Давра суҳбати
Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакили томонидан Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби юқори синф ўқувчилари иштирокида “Тарих силсиласида инсон қадри” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Омбудсманнинг вилоятдаги вакили Лола Саодатова мамлакатимизда инсон шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, мазкур тамойил Конституция ва қонунларимизда тўлақонли акс этганини қайд этди. Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида юртимизда инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлат сиёсати марказига чиқди. Айниқса, 2017 йилдан бу жараёнлар янги босқичга кўтарилиб, Ҳаракатлар стратегияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия, Тараққиёт стратегияси, “Ўзбекистон-2030” дастури қабул қилинди.
Давра суҳбатида, шунингдек, “инсон қадри” тушунчаси тарих силсиласида турлича қийматга эга бўлгани, хусусан, Иккинчи жаҳон урушининг машъум оқибатлари Инсонга олий яратиқ сифатида қараш кераклигини англатгани таъкидланди.
– Инсон қадри нима? Бу – сизни ҳеч ким камситишга ҳаққи йўқлиги, давлат сизнинг манфаатингиз учун ишлаши, фарзандларингиз сифатли таълим олиши, касал бўлганингизда тиббий ёрдам олишингиз ва кексайганда хор бўлмаслигингиздир, – деди Лола Саодатова. – Қисқача айтганда, инсон қадри – бу одамнинг одамдек яшашидир. Уруш йилларидаги машаққатларни ёдга олиш эса бугунги тинчликнинг нақадар азизлигини, инсон қадрини асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини англатади.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ёшларга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан шараф ленталари ҳам тарқатилди.
Суратларда: давра суҳбатидан лавҳалар.