Сараланган сатрлар
Юртимизнинг машҳур файласуфларидан бири Виктор Алимасов китобларини ўқиркансиз, кўҳна донишмандларнинг қарашларию, олам ва одам хусусидаги теран фикрларни кўп учратасиз. Айрим фикрлар қаршисида ўқувчининг дабдурустдан довдираб қолиши-да бор гап. Қолаверса, муаллиф фалон донишманд айтган экан, деб унинг фикрларига кўр-кўрона эргашиб кетавермайди, ўз қарашини, қаричини ифода этади. Ўқувчини-да ўйлашга, фикр юритишга ундайди. Фикрлаётган одамгина одамдир, деган ҳақиқат акс этиб туради унинг битикларида.
Аслида ҳаммаям фикрлайди, ниманингдир ўйида юради. Ҳамма гап, муаммо шундаки, ким нимани ўйлаяпти? Ким ниманинг дардида юрибди? Кимдир амал, бойлик, мансаб дардида талвасага тушган бўлса, кимдир ўзгаларга ўзини кўрсатиш васвасасига учраган. Яна кимдир илм қайғусида, бошқа биров дунё ва охират ғамида кунларини ўтказаётир. Ана шу ўй, маслак инсоннинг кимлигини, борар манзилини кўрсатиб беради, десак, асло муболаға эмас.
Бугун эътиборингизга Виктор Алимасовнинг “Фалсафа ёхуд фикрлаш лаззати” китобидан иқтибослар келтирамизки, асарни тўла мутолаа этишга ва дунёни янги назарда кўришга интилишингизга умид қиламиз.
* * *
Одам зоти аслида қарздор бўлиб туғилган. Юрагингизни севинч ёки ўкинчга тўлдириб томирларингизда оқаётган қон ҳам, дилингизни тўлдирган илоҳий ёки илҳодий шуур ҳам, тилингизни анис ёки аниф, қаддингизни алиф ё дол этувчи қувват ҳам қарзга берилган. Нима ўзингизники-ю, нима ўзганики – тополмайсиз. Ақли зойиллар бу тилсимот ҳақида ўйламайди, бу – уларнинг закийлиги; ақли қойиллар эса замирига етолмайди, бу – уларнинг заифлиги. Аммо икки тоифа ҳам тавба деб тан олади: умрнинг ўзи қарзга берилган.
* * *
Икки ўринда инсон ақли лол: биринчиси – келмиш олдида, иккинчиси – кетмиш олдида. Одам йиғлаб келади ва йиғлаб кетади, гўёки, у кимларнингдир қарзларини кўз ёшларим билан узаман, деб бу дунёга келгандай…
* * *
Ўтганларни ёдламоқ ўтганлар учун эмас, қолганлар учун зарур. Ўтганлардан устоз тополмаган – қолганлардан ҳам тополмайди.
* * *
Сенека: “Кўп умр кўришингиз – тақдир қўлида, қарзсиз яшашингиз – ўз ихтиёрингизда. Йиққанларингиз эмас, сочганларингиз боқийдир”, дейди. Қалбингиздагини сочиб, қалбингизни топасиз, умрингиздан кечиб умрингизни. Аммо ҳеч ким сиздан бундай фидойиликни талаб қилмайди. Тақдирнинг ғаройиб фазилати шундаки, ҳамма сочган ва кечганларингизга қараб ҳукм чиқаради. Яратган ҳам. Боқий маконингиз жаннатми-дўзах экани сочган ва кечганларингизга боғлиқ.
* * *
Олмон файласуфи Шопенгауер бундай деган экан: “Киши қирқ ёшигача роман ёзади, қирқидан кейин эса унга изоҳлар”. Бу гапга қўшилмай илож йўқ, лекин кўнгилни бир нарса ўртайди: қолган умр изоҳ ёзишга етармикин?..
* * *
Кишилар ўзига ишончни йўқотганларидан сўнг сохта даҳолар кетидан эргашишга мажбур бўладилар. Шубҳасиз, давр сохта даҳоларни кўзгу юзидаги ғубордек супуриб ташлайди, бироқ улар қолдирган асоратлар беиз кетмайди. Бу асоратлар мозий токчаларида пайт пойлаб ётади. Қулай фурсат келиши билан қайта жонланади ва соддадил кишилар онгини қайтадан заҳарлаб, уларни бахтиқароликка гирифтор этади. Кишилар ҳақни айтишга, ҳақни севишга, ҳақ учун курашишга интилмагунча ўз кучига ишонч ҳосил қилмайди, демак, сохта даҳолар уларни бебахтлик сари етаклайверади.
* * *
Уйқу ҳам умр. Минг афсуски, унда бахт кўпми ёки бадбахтлик – ҳеч кимса айтиб беролмайди. Сюрреалист Бюнюэл эса бундай деган экан: “Уйқусида бахтиёр бўлолмаган одам уйғоқлигида ҳам бахтиёр эмас”. Қизиқ, уйқудаги бахтнинг мезони қандай экан?
* * *
Фрейд, ўзини ўзи ўлдиришга жазм қилган киши бир пайтлар кимгадир ўлим тилаган бўлади, деган. Бунинг қанчалик тўғри эканини билмадиму, аммо бахтиқароларнинг қачонлардир бировга бахтиқаролик тилагани бор гап.
* * *
Шу пайтгача вақтнинг қадрига етганни ҳам, бахтнинг қадрига етганни ҳам учратмадим. Эҳ-ҳе, одам умрини неларга сарф этмайди?! Агар барини ҳисоб-китоб қилиб чиқсангиз борми, энг ақлли зот – инсон деган нақлга ишонмай қўясиз.
* * *
Тирикликнинг ўзи тенгсиз бахт, бироқ бахт тўғрисида гап кетганда уни ҳеч ким тилга олмайди.
* * *
Камолот чўққиси назокату нафосатдами? Муссолини ва Гитлер ҳам гўзалликка бефарқ қарашмаган. Бепоён само ва баҳузур сабо, кўм-кўк ястанган адир ва ҳил-ҳил етилган самар, гўдак нигоҳидаги саодат ва солиҳа чеҳрасидаги сабоҳат, ҳатто тирикликнинг, яшашнинг ўзи бебаҳо назокату нафосат эмасми? Бўлмаса нега, Муссолини ва Гитлерни қўя турайлик, замини бир, эътиқоди бир, эли бир, ҳатто миллати, тили бир ақраболар бир-бирини беаёв маҳв этгани этган? Йўқ, “гўзалликнинг оламни қутқаришига” ҳали эрта. Эрта. Одамни қутқаришига ҳам. Аксинча, унинг ўзи халоскорга муҳтож.
* * *
Кеча ахлоқимиз негизи “меҳнат қилдим” эди, бугун эса “пул қилдим”. Кеча меҳнат қилганлар қабулимиз тўрида ва қалбимиз қўрида эди, бугун – пул қилганлар. Замонга қараб турланадиган бесабот ахлоқ эса камолотга элтолмайди.
* * *
Одам ўз “мен”ини касб-корда, жамиятдаги муносабатларида ва ботиний изланишларида топади.
Ҳозир дунёда ўттиз мингдан зиёд касб-кор бор. Улар устига ҳар йили беш юзга яқини қўшилади. Хўш, улардан қайси бири одамга “мен”ини топишга ёрдам беради? Аниқ жавоб йўқ. Чунки ҳар кимнинг иқтидори бошқа. Ҳаётий маслаги бошқа. Аммо бир нарса аниқ: севмаган касб билан шуғулланиш севмаган аёл билан бир умр яшашдек азоб. Киши ҳаёт талабини ўз маслаги сифатида қабул қилсагина, жамият билан шахс, шахс билан касб-кор ўртасида мураттаблик юзага келади.
* * *
Парвардигор одамга уч хислатни – шукур, зикр ва фикрни ато этган. Зеро, Шарқ ҳар доим руҳий камолот ва жасоратга интилгани боис то ҳозирга қадар моддий дунёга сиғинадиган Ғарб учун мавҳум, “нозик масала” бўлиб келади.
* * *
Комил инсонга хос фазилатларни кимдир ватанпарварликда, адолатпарварлик ва халқпарварликда, кимдир меҳнатсеварликда, яхши хулқ-атворда, яна кимдир эл-юрт ташвиши билан яшашда, каттани ҳурмат, кичикни иззат қилишда, меҳр-оқибатли, илм-маърифатли бўлишда, деб билади. Шубҳасиз, баркамол инсон учун бу хислатларнинг барчаси муҳим. Бу жамики халқларнинг узоқ тарихий тажрибасидан келиб чиққан ҳақиқат. Ф.Нисше шуни назарда тутиб: “Биз ўтмишга занжирбандмиз, қаерга чопсак, тарих занжири ҳам биз билан бирга чопади”, – деган эди. Ньютондан: “Сиз ажойиб кашфиётларга қандай эришдингиз?”, деб сўрашганида, у: “Мен буюк аждодлар елкасида ўтиргандим”, деб жавоб берган экан.
* * *
Гўзаллик – ноёб нарса. Унинг қадрловчилари кам, аммо истовчилари кўп. Қадрловчиларда у ҳавас уйғотади, истовчиларда – ҳасад. Ҳавас ижодга ундайди, ҳасад – нафратга.
* * *
Барча даҳоларга бир хислат хос, ё оламни, ё одамни қутқариш ўйи билан яшаш. Улар назарида дунё тескари қурилган, шу боис одам қилмишларида гуноҳ кўп, нидо кўп. Лекин улардан қутулиш йўллари мавжуд, у – халоскорнинг юраги ва тилагида.
* * *
Шоир зоти ёзилган ва ёзилмаган мисралар, топилган ва топилмаган қофиялар ўртасида сарсон яшайди. У, Гарсиа Лорка ибораси билан айтганда, ҳар бир қофияни юрак қаъридан ситиб олгунча қидиради, ҳукмни эса бошқалар чиқаради.
* * *
Ўкинч – изтироб, дард. Кишининг рўёбга чиқмаган орзулари, дилидан ўчмаган истаклари, тубига етолмаган фикрлари боис уйғонадиган дард. Бу дарднинг қанотлари темирдан. Томирлари ҳам. Кун чиқаверади ва ботаверади. Ҳаёт, умр ўтаверади. Улар кишининг орзуларига, фикру хаёлларига бефарқ, аммо ушалмаган орзулар, улар қолдирган асорат беиз ўтмайди. Уларнинг ўкинчи ўтмайди. Улар темир қанотларига ўраб умр бўйи эзади одамни. Агар бир кун 1440 дақиқадан иборат бўлса, унинг 40 дақиқаси севинчники, қолганлари ўкинчники. Бу руҳшунос олимларнинг ҳисоб-китоби. Нега шундай? Одамнинг ушалмайдиган орзулари кўпми? Ҳамма орзулари ҳам ушалавермайди, одам буни яхши билади. Одамнинг имкони, қудрати камми? Аксинча, сайёрада ундан ўзга қудратли мавжудот йўқ. Ақли қисқами ёки хаёли? Йўқ, у ақли туфайли оламга ҳукмрон, хаёли туфайли келажакка. Бўлмаса нега одам умрига ўкинч ҳукмрон? Одам ҳали нафосатни туйишни, муҳаббатни суйишни одат қилмади. Ўрганмади. Қодири мутлақ ўз вужудидан Руҳни, одам руҳини ажратган, унга нафосатни, муҳаббатни ва суйиш хислатини ато этган. Унинг назарида одам ўкинч орқали нафосат ва муҳаббатга етиши зарур эди. Минг афсуски, одам ўкинчни енгиб ўтолмади, унга банди бўлиб қолди.
* * *
Табиийки, ҳаммага маълум сирдан номаълум сирни, ҳаммага маълум мақсаддан номаълум мақсадни излашга мойил қалб учун танҳоликдан, сукутдан ўзга қулай нажот йўқ. Аммо гап танҳоликнинг, сукутнинг ўзида эмас. Гап – танҳоликдаги, сукутдаги изланишда. Изланишнинг ўзи – сир, изланишнинг ўзи мақсад. Танҳолик ва сукут унга барқарор макон. Сирга, мақсадга айланган ижод қалбга ором бермайди, бемақсад умрни мақсад билан, бемаслак дилни маслак билан, бефикр хаёлни фикр билан тўлдиради; у одамни борлиқдан ҳам боқийроқ, кенгликдан ҳам кенгроқ, қодирдан ҳам қодирроқ бир иқдни топишга ундайди. Акс ҳолда, менга айтинг-чи, тожу салтанатлар пойида ётса ҳам, бутун мавжудот унинг ҳукмига илҳақ бўлса ҳам одам тағин кимларнидир исташини қандай фаҳм этса бўлади?
* * *
Файласуф кўча тозалаётган фаррошга дебди:
– Сенга ачинаман, ишинг жуда қийин ва ифлос.
– Раҳмат, афандим, – дебди тавозе билан фаррош. – Сиз ўзингиз нима билан шуғулланасиз?
– Мен файласуфман. Одамлар тафаккурини, қалбини тозалайман.
Фаррош илжайиб дебди:
– Мен сизга ачинаман…
Аччиқ сўзлар. Аммо очиқ сўзлар. Улар тагида донишманднинг қисмати яширинган. Донишманднинг севинч ва ўкинчлари ҳам.
БЕКЗОД тайёрлади.