Қашқадарё газетаси Маънавият У ЎЛМАГАН ВА АСЛО ЎЛМАЙДИ!
Маънавият

У ЎЛМАГАН ВА АСЛО ЎЛМАЙДИ!

ХХ аср ўзбек адабиётининг йирик намояндаси, атоқли адиб, шоир, олим, давлат ва жамоат арбоби Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек “Қутлуғ қон”, “Навоий”, “Улуғ йўл”, “Олтин водийдан шабадалар”, “Қуёш қораймас” каби романлари билан китобхонлар меҳрини қозонган. Унинг адабий мероси 20 жилдни ташкил этади. Ўзбек китобхони Пушкиннинг “Эвгений Онегин” шеърий романи, Лермонтовнинг “Маскарад”, “Молернинг “Тартюф” драмаси, шунингдек, антик адабиёти намуналарини Ойбек таржимасида ўқишга муяссар бўлган.

Ойбек 38 ёшида академик бўлган, яъни 1943 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясига ҳақиқий аъзо этиб сайланган ва 1950 йилгача академияда ижтимоий фанлар бўлими раиси лавозимида фаолият юритган.

Унинг турмуш ўртоғи Зарифа Саидносирова эса биринчи ўзбек кимёгар олимаси, биринчи ўзбек рассом қизи саналади. Отаси Саидносир Миржалилов жадидлардан бўлиб, қатағон қилинган.

Ойбек ва Зарифа Саидносирова қийин давр ва шароитда яшашган, улар умрининг энг гуллаган дамлари очарчилик, 1937-1938 йиллар қирғини, Иккинчи жаҳон уруши,  50-йиллар бошидаги Сталин қатағони билан ёнма-ён, ҳамнафас кечган. Шундай бўлса-да, бу улуғ инсонлар оилага садоқат, муҳаббат туйғуларини янада юксакка кўтаришган, чинакам инсонийлигини намоён этишган.

Ҳозир ҳамма шароитга эга, эгни бут, қорни тўқ бўлгани ҳолда арзимаган сабаблар туфайли ажрашиб кетаётган калтафаҳмлар Зарифа Саидносированинг “Ойбегим менинг” китобини ўқиб чиқишганида, эҳтимол кўп оилаларга дарз етмаган, фарзандлар тирик етимга айланмаган бўлармиди…

Сараланган сатрлар

*  *  *

Муҳаммад Назар – ойимнинг дадаси. У шаҳрисабзлик бой оиладан бўлган. Отадан ёшлигида етим қолиб, амакисининг қўлида яшаган. Амакиси эса золимроқ одам бўлгани учун бобом ёш йигитча пайтида Шаҳрисабздан бош олиб чиқиб кетган. У Туркистон бозорига ўтин келтириб сотувчи деҳқонларга қарашган. Кейинчалик 5-10 танга ақча жамлаб, ўтинни ўзи олиб сота бошлаган ва кичик баққолга айланган.

*  *  *

Боболаримнинг энг улуғи – Саидаҳмад Туркистоннинг раиси бўлган. Кўзлари кўк бўлганидан “Кўккўз раис” деб атаганлар уни. У ҳамиша қўлида дарра олиб юрар экан. У бир куни кўчада икки кишини тўхтатиб, биридан: “Намозгарни ўқидингми?” деб сўраган. “Тақсир, ўқидим”, жавоб берган қўлларини кўксига қўйиб у киши.

– Неча ракат?

– Тақсир, ўн ракат, – жавоб берган қўрқа-писа.

Кўккўз раис дарра билан дўппослаб кетган уни.

Шериги орқада икки қўлини ёйиб, олти бармоғи ила ишорат қилар, калтак еган киши эса: “Кўккўз раис ўн ракатга кўнмайдию олти ракатга кўнармиди?” дер экан.

Дадам бу воқеани кула-кула айтиб берган эди.

Одамлар шундай содда бўлган.

*  *  *

Инсоннинг қисқа умрида унга шу қадар зулм ўтказиш, ўз халқининг мустақил бўлиши, маърифатли ва фаровон яшашни орзу қилгани учун қамаш, сургун қилишни ким чиқарган экан?..

*  *  *

Ёғочнинг юмшоғини қурт, одамнинг юмшоғини дард кемираркан.

*  *  *

Шарифа Ойбекнинг тоби қочиб қолгани ҳақида ташвишли хабар олиб келди. Шунда менинг хаёлимга Ойбекнинг таълим-тарбия техникумида ўқиб юрган кезларида кийим-боши яхши бўлмагани, қаҳратон қиш кунларида ҳам пайпоқсиз, йиртиқ ботинка кийиб юрган ҳолатлари келди. Унинг ботинка йиртиғидан чиқиб турган яланғоч оёқларининг бармоқлари кўзимга кўриниб кетди. Шунинг устига, ётоқхона ошхонасида ичганлари ҳам ёвғон мошхўрдадан бўлак нарса эмас эди. Хуллас, ўша пайтларда Ойбекнинг заифлаша бошлаган ўпкаси Ленинграднинг зах ҳавосида ҳилвираб, унда сил касаллиги бошланган эди.

*  *  *

Ойбек мутолаани ғоят севарди, китоб устида заҳмат чекиш унга бир олам завқ-шавқ бағишлар эди. Мен буни Ленинграддан келтирган китобларидан ҳам билардим. Плеханов, Гегель, Кант асарлари кечалари билан ўқиб чиқилгани учун шалоқланган, чизилган саҳифа учлари эса кемирилган бўларди. У китоб ўқиганда, шеър ёзганда, хаёл оғушида бўлиб, саҳифа учларини узиб-йиртиб, чайнаб ўтирарди. Бутун умр шу одатини тарк этолмаган.

*  *  *

Тегмайди еллар гўзал кўклардан,

Кўнглим ярали, кўнглим ярали…

Ойбекнинг ана шундай оғир хасталик пайтида ёзган шеърлари кейинчалик танқидчиларга дастак бўлиб қолди. Улар бу шеърларга ёпишиб, Ойбекни бадбин кайфият билан йўғрилган шеърлар ёзишда айбладилар. Улар фикрига кўра, она тупроғидан, ёр-дўстларидан узоқда, мусофирликда яшаётган, бунинг устига, ҳам иқтисодий жиҳатдан қийналган, ҳам турли оғир хасталикка йўлиққан шоир фақат совет ҳукуматини шарафловчи шеърлар ёзиши, ўз дарди ва аламларини эса ичига ютиши лозим эди.

*  *  *

Ойбекнинг ўзи эса яхши кийинишни асло ўйламайди. Бу ташвиш ҳам менинг устимда. Мен кийимлик газламани топиб келаман, тиктираман. У гоҳ қунт билан кийинади, гоҳо эса кийинишни сира ўйламайди. Меҳмонга ҳам, театрга ҳам, ўзига қолса, уй кийими билан кетаверса!..

*  *  *

ТошМИдаги туғруқхона таъмирлана-ётган эди. Шу сабабдан менда тўлғоқ бошланганида, қўшниларимиз Дамир Соҳибов билан Мажид ака докторларга югуришди. Бир немис қизи уй ишларига қарашиб турар эди. У ойимни Арпапоядаги уйдан ошиқич равишда чақириб келди. ТошМИ клиникасидан эса доя хотин билан икки-уч профессор-гинеколог етиб келишди. ТошМИ доценти бўлганим сабабли менга зўр илтифот кўрсатдилар.

Оғриқни ифода этишдан ожизман. Шу дақиқада “Ўлишга ҳам розиман”, деб тўлғанар эдим. Ойбек ҳовлига қочиб кетди. “Энди ҳеч туғмасин! Шунинг ўзи етади!” деб йиғлабди у – буни қўшнилар кейин кулиб-кулиб гапириб беришди.

*  *  *

Абдулла Қодирийнинг кўркамгина, шинам боғчаси бор эди. Биз Ойбек икковимиз майда-чуйда нарсаларни харид қилиш учун бозорга тушганимизда, бир дафъа унинг челак тўла шафтолини сотгали олиб турганини кўрдик. У жисмоний меҳнат ила кўп машғул бўлар, боғига ўзи қарар, ўз меҳнат кучи ила етиштирган ҳосилни бозорга элтиши-да унга ярашар эди.

Кўринишдан у хийла қўрс ва тўнг одам эди. Лекин кўнглига ёққан кишилар билан хушмуомалада бўлар, уларга илтифот кўрсатар эди…

*  *  *

Ойбек билан Зулфия Қаршига, Шарифаларникига жўнашди. У ерда беш-олти кун туриб, эски кийимларни ун-ёғга алмаштириб келишди.

Ойбекнинг “зерикишдан зерикдим жуда…”, “Кулфатдир ҳаётнинг ҳамроҳи…”, “Паст-баланд, беўхшов хоналар қатор…”, “Сочларининг чангига боқма…” каби шеърлари Қаршида, ўша кезларда ёзилган. Шу кейинги шеъри менга, айниқса, ёқади. Уни ҳамиша ёддан ўқиб юраман.

*  *  *

Инсон ҳар қандай қийинчиликни кўтарар экан. Ойлар, йиллар ўтса ҳам, ҳаёт яхшиланиш ўрнига тобора оғирлашиб борарди. Очликдан ўзимиз ҳам, болаларимиз ҳам ўлмаслиги учун нималарни қилмадик. Ойбек ана шундай мушкул бир шароитда “Навоий” романини ёзиб тугатди.

*  *  *

Бир кеча, ёдимда, Ойбек ёзиб ўтирарди. Мен ҳам ёзибми, ўқибми, ўтирибман.

– Зарифа, қорним оч, жуда очиқдим, – деб қолди Ойбек. Мен нима дейишни билмайман, индамадим, жавоб қилолмадим. Негаки, уй қуп-қуруқ эди.

– Бирор нарсанг йўқми? – сўради Ойбек.

Ўрнимдан туриб, шкафни ахтардим. Ҳужрадаги хурмача, халталарни текширдим. Бир ҳовуч йирик кепак, бир-икки қошиқ шакар топдим, сўнг хурмачанинг тагини сидира-сидира бир қошиқ ёғ олдим. Примусда кепакни қовуриб, сўнг унга шакар аралаштириб, дастурхонга тортдим. Билмадим, бу қандай таом бўлди экан? Ойбек ҳазратлари номи менга ҳам номаълум бўлган бу таомдан бир-икки марта қошиқ учида олган бўлди. Сўнг “Сен ҳам егин”, деб мени қистади.

– Йўқ, очиқмадим. Ўзингиз еяверинг, – дедим унга.

Менинг ҳам қурсоғимда ҳеч нарса йўқ. Фақат қаноат бор, холос.

Ойбек озгина еди. Озгинасини қолдириб, деди:

– Эрталаб болаларга берарсан.

*  *  *

– Зарифа, – деди у бир куни менга хаёлчан боқиб. – Бир вақтлар достон ёзишдан аввал яхши чиқармикан, дея ташвишланар, романни эплай оларманми, деб уни бошлагани қўрқар эдим. Мана энди истаган нарсамни – шеърми, достонми, романми, илмий асарми – барини ёза оламан. Ҳаммасига қудратим, маҳоратим етади. Бошимда гала-гала мавзулар. Лекин, афсуски, энди вақтим йўқ, вақт етказа олмайман.

*  *  *

Бир куни Ойбекка московлик бир арман инженеридан хат келди. У ўз хатида: “Ўзи Навоийга ўхшамаган адиб Навоий ҳақида бундай романни ёза олмаган бўларди”, дебди. Бу ниҳоят топиб айтилган гап эди.

*  *  *

Ойбекнинг хасталиги хабари бир кунда бутун шаҳарга ёйилди. Дўстлар жуда кўп, барчаси қайғуради, баъзилари шифохонага келиб, мени секин чақиради-да, ҳол-аҳвол сўрайди. Бир гуруҳ душманлар эса, албатта, мамнун. Улар ҳатто “Ойбек вафот этди!” деган хабарни ҳам тарқатдилар. Ҳатто уйимизга фотиҳа ўқиш учун одамлар ҳам кела бошлади.

*  *  *

Бир куни Ойбек московлик ёзувчилар кийиниб олгунларига қадар меҳмонхонанинг шинамгина йўлагида икки-уч дақиқа кутиб қолибди. Орадан бир неча дақиқа ўтгач, улар ясаниб тушишса, Ойбек юмшоқ диванда ўтириб, пинакка кетган экан. Шунда меҳмонлар юбилей зиёфатига тезлик билан боришлари лозимлигига қарамай, Ойбекнинг уйғонишини кутибдилар, Константин Симонов:

– Тегманглар! Ойбек чарчаган. Бир зумгина дам олсин! – деган экан шунда.

Назаримда, азиз бошига тушган минг хил азоблардан, тинимсиз ишдан ва ижоддан чарчаган Ойбек ҳозир ўлим тўшагида эмас, балки ўша юмшоқ диванда ҳордиқ олиб ётарди.

– Болаларим, тегманг адангизга! У ҳордиқ олиб ётибди! У ўлмаган ва асло ўлмайди!

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Exit mobile version