Буюк Британиянинг жиноятчиликка қарши курашиш миллий агентлиги (NCA) ҳамда Internet Watch Foundation (IWF) ташкилоти янги тавсиялар билан чиқиб, ота–оналарни фарзандлари суратларини интернетда очиқ тарзда эълон қилмасликка чақирди.
Нияти бузуқ кимсалар томонидан вояга етмаганлар сурат ва қиёфаларидан фойдаланиб, сунъий интеллект ёрдамида порнографик сохта материалларни тайёрлаш ҳолатлари кескин ортиб бораётгани бунга асосий сабаб сифатида кўрсатилган.
Мутахассислар ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларни бегоналар учун ёпиб қўйиш ёки уларда болаларнинг суратларини фақат чекланган доирадаги инсонларга кўринадиган тарзда жойлаштиришни маслаҳат берган. Шунингдек, ота-оналарга интернетда аввал эълон қилинган суратларга ҳушёр туриш, ортиқча расмларни ўчириш ҳамда мактаблар, боғчалар ва спорт тўгаракларига фарзандлари фотоларини эълон қилиши учун берилган розилик хатларини қайта кўриб чиқиш тавсия этилган.
IWF маълумотларига кўра, фақат 2025 йилнинг ўзида сунъий интеллект ёрдамида реал тасвир ва видеолар асосида тайёрланган болаларга нисбатан жинсий зўравонликни акс эттирувчи 8 мингдан ортиқ контент аниқланган.
Экспертларнинг таъкидлашича, эндиликда жиноятчиларга бола билан бевосита мулоқот қилиш шарт эмас, ижтимоий тармоқдаги оддий суратнинг ўзи ҳам етарли. Аллақачон шундай ҳолатлар қайд этилганки, фирибгарлар ўсмирларнинг оддий селфиларини ёки ўқувчиларнинг таълим ташкилотлари сайтларидан юклаб олинган расмларини сунъий интеллект орқали яланғоч сохта тасвирларга айлантириб, кейинчалик уларни тарқатиш таҳдиди билан товламачилик қилишган.