингча, фуқаролар, аввало, давлатнинг кучини ва давлат раҳбарининг қудратини сезиши, амалдаги қонунларни бузишдан сақланиши, содир этилган жиноятга жазо муқаррарлигини, жамият олдидаги бурчини англаши керак.
* * *
Бугунги тадқиқотлар Амир Темур давлатининг тараққий топишида аниқ режали кирим-чиқимлар, яъни молия масалаларининг тўғри ташкил этилиши муҳим ўрин тутганлигини кўрсатмоқда. Жаҳонгир фикрича, ана шундагина мамлакатда адолат ўрнатилиши мумкин, чунки хазинанинг собит ушлаб турилиши халқдан ортиқча солиқ йиғилишига сабаб бўлмайди, халқ ортиқча толиқтирилмайди, демакки, оммага зулм қилинмайди.
Соҳибқирон набираси Умар номига битилган нишонда яна шуни таъкидлайди: «Чегараларга ҳаёт синоатлари билан таниш, замона ҳодисалари билан эгизак туғилган ҳушёр, сергак, мардоналикда танилган тажрибали кишиларни қўйсин».
* * *
Амир Темур, Чингизхондан фарқли ўлароқ, ислом ва адолат байроғи остида юришлар уюштирган. Унинг ҳарбий юришлари Чингизхон уюштирган қирғинлардан тубдан фарқ қилади. Агар Чингизхон ўз юришларида бемаъни қирғинлар уюштириб, кўплаб шаҳарларнинг аҳолисини тамомила қириб ташлаган бўлса, Амир Темур ҳарбий ҳаракатларида у ёки бу ҳудудда адолат ўрнатиш, золимларнинг қўлини қирқиш мақсад қилиб қўйилган. Шунда ҳам аввал масалани тинч йўл билан ҳал қилишга уринган. Фақат бу уринишлар зое кетганидагина қилич ишлатган.
* * *
Соҳибқирон нафақат муҳташам иморатлар, ўз даврида катта шов-шувга сабаб бўлган кўчма шаҳар ҳам қурдиради. Испания қиролининг элчиси Руи Гонсалес де Клавихо бу чодирлардан иборат шаҳарга катта ҳайрат билан қараган. Улар бунёдкорлик фаолиятининг ноёб намуналари эди. Руи Гонсалес де Клавихо улардан бирининг сирти олмахон мўйнаси, ичкариси оқ мўйна билан безатилгани, бошқасининг сувсар мўйнаси билан қоплангани ва ичкаридагилар ойнадан ташқарини кўра олишлари, ташқаридагилар эса ичкаридагиларни кўролмаслиги, махсус мослама билан қурилган эшиклар хоналар ичига ёқимли елвизак бериб туриши, улардан ташқарига чиқмай махсус матолардан қурилган йўлаклардан бошқа чодирларга ўтиш мумкинлигини ҳайрат билан ҳикоя қилган.
* * *
Амир Темур салтанатида ёшу қари, эркаклар билан бир қаторда аёллар тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эди. Фикримизга бир мисол келтирмоқчимиз: «Унинг (Амир Темурнинг) сиёсати ўрнатилган кунларда Мовароуннаҳрнинг энг чекка жойларидагина эмас, балки Хитой ва Хўтан чегарасидан Деҳли ва Канбайит атрофларигача, Боб ул-Авбобдан то Миср ва Рум ҳудудигача бўлган ерлардан савдогарлар у ёқда турсин, болалару бева хотинлар ҳам ипак матоли, олтин-кумуш ва энг зариф тижорат молларини келтирадилар ва олиб кетадилар. Ҳеч бир кимса уларнинг бир донига ҳам кўз олайтира олмайди ва бир дирҳамга ҳам зиён етказмайди» (Низомиддин Шомий «Зафарнома»).
* * *
Амир Темур вазирлар танлаш масаласини ҳам муҳим ишлардан бири деб тушунган. У давлат устуни ҳисобланган вазирларни танлашда қуйидаги сифатларни инобатга олган: 1) насл-насаб; 2) ақл-фаросат, юксак маънавий ахлоқ; 3) сергаклик, огоҳлик ва хушмуомалалик; 4) сабр-бардош, тинчликсеварлик. Соҳибқирон шундай фазилат соҳибларигагина давлат ишларини ишониб топшириш мумкин деб ҳисоблаган. Бундай вазирга тўрт имтиёз: ишонч, эътибор, ихтиёр, қудрат берилган.
* * *
Амир Темур салтанатида сипоҳийлар турли синовлардан ўтказилган. Талаб даражасида бўлмаган сипоҳийларга ишдан бўшатишдан аввал икки марта имконият берилган. Мабодо аскар ялқовлик қилиб иш вақтида сусткашликка йўл қўйса, ёзув-чизув ишларига ўтказилган. Иккинчи маротаба ҳам яхши ишламай, хатоликлар қилса, ишдан бўшатилган. Бу ҳақда «Тузуклар»да шундай маълумот бор: «Агар сипоҳийлик ишларида ялқовлик қилган бўлсалар, уларга ёзиш-чизиш билан шуғулланувчилар орасидан иш берилсин. Агар шундан кейин ҳам хатога йўл қўйиб, калтабинлик қилсалар, иккинчи бор хизматга олмасинлар». Соҳибқирон тадбирсиз, лоқайд кишилар жамият учун ҳалокатли деб тушунган.
* * *
Амир Темур тузган маъмурият оддий, ихчам, тезкор ҳаракатланишга мосланган, барча хабарлар тез вақт ичида салтанатнинг барча ерига етиб борган. Жумладан, саройда чиқарилган қарор ва фармонлар муншийлар томонидан дарҳол кўчирилиб, тезда вилоят ва туманларга жўнатилган. Тезкор ахборот алмашинувини таъминлашга эришилган. Бу эса йирик салтанатнинг энг чет жойларида ҳам қонун устуворлигига эришиш имкониятини яратган.
* * *
Амир Темур давлати байроғи ҳақида Л.Керен шундай ёзади: «Амир Темур форсча «рости – русти» – «куч – адолатда» деган шиор битилган уч ҳалқадан иборат байроқни ўзининг туғи этиб белгилади. Ривоятларга қараганда, туғдаги уч доира курраи заминнинг Амир Темур ҳукмронлик қилишни истаган уч қисмини билдирар, мўғул урф-одатлари бўйича эса ўз хўжасига омад келтирувчи сеҳрли белгилардан бири ҳисобланарди». Бизнинг назаримизда, бу уч ҳалқа – само, ер ва сувликни англатган бўлиши ҳам мумкин.
* * *
Ўрнатилган қонунларга, аввало, Амир Темурнинг ўзи амал қилар, оила аъзоларидан ҳам шуни талаб этар эди. Мироншоҳнинг ўғли Халил Султон ботир, жасур, масъулиятли ва тадбиркор амирзода бўлиб, келажакда улуғ давлат ҳукмдорига айланиши мумкин эди. Аммо унинг бир ноқонуний ҳаракати барча режаларини чиппакка чиқарди. Халил Султон амир Сайфиддиннинг канизаги бўлмиш Шодмулк оғога ношаръий уйланиб олиши туфайли оғир жазога буюрилади. Кейинчалик у афв этилди, бироқ унинг адолатли иш юритишига ишонч қолмаган эди. Шу туфайли ҳокимиятни бошқаришдан маҳрум этилди.
* * *
Л.Керен маълумотларига кўра, «Соҳибқирон Амир Темур юришдан қайтганидан сўнг эртаси кундан бошлаб салтанат юмушларига шўнғиб кетди: унинг қаҳри қаттиқлигини билган амалдорлар ва сипоҳийлар қалтираб туришарди. Ўзи узоқ вақт бу ерда бўлиб ўтган воқеалар баёнини диққат билан тинглагач нарх-навонинг ҳаддан ташқари ошиб кетишига йўл қўйган савдогарлар ва айбдорларни дорга остирди. Бева-бечораларга кийим-кечак ва озиқ-овқат улашилди, фуқаролар эса уч йил давомида барча солиқлардан озод қилиндилар».
* * *
Ўша пайтда содир этилган жиноятлар ва уларга берилган жазо усулларини обдан ўрганган олим Ҳерман Вамбери бу ҳақда шундай хулосага келганди: «Темурни Чингиз ила бир сафга қўйиб, уни ваҳший, золим, қароқчи деб атаган кишиларнинг фикрлари икки маротаба хатодир. У, аввало, Осиё саркардаси эди. Ўзининг ғолиб аскарлари ва қуролларидан ўз замонасининг таомилича фойдаланган. Унинг фаолияти, хусусан, душманлари томонидан гуноҳ ҳисобланган ишлари ва урушлари, теранроқ қаралса, жиноятга жазо тарзида қўлланилган. Тўғри, жазо қаттиқ, лекин адолатли бўлган».
* * *
Ҳарбий саркарда М.Иванин: «Ҳали биронта ҳам халқ қўшинини тўғри сафлашни билмай, тартибсиз ва тактик ҳаракатларсиз, фақат ўзидаги жасорат даражаси билан узуқ-юлуқ жанг қилаётган бир пайтда Темурнинг тўғри сафланган, бир неча йўналишдан иборат мунтазам тартиб билан жангга кирувчи, кучли захирага эга бўлган кучли армияси бор эди», деб унинг ҳарбий қўшинига катта баҳо берган эди.
* * *
АҚШ олими Ричард Нелсон: «Темурда жанг пайтида энг зарур пайтда керакли жойда бўла олишдек ажойиб хусусият мавжуд эди. Бу унга душманлари унинг мақсадини ўқиб олишга улгурмасдан ўз вақтида оқилона қарорлар қабул қилиш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш имконини беради. Боз устига, жанг майдонида унинг шахсан иштироки энг оғир дамларда жангчиларини аниқ бўлиб қолган мағлубиятдан кўпинча қутқариб қолган», деб баҳо берган.
* * *
Жан-Пол Ру Амир Темур ва Боязид Елдирим муносабатлари ҳамда улар ўртасида бўлиб ўтган Анқара жангини таҳлил қилган. У усмонлилар армиясининг ўз ҳарбий бошлиқларига Амир Темур қўшини каби мустаҳкам боғланмагани, Боязид Европага юриш қилгани билан ҳарбий ҳаракатлар саҳнасини Амир Темурчалик англаб етмаганлигини алоҳида таъкидлаган. Жаҳонгир Родос рицарларига тегишли салибчи ғайридинлар маскани Смирнани икки ҳафта мобайнида қўлга киритгани, Боязид Елдирим эса ўн икки йил овора бўлиб бу ерни забт эта олмагани, Соҳибқироннинг ҳарбий лаёқати Боязидникидан бир неча баробар устун бўлганлигини кўрсатиб ўтган.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.
