Ёшларда тўсатдан карлик пайдо бўлиши омилларига қулоқчинлар ёрдамида баланд овозда мусиқа тинглашдан ташқари, тунги бедорлик ва ёғли овқатлар истеъмоли, шунингдек, замонавий ҳаётнинг бошқа жиҳатлари таъсири ҳам киради. Бу ҳақда Sohu портали маълум қилган.
Эшитиш қобилиятининг бирдан уч кунгача йўқолиши тўсатдан карлик дейилади. Уйқудан уйғонганда қулоқлар битгани ва эшитиш даражаси пастлиги унинг аломатларидан бири саналади. Қулоқ ичида қон айланишининг бузилиши тўсатдан карликка олиб келадиган сабаблардан биридир. Ундаги қон томирчалари кичиклиги ва тиқин ҳамда қисилишга чидамсизлиги билан ажралиб туради.
Ёғли овқатлар, узоқ вақт қулоқчин тақиб юриш ва уйқуга ётишни кечиктириш ушбу томирчаларнинг тезроқ ишдан чиқишига олиб келади. Бундан ташқари, яқинда ўтказилган шамоллаш ва грипп ҳам эшитиш қобилияти пасайиши омили бўлиши мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 65 ёшдан катта ҳар учинчи одам эшитиш қобилияти йўқолишидан азият чекади.
