Тайванлик тузалмас касалликка чалинган аёл «руҳий юксалиш курси» учун уйини сотиб, фирибгарлар туфайли 420 минг доллар йўқотди. Бу ҳақда South China Morning Post нашри маълум қилган.
Манбанинг ёзишича, Ван фамилияли бемор икки аёл томонидан ўтказиладиган «курс»га ёзилган. Кейинроқ унга унинг ўғли ҳам қўшилган.
Қатнашчилар «руҳий қувватни ошириш» ниқоби остида хўрланган ва зўравонликка учрашган. Улар йўл четида тиз чўкиб ўтиришга, бошқаларнинг оёқларини ўпишга мажбурланган, шунингдек, бир-бирларини очиқча камситишган.
«Курс» раҳбарлари издошларини итоатсизлик «оғир оқибатлар»га олиб келиши билан қўрқитган. Ўқишда «илгарилаш» учун қатнашчилар «энергияни тозалаш бўйича мастер» унвонини олишга 65 минг доллар тўлашлари керак бўлган. Қоидаларни бузиш, масалан, телефон қўнғироқларини ўтказиб юбориш 30 доллар жарима билан жазоланган.
Итоатсизлик туфайли «курс»даги ҳолатлари ёмонлашишидан қўрққан Ван ва унинг ўғли «машғулотлар»да қатнашишда давом этган. Улар «руҳий юксалиш даражаси» учун тўловни амалга ошириш мақсадида оилавий уйини сотишга мажбур бўлишиб, якунда 420 минг доллардан ажралганлар. Фақат орадан бир йил ўтиб, фирибгарлик қурбони бўлишганини тушунганлар ва судга мурожаат этишган.