Қашқадарё газетаси Маънавият ТУШУНАРЛИ ВА ҚОНУНЛАРГА БЎЙСУНАДИГАН ДУНЁ ТОБОРА  ПАРЧАЛАНИБ БОРМОҚДА
Маънавият

ТУШУНАРЛИ ВА ҚОНУНЛАРГА БЎЙСУНАДИГАН ДУНЁ ТОБОРА  ПАРЧАЛАНИБ БОРМОҚДА

Сараланган сатрлар

Инглиз ёзувчиси, 1983 йилда адабиёт соҳасида Нобел мукофоти билан тақдирланган Уильям Голдинг қаламига мансуб “Пашшалар ҳукмдори” романи ўз даврида тақиқланган асарлар рўйхатига киритилган.

Маълумотларга кўра, асар дастлаб йигирма бир нашриёт томонидан рад қилиниб, жузъий қисқартиришлар билан нашр этилгандан сўнг ҳам у қадар оммалашмаган. Аммо ўтган аср 60-йиллари бошида у энг кўп сотиладиган китоблардан бирига айланади. “Пашшалар ҳукмдори” инглиз тилидаги 100 та энг яхши роман, ХХ асрнинг мунозарали китоблари рўйхатига киритилади.

Хўш, асарнинг бу қадар шуҳрат қозонишига сабаб нима? Нега у дастлаб эътироф этилмади-ю, вақт ўтиб адабиёт соҳасидаги энг нуфузли мукофотга муносиб кўрилди?

Романда самолёт ҳалокатидан сўнг кимсасиз оролга тушиб қолган бир гуруҳ болалар ҳақида ҳикоя қилинади. Дастлаб улар ўзларига сардор сайлашади, ўзига хос қонун-қоидалар жорий этилади. Гулхан ёқиб, ишора бериш ва шу орқали катталарнинг қутқаришини кутишади. Аммо маълум вақтдан сўнг болалар ўртасида бўлиниш юз бериб, овчилар гуруҳи ажралиб чиқади ва аввалги сардорни ўлдиришга қарор қилишади.

Голдинг романда инсон табиати, яхшилик ва ёвузлик, цивилизация ва ваҳшийлик, қўрқув ҳамда ҳокимият масалаларига эътибор қаратади. Асар тўлалигича рамзий маънода бўлиб, ҳар бир қаҳрамон, ҳар бир буюм (бурғу, махлуқ, қуёш, денгиз, қоя ва ҳоказо) рамзий ифода касб этади.

Голдинг Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, инсониятнинг бемисл ваҳшийликларига гувоҳ бўлган, адибнинг хулоса қилишича, ёвузлик ҳатто болаларга ҳам бегона эмас. Бинобарин, асарда сўйилган тўнғиз боши учун Саймон исмли болани қурбон қилинса, сўнг бошқалардан кўра ақлли бўлган Пиггининг устидан тош юмалатиб қатл қилинади.

Роман асосида бир неча бор бадиий филъмлар суратга олинган.

Жаҳон адабиётининг энг сара намуналаридан бири бўлмиш “Пашшалар ҳукмдори”ни Сиз ҳам ўқиб кўринг.

*  *  *

Бу шунчаки ҳиссиёт, холос. Лекин ов қилмаётгандек, аксинча, сени овлашаётгандек сезасан ўзингни. Чакалакзорда кимдир ортингдан пойлаётгандек туюлади…

*  *  *

Қоқ тушда ғаройиб воқеалар бошланади. Мавж урган денгиз сатҳи кўтарилиб, дафъатан тасаввурга сиғмас даражада қоқ ўртадан ажралади; маржон рифлари турган жойидан юксалиб, ўрмон четидаги дўнгликда ўсган пастак палмалар эса илдизидан суғурилади ва осмонга кўтарилади; улар симда титраб турган ёмғир томчиларидек ёхуд қалашиб ётган кўзгулардаги ғалати тасвирдек осмонда муаллақ сузиб юради. Ер бўлмаган жойларда энди ер кўринар, баайни совун пуфагидек болалар кўз ўнгида бир зум кўриниш берарди.

Пигги кўп нарсани биларди, у ушбу ҳодисаларнинг шунчаки сароб эканини тушунтириб берди.

*  *  *

Рожер энгашиб, тошлардан бирини олди-да, Ҳенрига отди. Бироқ мўлжалга теккизолмади. Йиллар шамолида кўкариб, синиб кетган тош Ҳенридан чамаси бир ярим метрча нарида сувга шалоплаб тушди. Рожер яна тош тўплаб, бирма-бир ота бошлади. Бироқ уларни Ҳенри ўйнаётган жойга яқин отишга юраги бетламасди.

Чунки уни ҳамон кўзга кўринмас, бироқ кучини сира йўқотмаган эски ҳаётнинг тақиқлари ўз измида тутиб турарди. Чўнқайиб ўтирган бола ота-она, мактаб, полисия ва қонун ҳимоясида эди. Рожернинг қўллари эса унинг мавжудлигидан бехабар ва айни дамда вайрон бўлган тамаддун қоидалари томонидан бошқарилаётганди.

*  *  *

Қўлида қонли пичоқ тутган Жак ўрнидан турди. Булар иккови юзма-юз туриб қолди. Ов, тактика, ҳаяжон, маҳоратнинг ялтироқ дунёси билан соғинч, армон ҳамда соғлом фикр дунёси тўқнашди.

*  *  *

Агар устидан ёхуд остидан нур тушишига қараб одамнинг юзи ўзгариб кетадиган бўлса, унда юзнинг моҳияти нима? Аслида, нарсаларнинг моҳияти нимадан иборат ўзи?

*  *  *

Сардор бўлганингдан кейин фикрлай олишинг, оқил-у доно бўлишинг керак. Тўғри қарор қабул қилмасанг, имкониятни бир зумда бой берасан. Бу хавф эса сени ўйлашга мажбур қилади. Фикр – қимматли нарса, чунки у натижа беради.

*  *  *

Муҳим гапинг бўлса, уни ҳамма тушуниши учун камида икки маротаба такрорлашинг лозим.

*  *  *

Ҳар дарднинг давоси бор, ҳатто онгингиз ичида ҳам. Биз мудом нимадандир қўрқиб яшашимиз керак эмас. Ҳаёт илмий жараёндир.

*  *  *

Бир муддат сайҳонтош баҳс-мунозара ҳамда қимирлаётган соялар маконига айланди. Сардор ғўласида индамай ўтирган Ралфнинг назарида, бу оммавий ақлдан озишнинг аломати эди. Қўрқув, махлуқ, гулханнинг аҳамиятини тушунмаслик… Кимдир бирор муаммони ҳал қилмоқчи бўлса, баҳс бошланиб кетади ва бошқа бир янги, янада ёқимсиз муаммо ошкор бўлади.

*  *  *

Тушунарли ва қонунларга бўйсу-надиган дунё тобора парчаланиб бормоқда эди.

*  *  *

Биз киммиз ўзи? Одамми? Ҳайвонми? Ёввойилар тўдасими? Катталар олдида нима деган одам бўламиз? Дайдиб, тўнғиз овлаб, ўрмонга ўт қўйиб… Хўш, энди-чи?

*  *  *

Кимдандир қўрқсанг, уни ёмон кўрасан, лекин у ҳақда ўйлашни бас қилолмайсан.

*  *  *

Тўлқинларнинг узунлиги бир неча милга чўзилиб кетган, афтидан, соҳил бўйидаги саёзликка қадар улар ҳеч қандай тўсиққа учрамайди. Улар орол томон шиддат билан бостириб келаётган бўлса ҳам, гўё уни менсимаётгандек, бошқа муҳим иш билан банддек кўринарди.

Аслида, бу узундан-узоқ ва доимий жараён уммоннинг улуғвор кўтарилиши ва пастлаши эди. Мана, ҳозир, катта тўлқин ортга қайтган заҳоти сув сатҳи бирдан пасайиб, орқага оқа бошлаган сувдан гирдоб ва шоввалар пайдо бўлади. Ва улар бирдан очилиб қолган яланғоч тошларга ялтироқ сувўтларини қиз боланинг сочидек қилиб ёпиштиради. Кейин харсанглар ортига сингиб кетади.

Сўнг ўша ерда бир зум тин олиб, тўпланиб, куч тўплаб, гумбурлаб, бирданига тошлар орасидан юқорига отилиб чиқади; тўлқиннинг энг баланд учи алвастининг бармоқларидай чўзилиб, кичик қояга ўрлайди ва сўнгги нафасда майда томчиларга, йўқ, зарраларга айланиб кетади.

Тўлқин кетидан тўлқин келишини томоша қилиб ўтирган Ралфнинг мияси денгизнинг лоқайд ва мунтазам бераҳмлигидан карахт ҳолга келди.

*  *  *

Бу ер – уларни оламдан ажратиб турган тўсиқ. Кун тикка келганда сароб пайдо бўладиган, сокин кўрфаз ҳимоялаб турган нариги соҳилда ўтириб катталар қутқариши ҳақида орзу қилиш мумкин. Бу қирғоқда эса уммоннинг шафқатсиз бемаънилиги билан юзма-юз келасан, оламдан сени минглаб мил масофа ажратиб турганини англайсан ва ўзингни қопқонга тушиб қолгандек ҳис қиласан. Нажотсиз маҳкум…

*  *  *

Энг буюк ғоялар энг содда ғоялардир.

*  *  *

Ниқоб остида уят ва виждон азобидан қўрқмаса ҳам бўлаверади.

*  *  *

Унинг хаёли ёввойилик бутунлай тақиқланган маданиятли шаҳарча масаласига кўчди. Чироқлар ва ғилдираклар тўлиб-тошган автобус бекатидан ҳам бехавотир жой борми?

*  *  *

Шарт туриб, уларнинг олдига борса, ярашгани келдим деб енгил кулиб, улар билан бирга ухласа нима бўлади? Уларни оддий болалар, хўп бўлади, устоз, дейдиган, бошларига қалпоқ киядиган мактаб ўқувчиларидек тасаввур қилса-чи? Кундузи бу саволга ҳа деган жавоб бўлиши мумкин эди, аммо зулмат ва ўлим даҳшати ҳозир йўқ деган жавобни берди. Тун зулмати ичра ёлғиз ётар экан, ўзининг ҳайдалган одам эканини ҳис қилди.

– Бунга сабаб – мен эсимни еганим йўқ.

*  *  *

Оролда дастлабки пайтларда ҳукм сурган ғалати кўтаринкилик хаёлида гавдаланди. Энди бўлса орол ёниб битган гулханни эслатарди. Саймон ўлди, Жак уни… Ралфнинг кўзларидан шашқатор ёш оқа бошлади, елкалари силкинди.

Оролга келганидан буён биринчи марта кўзёшларини тийиб ўтирмади. Қайғунинг улкан, титроқ тўлқинлари бутун вужудини емираётганди. Унинг йиғиси орол узра таралиб, тутун қоплаган осмонга ёйилди. Бундан таъсирланган бошқа болалар ҳам ҳўнграб йиғлашга тушишди.

Уларнинг ўртасида турган, бадани кир-чир, сочлари пахмайган, бурни оқиб кетган Ралф бой берилган поклик, инсон қалбидаги зулмат, ҳақиқатнинг инқирозига, Пигги исмли донишманд дўстига мотам тутаётганди.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Exit mobile version