Қашқадарё газетаси Иқтисодиёт ТОМОРҚА – НАҚД ИМКОНИЯТ
Иқтисодиёт

ТОМОРҚА – НАҚД ИМКОНИЯТ

Томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил қилган ҳолда аҳоли даромадларини ошириш ҳамда камбағал оилалар билан манзилли ишлаш борасида жойларда йўлга қўйилаётган бугунги илғор тажрибаларнинг дастлабки натижалари шуни кўрсатмоқдаки, экин экиш учун бир парча ери бор одам эҳтиёжманд бўлиши мумкин эмас. Фақат бунинг учун унда ишлаши, шунчаки ишлаши эмас, олдига аниқ мақсад қўйиб, самара чиқариш, фойда олишни кўзлаган ҳолда меҳнат қилиши керак.

Аслида бу кўпчилик томорқачилар учун янгилик эмас. Атрофимизда томорқасидан оладиган даромадини саккиз, ҳатто тўққиз хонали сонлар билан ҳисоб-китоб қиладиганлар ҳам талайгина. Уларга эргашиб, бугун ўз эҳтиёжлари учун бўлса-да ҳовлисидаги экин ерларини гуллатиб қўйганлар сони ҳам ортиб бораяпти. Қолаверса, томорқалардан самарали фойдаланиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли тарғибот ишлари, «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида озиқ-овқат экинлари етиштиришни йўлга қўйиш бўйича аҳолига берилаётган амалий ёрдамлар одамларни бир парча ерни ҳам бўш қолдирмай, ундан наф кўришга ундамоқда.     

Қарши шаҳридаги Алишер Навоий маҳалласида яшовчи Азиз Узоқов хонадони томорқасида у ёки бу экинларни асосан оила эҳтиёжи учун экарди. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси кўмагида тижорат банкидан 33 миллион сўм имтиёзли кредит олганидан сўнг 1,5 сотих ерда иссиқхона ташкил қилиб, томорқачиликдан яхшигина даромад оладиган тадбиркорга айланди.     

– Ҳозир иссиқхонамизда помидор ғарқ пишган, – дейди у. – Ҳосилни пешма-пеш териб, харидорларга етказиб бераяпмиз. Томорқада мен банд, оила аъзоларим ҳам кўмакка шай. Ҳар йили уч марта экин экиб, маҳсулот етиштиришга эришаяпмиз. Томчилатиб суғориш технологиясини қўллаганимиз ҳам ишимиз самарадорлигига хизмат қилаяпти.

Азиз Узоқовнинг бу тажрибаси маҳалла аҳли учун томорқадан нафақат ўз эҳтиёжлари учун, балки қўшимча даромад манбаи сифатида ҳам фойдаланиш мумкинлигини исботлаган ёрқин намуна бўлди.

– Аҳоли нафақат томорқасини бўш қолдирмаслик, балки бунда илғор тажриба ва технологиялардан фойдаланиб, турли ноанъанавий экинлар етиштиришга ҳам астойдил киришган, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Шоҳрух Раҳмонов. – Мутахассис ва агрономлар, илғор томорқачилар билан ҳамкорликда ўқув машғулотлари, семинарлар ташкил этилиб, оилаларга иссиқхона ва очиқ ерларда экин парваришлашнинг ўзига хос жиҳатлари,  илмий-амалий асосларда кўрсатиб берилмоқда. Янги экиш усуллари ва суғориш методлари ҳақида маълумотлар берилиб, томорқачиларни сифатли уруғлик ва ўғитлар билан таъминлашга, етиштирган маҳсулотларини сотишга кўмаклашилмоқда.

Боқимандалик кайфиятини ўзига юқтирмаган тирик жон борки, яхши яшаш учун доим ҳаракатда бўлади, интилади, имконият излайди. Бунда, агар бўлса, томорқа ҳам нақд имконият саналади. Маълумотларга кўра, вилоятимиз бўйича 612 мингта хонадонда 66 минг гектар томорқа ерлари мавжуд. Бу шунча оилада аввало ўз рўзғорига файзу барака киритиш, қўшимча даромад топиш имконияти бор дегани. Бироқ бу улкан имконият афсуски ҳали тўла ишга солинмаган. Шу боис Президентнинг шу йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойишига асосан 11 мартдан «долзарб бир ойлик» сафарбарлиги  эълон қилиниб, унинг доирасида маҳаллаларда 29 мингта кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва ҳунармандчилик лойиҳаларини амалга ошириш, зарур қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарни етказиб бериш;

аҳоли хонадонларига 1,23 миллион бош парранда, 24 минг оила асалари ва 21 минг бош қўй-эчки ва қорамол етказиб бериш;

400 минг гектар аҳоли томорқаларида ҳамда 180 минг гектар ижара ер майдонларида сабзавот, полиз, картошка, дуккакли ва бошқа сердаромад экинларни экиш мақсад қилинган ва жойларда бу борадаги ишлар давом этмоқда.

Ўз мухбиримиз

Exit mobile version