Дунёдаги энг кекса амалдаги давлат раҳбари ҳисобланган 92 ёшли Поль Бийя Камерун президенти лавозимига яна ўз номзодини қўяди. Бу ҳақдаги хабар унинг X ижтимоий тармоғидаги расмий аккаунтида эълон қилинган.
Қария амалдор жорий йилнинг 12 октябрь санасида бўлиб ўтиши белгиланган президент сайловида номзод эканлигини маълум қилган. У мамлакат фуқароларига мурожаат этар экан, уларни ўзининг халқ манфаатларига хизмат қилиш қатъиятига шубҳа қилмасликка чақирган.
Поль Бийя ўзидан олдинги ва айни пайтда Камеруннинг биринчи президенти саналувчи Аҳмад Ахижо 1982 йилда саломатлиги туфайли истеъфога чиққанидан буён мамлакатни узлуксиз бошқариб келмоқда. У умумий ҳисобда етти марта давлат раҳбари лавозимига сайланган.
Маълумот учун, Камерунда президент ваколат муддати қайта сайланиш имконияти чекланмаган ҳолда етти йилни ташкил этади.