Айтгим келди
– Амаки, рўмолча олинг, 10 минг сўм.
Қизалоқнинг мўлтираб турган умидвор кўзларига боқаман. Бир кўнглим, «ол», дейди, бир фикримдан қайтгим келади. У норасидани саволларга тута бошлайман.
– Ота-онанг борми?
– Дадам йўқ, – дейди у ва ясама ғамгин қиёфага киради. Бу ҳолати билан кўнглимда унга нисбатан раҳмдиллик туйғуларини уйғотмоқчи бўлади. Ёнимдаги дўстим эса унинг неча ёшлиги, нечанчи синфда ўқишини сўраб қолади.
Тўққиз ёшли қизалоқни, 2-синф ўқувчисини кўчага етаклаб чиққан ташвиш нима? Чиндан ҳам отаси йўқми, онаси оғир хастами? Бошқача бўлса-чи? Бир-бирига қарама-қарши саволлар қаршисида қоламан.
Ўз фарзандининг орзу-умидларга тўла, унутилмас даври бўлган болалигини қурбон қилган, мурғак жонни тирикчилик кўйига ташлаб қўйган кимсалар орамизда борлиги, афсуски, ҳақиқат. Ўзини Диёра деб таништирган бу қизалоқнинг «дугона»лари, тенгқурлари атрофимизда учраб туради.
Авваллари пойтахтда болаларнинг шу каби «тадбиркор»лигини кўп кузатар эдик. Тошкент катта шаҳар. У ерда ижрада яшовчи, зўрға кун кўриб юрган одамлар топилади ва бу ҳолат ривожланиш босқичидаги табиий жараёнлардан биридир. Лекин эндиликда вилоят марказларида, ҳатто туман-шаҳарларда ҳам бундай ҳолатлар кузатилаётгани ҳам бор гап.
Бундан йигирма йиллар аввал чет элда ота-она ва бола ўртасидаги муносабатлар шарқона қадриятларимиздан буткул фарқ қилиши, ота-оналар болаларини, миллионер бўлган тақдирда ҳам, моддий таъминламаслиги, болалар кўча четларида автоуловларни ювиб, баллонларини қорайтириб пул ишлаши ҳақида гаплар оммалашиб қолган эди. Лекин бизда ҳам аҳён-аҳёнда кузатиладиган бундай ҳолатларга ғарбона тажриба сифатида қарамаслик, ҳар бир бола тақдирига миллатнинг, ватаннинг тақдири сифатида қараш ўгити бор. Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг манфаатларини, орзу-умидларини қадрлаш, билим олиши, касб-ҳунарга қизиқишини рағбатлантириш қадриятимизга айланиб кетган эканки, ўзбек фарзандлари орасидан Олимпия чемпионлари, халқаро фан олимпиадалари ғолиблари чиқаётгани ҳар биримизга ғурур бағишлайди. Лекин оқ матога теккан биргина доғ ҳам кўзга ташланади. Шундай экан, ноқобил ўсган фарзанднинг қилғилиғи ҳам ватан ва миллат шаънига қора доғ бўлиб тушиши мумкин.
Халқимизда бир гап бор. Ёш боланинг онгги ёзилмаган варақдек гап. Унга нима ёзиш эса атрофидагиларга боғлиқ. Бугун «тирикчилик кўйидаги болалар» кўчама-кўча тентираб, тамаддихоналару, истироҳат боғларида, гавжум йўлакларда, светафор тагида туриб олиб, турли маҳсулотлар сотишига ёки тиланчилик қилишига наҳот ота-оналар, кенг жамоатчилик бефарқ қараса? Эртага уларнинг ёвуз ниятли кимсалар учун тайёр ўлжа бўлиб қолмаслигига ким кафолат беради?
Мамлакатимизда фаолият юритаётган болалар омбудсмани тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда кўчама-кўча тирикчилик важида умрини ўтказиб юрган ёш болаларни аниқлаш, уларнинг оила ва турмуш шароитини ўрганиш, билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши йўлида жонбозлик кўрсатиш масалаларига янада қатъийроқ ёндашса, нур устига нур бўлар эди.
Баҳодир ҲАЛИМОВ