Қашқадарё газетаси Иқтисодиёт Тармоқсимон полиэтилен ишлаб чиқариш лойиҳасининг биринчи босқичи ишга туширилди
Иқтисодиёт

Тармоқсимон полиэтилен ишлаб чиқариш лойиҳасининг биринчи босқичи ишга туширилди

Маҳаллийлаштириш дастури

Қарши шаҳридаги «Nasaf XCP Techno» қўшма корхонасида йилига 35 минг тонна тармоқсимон полиэтилен ишлаб чиқариш лойиҳасининг дастлабки босқичи амалга оширилди.

Эслатиш жоизки, ушбу қўшма корхона жорий йилнинг февраль ойида Шўртан газ-кимё мажмуаси, Хитойнинг «Yunnan Xinchengpeng Polymer Technology» компанияси ва «Ўзэлтехсаноат» уюшмасига аъзо «Techno Cable Group» масъулияти чекланган жамияти томонидан таъсис этилган эди. Ўшанда мазкур лойиҳа илгари Ўзбекистонга фақат чет элдан олиб келинган  тармоқсимон полиэтилен (PE-X), яъни оддий полиэтиленга нисбатан анча мустаҳкам, эластик ва юқори ҳароратга чидамли бўлган, электр изоляцияси, сув ва газ қувурлари, иситиш тизимлари соҳаларида қўлланиладиган импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилгани ва у орқали ички бозорнинг бу маҳсулотга йиллик 25-30 минг тонналик эҳтиёжи тўлиқ қопланиши маълум қилинганди.

Лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида Қарши шаҳри Батош маҳалласида жойлашган «Nasaf XCP Techno» қўшма корхонасига 3 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестициялар киритилиб, Хитой Халқ Республикасидан замонавий технологиялар олиб келинди ва тармоқсимон полиэтиленнинг ҳосил бўлиши учун зарур бўлган силан хомашёси ишлаб чиқарилди. Айни пайтда Шўртан газ-кимё мажмуасидан етказиб берилаётган полиэтиленни қайта ишлаш орқали тармоқсимон полиэтилен ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

– Дастлабки линияни ишга туширдик, унда силан ёрдамида чокланган (тармоқсимон) полиэтилен компаунди ишлаб чиқарилмоқда, – деди қўшма корхона вакили Таваккал Узоқов «O’zbekiston 24» телеканалига берган интервьюсида. – У асосан 10 киловольтгача кучланишдаги электр кабелларни изоляциялаш учун қўлланилади. Кейинги босқичда 35 киловольтгача кучланишдаги кабеллар изоляцияси учун мўлжалланган компаунд ишлаб чиқариш режамиз бор. Охирги босқичда эса кабелларнинг ўзини ҳам шу ерда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш назарда тутилган. Ҳозирги кунда корхонамизда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси 70 фоизни ташкил этаётган бўлса, келажакда бу кўрсаткични 90-95 фоизга етказишни мўлжаллаяпмиз.

Маълумотларга кўра, қўшма корхонада кейинги босқичларда пероксид хомашёси ва ёнғинга бардошли полиэтилен изоляция компаунди ишлаб чиқариш ҳам режалаштирилган. Умуман олганда, лойиҳанинг амалга оширилиши импорт ҳажмини 30 миллион долларга камайтириш, 65 та янги иш ўрни яратиш ва ички саноат тармоғини мустаҳкамлаш имконини беради.

Ўз мухбиримиз

Exit mobile version