Буюк Британиялик турист Марокашда тиланчи болаларга пул бериб, бу жараённи видеога олгани учун маҳаллий қамоқхонага тушди. Бу ҳақда The Sun манбаси хабар тарқатган.
Маълум бўлишича, 20 ёшли Сэм Раштон акаси Жек билан ушбу мамлакатга дам олиш учун келган. Ўша кунларда кўча айланиб, 15 ёшлар атрофидаги тиланчи болаларга дуч келган. Ўсмирлар ундан озиқ-овқат сотиб олиш учун пул беришини сўрашган. Шундан сўнг турист ижтимоий тармоқлар орқали тиланчи болаларга асосий эҳтиёж маҳсулотлари сотиб олиш мақсадида маблағ йиғишни бошлаган.
Сэм Раштон йиғилган пулларни ҳақиқатан ҳам сўралган ёрдам учун сарфлаганини исботлаш мақсадида хайрия тарқатиш жараёнини видеога олган. Натижада маҳаллий полиция уни мамлакат обрўсига путур етказувчи материалларни тарқатиш, шунингдек, болаларни уларнинг розилигисиз суратга олиш айблови билан ҳибсга олган. Турист бир неча соат қамоқда сақланган. Унинг паспорти ва телефони олиб қўйилиб, хабар қилинишича, бир неча кундан кейин эгасига қайтарилган.
Британиялик юртига қайтиш рухсатини олиш учун тўққиз кун кутган. Бу вақт ичида бир нечта меҳмонхонада тунаган ва якунда ватанига қайтишга муваффақ бўлган.