Жанубий Корея ҳукумати компьютер ва ноутбуклар нархлари ўсиши фонида фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун чора-тадбирлар тайёрламоқда. Бунда кам таъминланган таълим олувчиларга ёрдамни кенгайтириш асосий қадамлардан бири бўлади: давлат томонидан уларга бепул компьютер ва ноутбуклар бериш режалаштирилаётир. Бу ҳақда PC Gamer манбаси хабар тарқатган.
Компьютер техникалари нархларининг кескин ўсиши шундай қарор қабул қилинишига сабаб бўлган. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда шахсий компьютерлар учун истеъмол нарх индекси 2025 йил октябрь ойидаги 4,3 фоиздан жорий йил мартда 12,4 фоизгача ошган. Бу эса аҳолининг заиф гуруҳлари ўртасида рақамли нотенгликни кучайтириши мумкин.
Шунингдек, расмийлар оператив хотира, шахсий компьютер ва ноутбуклар бозорлари устидан назоратни кучайтириш, параллель равишда эса техникалардан қайта фойдаланиш дастурини кенгайтиришни режалаштирган. Улар ҳисоб-китобларига кўра, ҳар йили давлат тасарруфида бўлган 80 мингтача компьютер хизмат муддатини ўтаб бўлади ва бундай қурилмаларнинг бир қисмини асосий вазифалар учун қайта тиклаш мумкин бўлса-да, тахминан 22 мингтаси утилизация қилинади.
Бундан ташқари, ҳатто трафик тугаб қолганда ҳам мижозларнинг интернетга уланиш бўйича кичик имкониятини сақлаб қолиш учун мамлакатдаги учта йирик мобиль оператори тарифларини қайта кўриб чиқиш режа қилинган. Бундай чора-тадбирлар 7,17 миллион кишига, аввало 65 ёшдан ошган фуқароларга таъсир қилиши кутилаяпти.