“Дунёда ҳеч қачон уруш бўлмасин”, “Бобо-момоларимиз кўрган урушни болаларимиз кўрмасин, юрт, дунё тинч турсин”, деймиз. Ниятимиз яхши, лекин уруш ҳақида тасаввури бўлмаган авлод тинчликнинг қадрини қандай англайди? Айни ўринда бадиий, ҳужжатли асарлар ёрдамга келади. Фақат ўша китобларни болаларимизга ўқита олишимиз керак, холос.
Афғон урушини бошдан кечирган адиб Абдурашид Нурмуродов “Қонли йўргаклар”, “Қон ҳиди” романларида ўтган аср сўнгида қўшни мамлакат тупроғида олиб борилган ҳарбий ҳаракатлар, уларнинг инсон тақдирига таъсири ҳақида ёзган бўлса, “Ўлим кўз ёш тўкканда” китобида Иккинчи жаҳон урушининг бемисл оқибатлари хусусида сўз юритилади.
Китоб “Йўлчи юлдуз”, “Уруш кўрган одамлар”, “Ҳур қизлар”, “Ўлим лагери”, “Уруш болалари”, “Урушдан сўнг”, “Уруш бевалари” каби боблардан иборат ва ҳужжатли материаллар ҳар қандай кишини чуқур ўйга толдиради, у кунлар даҳшати қаршисида довдиратиб қўяди.
Бугун саралаганларимиз шу китобдан.
Сараланган сатрлар
Жаҳаннам ичидан омон чиққан саноқли боболар қолди. Барчамиз бизга бахтни, ёруғ кунларни жонлари эвазига олиб берган бу оталаримизни бошимиз ерга теккунча таъзим қилиб эслайлик, қалбимизда у кунларнинг доди, фарёдини ҳис қилган ҳолда хотирлайлик. Чунки бу урушдан она заминимизда яшаётган ҳеч бир халқ четда қолмади. Фашизм билан Она Ер курашди.
* * *
Фашист босқинчиларининг кутилмаганда қилган ҳужумига Совет Иттифоқи тайёр эмасди. Чунки улар Германия билан урушмаслик тўғрисидаги сохта шартномага ишонган эдилар. Аслида, қайси босқинчининг лафзи ҳалол бўлган? Ҳеч бирининг!
Улар бостириб кирганда, мамлакат чегарасидаги даҳшатли куч жаҳон тарихи урушларининг биронтасида бунчалар кўп бўлмаган эди. 190 та дивизия, бундан ташқари, 33 та танк ва моторлашган дивизияларнинг, ҳаводаги минглаб қора қузғунларнинг чегарадан кириб келишини бир тасаввур қилиб кўринг. Тасаввурга сиғмас даҳшат – ҳатто ўлим талвасага тушадиган куч эди улар. Ўша кунларни, фашизмнинг енгилмас кучлигини Англия ҳукумати раҳбари Уинстон Черчилл тан олиб, шундай деганди: “Англияни босиб олиш учун Гитлерга 150 минг аскар бўлса бас. Британия ҳукумати шундоқ ҳам Канадага кўчиш учун тайёргарлик кўрмоқда”.
* * *
1940 йилнинг декабрь ойида Гитлер томонидан тасдиқланган “Барбаросса” плани асосида “Ост” плани ишлаб чиқилган эди. Унда советлар мамлакатида уруш жараёнида 14 миллионга яқин одам тирик қолдирилиб, уларнинг барчаси Германия қулдорларининг қули бўлиши керак эди.
* * *
Ўша замонлар одамларнинг бир-бирига бўлган меҳр-муҳаббатини, бир-бирига суянишини эслаганимда ҳамон кўзларимга ёш келади. Бу бирлик бутун бошли халқнинг бошига бир хил кулфат тушганлигиданмиди, одамлар бир-бирини авайлаб-асрарди. Ота-оналар топган-тутганини тугунчаларида кўтариб олиб келишарди. Фронтда аскарларимиз жон бериб, жон олишган бўлса, ортдагилар очарчиликни, қаҳатчиликни кўришди. Аммо бир-бирига бўлган инсоний туйғуларини сақлаб қолдилар.
* * *
1941-1945 йиллардаги урушни на сўз билан, на фикр, ўй-хаёл билан бор бўй-бастини қаршимизда тиклай оламиз. Бир тутқаноқ касалига дучор бўлган ўйноқи кўз махлуқ, дунёни остин-устун қилиб юборишига озгина қолган эди.
Шаҳарлар, қишлоқлар вайронага айланди. Одамлар снаряд, бомбалар зарбидан ҳалок бўлди. Очлик, яланғочлик, очарчиликдан силласи қуриб ўлдилар. Миллионлаб одамлар – кексалар, аёллар, болалар крематория печларида ёндирилди. Шундай кўзингга мўлтираб қараб турган норасида гўдакни қандай ёқиш, отиш мумкин? Ақл бовар қилмас ваҳшийлик. Кўзлари очиқ қолиб кетган фариштадай гўдаклар сиймосида жаллод этигининг излари. Унга тикилиб, ичингдан бир хўрлик келиб, йиғлаб юборасан. У норасида гўдак эди-ку.
* * *
Уруш кўрган одамлар бизга ўхшамаган, бошқачароқ. Балки, урушгача улар ҳам бизга ўхшагандир. Аммо уруш уларни қайтадан дунёга келтирган, деб ўйлайман. Чунки шу йиллар ичида кўплаб жаҳаннам ичидан чиқиб келган одамлар билан юзма-юз бўлдим. Ҳаммасининг юраги тубида бир армони бор. Улар урушда киминидир йўқотган. Қай бир дўстини, таниши, билишининг ўлимини кўзлари билан кўрган. Умуман, айримларида бир фожиа, ўзгалари қалбида юзлаб фожиалар яшайди. Шу сабаб улар бизга ўхшамайди. Лекин биздан кўпроқ одамларни яхши кўради. Улар учун ҳамма қариндош, дўст-биродар, одам ажратмайдилар. Ориятига тегсанг, тинч қўймайди. Ҳа, уларни уруш қайта тарбиялаган.
* * *
Освенсим ўлим лагерида одамни отиб ташлаб, очлик билан, заҳарлаш ва бошқа кўз кўриб, қулоқ эшитмаган даҳшатли қийноқлар билан Совет Иттифоқи, Польша, Франция, Бельгия, Голландия, Чехословакия, Югославия, Руминия, Венгрия ва бошқа мамлакатлардан келтирилган тўрт миллион одам ўлдирилган.
Немис профессор ва докторлари ушбу “тиббий” лагерда тирик одамлар – эркаклар, аёллар ва болалар устидан тажрибалар ўтказишган.
* * *
1943 йилдан крематория печларида ёнмаган одам суягини майдалаб, “Штрем” фирмасига суперфосфат ишлаб чиқариш учун сотдилар. Лагердан “Штрем” фирмасига жўнатилган 112 тонна 600 кило майдаланган одам суягининг ҳужжатлари топилди.
Освенсим лагерида ҳар куни 10 мингдан 12 минг нафаргача ўлдирилган одамни ёқишган. Шулардан 8-10 минг нафари янги келганлар, 2-3 минг нафари лагерда сақланаётган маҳбуслар бўлган.
* * *
Бирор ерда ёвузлик кўпчидими, билингки, ўша юртни қўрқоқ одам бошқармоқда. Ёвузлик – ожиз одамларга хос хислат. Ботирлардан ҳеч қачон ёвуз одам чиқмаган.
* * *
Одам табиатида ҳайвоний ҳис бор. Фашизм болалаган пайтда жаллодларнинг барчаси ўша ҳайвоний ҳис билан туғилганга ўхшайди. Улар тез топишдилар. Германиянинг Гитлер бошлиқ сиёсий майдонида фақат ваҳшийлар, ёвузлар, қотиллар, жаллодлар униб-урчиди.
Мен ўлим лагерлари ичидаги ваҳшийларни ҳар куни ёнидаги газ камерасида одам ўлдирилиб, печларда ёндирилишига совуққон қараб, хотиржам ишлашини тасаввур қилолмайман. Бундай одам қандай одам? Ана шу жаллодларни ҳимоя қилаётган бугунги махлуқларнинг ҳам одам боласи эканлигига ишонмайман.
Одам терисини шилиб олиб, ундан қўлқоп, сумка, альбомлар қилиб, ўшани кўтариб юрадиган аёлларни кимдан тарқаган дейиш мумкин? Итдан. Аммо итнинг боласи ҳам улар қилаётган ёвузликни мутлақо қилолмайди.
* * *
Уруш даврида 150 нафар испан Ўзбекистон бағридан паноҳ топганди. Улар 1941 йилнинг охирида Самарқанддаги 29-мактабга жойлашди. Ёш болалари ҳам то Москвага қайтиб кетгунча ана шу мактабда яшадилар.
Уруш даврида юртим тупроғида руслар, украинлар, беларуслар, молдаванлар, жуҳудлар, поляклар, кавказликлар, қрим татарлари ва бошқа миллат вакиллари кўчиб келиб яшаганлигидан хабарим бор. Аммо испанларнинг юртимизда меҳмон бўлганлигидан бехабар эканман.
* * *
Бу дунёга келиб, биз ўзимиздан неларни қолдириб кетамиз? Ҳар бир чақалоқ ингасида келажакнинг сурури, келажакнинг умиди бор. Ана шу чақалоқ ингасида олам шодликка, бахтга тўлиб туради. У худди лиммо-лим сувга тўлган денгиз мисол чайқалади. Қирғоқларга тошиб чиқади. Замин юзига сочилган инжуларга ҳайрат билан, ҳавас билан қараймиз. Инжулар… Эл орасига вафо бўлиб, садоқат бўлиб, муҳаббат бўлиб сочилган инжулар.
* * *
Яхшилар ёмонлар тириклик билан ололмаган шон-шарафни ҳатто ўлими билан ҳам ола билдилар. Гар улар бу ёруғ дунёда озод яшашганда, ёмонлик уруғи заминдан чекиниб, зулмат сари юз тутган бўлур эди. Инсоният орасидаги икки иқлим, икки қутб бор эканки, бири эзгуликка, бири ёвузликка хизмат қилаверади. 1941 йил фашизми ёвузлик қутбида туғилиб, эзгулик қўлида жон талваса қилди.
* * *
Гўдакнинг дунёга келишидаги бахтни ҳеч инсон зоти оначалик ҳис этмайди. Фарзанд доғи ҳеч инсонда оналардек оғир кечмайди.
* * *
У даврлар тирик қолишнинг ўзи бахт эди. Тириклик учун дастурхонда бир бурда нонинг бўлиши керак эди. Бир бурда нон эса анқонинг уруғи. Ҳозир-чи? Ҳозир одамлар нонга қаноат қилмай қўйишди. Шундай замонни етти пуштимиз кўрмаган. Сенга ўхшаганлар ҳатто молга буғдой унидан кўмач қилиб берадилар. Замон яхши, лекин тўқчиликка ношукурчилик қилмаслик керак-да ахир.
* * *
Одамларнинг сирли қалбига кириб борганинг сайин ўзлигингдан воз кечиб бораверар экансан. Оқибат инсон дарди, сенинг ташвишларинг, ўйларинг, азобларинг, роҳатларинг бўлиб қолаверар экан.
* * *
Келажакни яхшироқ, пойдеворини мустаҳкамроқ қурмоқлик учун ҳам ўтмишимизни, бугунимизни ақл тарозисида ўлчамоғимиз керак. Шундагина кейинги авлодга яхшилик ва эзгулик мерос бўлиб қолажак.
* * *
Бир инсонда бунчалар серқирра, тоғлар салобатидай хаёлот дунёси, чексизликка айланган умр йўли, майда-майда жонларни бирлаштириб, туташтирувчи меҳр иплари торининг овозини тинглаганмисиз? Тинглаган бўлсангиз, унда сиз бахтлидан-да бахтиёрсиз. Чунки бундай одамлар жуда олис, жуда олдинда, жуда-жуда йирик, вужуди тафтидан минглаб одамлар исиниб, тафтини сақлагувчи қуёш буржига мансуб улуғ инсонлардир.
Улар қанотини ёйганда, қуёшнинг жазирамасидан жизғанак бўлган тирик жонлар паноҳ излаб унга ўзин урарлар, меҳр-муҳаббатидан чиқаётган жон жисмига қайта кирарлар, нафратидан қутулиш эса жуда-жуда қийиндир, жуда қийиндир.
Бундай одамларнинг нафратига эмас, меҳрига интилинг, кам бўлмайсиз.
* * *
Одам боласининг қувончи тоғлар тошини эритган, илонларни инидан чиқарган, бало-қазоларнинг олдини олган. Бу шундай қудратли кучки, унинг қаршисида нодон – донога, тентак – ақллига, чаласавод – олимга айланган. Хуллас, жамият ана шундай одамлар ҳисобига мўътадиллашган.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.
