«Одил судлов – 2030″
Президент томонидан жорий йил 14 августда имзоланган «Одил судлов – 2030″: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида«ги фармон билан ҳақиқий маънода жабҳадаги катта ўзгаришларнинг кейинги босқичи бошланди. Ҳужжатга асосан тасдиқланган «Одил судлов – 2030″ стратегияси Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ҳамда суд процессига замонавий ҳуқуқий механизм ва институтларни жорий қилиш орқали халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этишни кўзлаши билан аҳамиятли.
Унда белгиланган чора–тадбирларни амалга ошириш орқали Ўзбекистон Республикаси суд тизими 2030 йилга келиб аҳолининг ишончига сазовор бўлган, сифатли ва барқарор одил судловни амалга оширадиган, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини самарали ҳимоя қиладиган, замонавий рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллект асосида фаолият юритадиган, шунингдек, давлат ҳокимиятининг коррупцияга нисбатан мутлақо муросасизлик, юксак профессионализм ва очиқлик намунаси бўлган бўғинига айланиши лозим.
Вилоят суди судьяси, юридик фанлари номзоди Ҳусан ТУРСУНОВ билан суҳбатимиз ана шу мавзуда бўлди.
– Фармон билан суд тизимини ислоҳ қилишнинг узвий ва ўзаро боғлиқ бўлган олти устуни белгилаб берилди. Булар – «халқчил суд», «адолат қўрғони», «кафолатланган адолат», «адолат посбонлари», «рақамли одил судлов» ва «халқаро эътироф». Стратегия ушбу муҳим йўналишлар асосида Янги Ўзбекистон суд ҳокимиятининг янгиланган қиёфасини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларни назарда тутган бўлиб, судлар фаолиятининг шаффофлиги, суд жараёнлари ва суд фаолиятига оид ахборотдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш орқали суд тизимининг очиқлигини таъминлаш ва жамиятда судга бўлган мутлақ ишончни қарор топтириш, судларни бюрократиядан бутунлай холи тизимга айлантириш;
инсон ҳуқуқлари устуворлигини сўзсиз таъминлайдиган, ҳар қандай таъсир ва аралашувлардан холи, мустақил одил судлов тизимини мустаҳкамлаш;
қонуний, адолатли ва асослантирилган суд қарорларини қабул қилиш, уларнинг сифати ва барқарорлигини таъминлаш орқали фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини судда тиклаш кафолатларини кучайтириш;
халқ хизматида бўлган, юксак маънавий ва профессионал фазилатларга эга, адолат мезонларига қатъий риоя қилувчи судьялар корпусини шакллантириш;
суд иш юритувини тўлиқ рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш орқали фуқаролар учун ортиқча оворагарчиликларсиз, қулай ва тезкор суд муҳокамаси имкониятини яратиш;
инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор халқаро стандартларни миллий суд амалиётига имплементация қилиш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтириш масалаларини қамраб олган.
Фармонга асосан «Одил судлов – 2030»: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегиясини 2026-2028 йилларда амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури ҳам тасдиқланиб, унда 57 та вазифа, уларни амалга ошириш механизми ва шакли, ижро муддати, масъул ижрочилари аниқ белгилаб қўйилгани аҳамиятли.
Шунингдек, стратегия доирасида 2030 йилга қадар суд тизимини ислоҳ қилишнинг белгиланган олти устуни бўйича эришилиши лозим бўлган 33 та асосий мақсад ҳам алоҳида ифодалаб ўтилган.
Демак, жабҳадаги ўзгаришларнинг бу босқичи янада кенг кўлам ва қамровда кечади. 2027 йил 1 июлдан ҳудудлараро судларни ташкил этиш масаласи ана шу жараёнда бўладиган муҳим янгиликлардан бири саналади. Дастлаб 5 та, яъни Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона ҳудудлараро судларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Улар вилоят судлари томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича қарорларни тафтиш инстанциясида қайта кўриб чиқади.
Бу янги тизимнинг энг эътиборга молик жиҳати шундаки, бир суднинг ўзида турли инстанция ваколатларининг жамланишига чек қўйилади. Вилоят судининг муайян қарори алоҳида ҳудудлараро судда бошқа суд таркиби томонидан қайта текширилиши, уларни баҳолашда холислик ва мустақиллик тамойили муқаррар ишлашига бўлган ишончни мустаҳкамлайди.
Бундан ташқари, фуқаролик ишлари бўйича судларнинг ҳудудий қамровини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2030 йилга қадар 208 та туман ва шаҳарларда фуқаролик судлари фаолиятини босқичма-босқич йўлга қўйиш режалаштирилган.
Яна, стратегияда 2028 йилдан суд маъмурчилиги институтини жорий этиш назарда тутилмоқда. Бу ўзида судьяларни одил судлов билан бевосита боғлиқ бўлмаган ташкилий вазифалардан озод қилиш, бошқарувни ихчамлаштириш, ресурсларни бошқариш ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш учун мақбул шароитлар яратиш мақсадларини мужассам этгани билан ҳам муҳим. Ушбу тизим судларнинг ташкилий, моддий-техник, молиявий, ахборот-технологик таъминотини профессионал бошқаришга ихтисослашади. Бу эса асосий вазифамиз бўлган одил судловни амалга ошириш, қонуний ва адолатли суд қарорларини қабул қилишда муҳим роль ўйнайди, албатта.
Бинобарин, «Судьяларнинг хулқ-атворига оид Бангалор принциплари»да белгиланганидек, судьянинг судьялик вазифалари фаолиятнинг бошқа турларидан устундир. Судья ўз касбий фаолиятини судьялик вазифаларини бажаришга бағишлайди, бу нафақат суд муҳокамасида суд ва лавозим мажбуриятларини бажариш ҳамда қарорлар чиқариш, балки суддаги лавозим ёки суд фаолиятига алоқадор бўлган бошқа вазифаларни ҳам ўз ичига олади.
Бошқача айтганда, судья учун одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолият бошқа мажбуриятларга нисбатан устувор бўлиб, у ўз вазифаларини юқори профессионал даражада одилона, тезкор ва виждонан бажариши шарт.
Жорий йил 12 сентябрдан кучга кирган «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштириш тўғрисида»ги Қонун ҳам судлар мустақиллигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Унга асосан, эндиликда судлар фаолиятини молиялаштириш фақат Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджетидан амалга оширилади.
Стратегияга қайтсак, суд тизимини тўлиқ рақамлаштириш ундаги муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Яъни, бунда «Рақамли суд» концепцияси асосида суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш, суд ишларининг юритилиши, ҳужжат айланмасини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш ва рақамли трансформацияни якунлаш мақсад қилинган. Бунинг учун электрон шаклда юритиладиган суд ишлари бўйича уларнинг қоғоз шаклини юритиш тартибини бекор қилиш; барча суд мажлисларини аудиоёзув орқали мажбурий қайд этиш амалиётини босқичма-босқич жорий этиш; ахборот тизимларини идоралараро интеграция қилиш орқали суд ишларини юритиш иштирокчиларига суд хабарномаларини гибрид почта хизматидан босқичма-босқич воз кечган ҳолда электрон шаклда (sms ёки электрон почта) юбориш амалиётини йўлга қўйиш; суд раҳбарияти қабули жараёнларини рақамлаштириш орқали фуқаро ва юридик шахслар вакилларининг қабулга ёзилишини онлайн форматга ўтказиш, шунингдек, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартибининг шаффофлигини таъминлаш каби чора-тадбирлар амалга оширилади. Натижада суд мажлисларини тўлиқ аудиоёзув орқали қайд этишга, суд хабарномалари тўлиқ электрон шаклда юборилишини таъминлашга, суд раҳбарияти қабулига ёзилишни тўлиқ электрон шаклга ўтказишга, судларга мурожаатларнинг камида 50 фоизи электрон шаклда берилишига, Олий суднинг ахборот тизимларидан фойдаланувчилар сонини камида 5 бараварга оширишга эришилади.
Эътибор қаратиш ўринли, стратегия асосида 2027 йил 1 июлдан бошлаб тергов судьяси томонидан қамоққа олиш ва уй қамоғи эҳтиёт чораларини қўллаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш тартибига «асосли гумон» халқаро стандартини (Prima Facie) жорий қилиш режалаштирилмоқда.
Бу судга қадар иш юритиш босқичида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафолати бўлиб, тергов судьяси шахсни жиноий таъқиб қилишнинг қонунийлиги ва асослилигини, гумон ёки айблов эълон қилиш учун далилларнинг мақбуллиги ва етарлилигини, шахсни ушлаб туриш учун асосларни, эҳтиёт чорасини қўллаш заруратини чуқур текшириши лозим бўлади. Зарур ҳолларда эса қўшимча далил ва материалларни талаб қилиб олади.
Демак, судья қамоққа олиш ҳақидаги илтимосномани фақат расмий ҳужжат сифатида эмас, балки шахс эркинлигини чеклаш учун етарли ҳуқуқий ва фактик асослар мавжудлигини текширган ҳолда кўриб чиқади. Бу халқаро стандарт агар қамоққа олиш учун етарли асос бўлмаса, тилхат, гаров, кафиллик ва бошқа муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш имкониятини кенгайтиради.
Гап инсоннинг шахсий дахлсизлик ҳуқуқи ҳақида борар экан, «Хабеас корпус» институти доирасини кенгайтириш мақсадида тезкор-қидирув тадбирлари ҳамда терговга қадар суриштирув ва тергов ҳаракатларини ўтказиш устидан суд назоратини кучайтириш кутилаётгани диққатга сазавор.
Зеро, Бош қонунимизда белгиланганидек, инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас. Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак.
Албатта, инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этишда халқ хизматида бўлган, юксак маънавий ва профессионал фазилатларга эга, адолат мезонларига қатъий риоя қилувчи судьялар корпусини шакллантириш энг устувор вазифалар қаторида белгиланди. Инчунин, суд тизими ислоҳотларининг самарадорлиги, аввало, судьяларнинг профессионаллиги, ҳалоллиги, мустақиллиги ва юксак маънавий фазилатларига бевосита боғлиқдир.
Шундай экан, одамларнинг судга бўлган ишончини оширишга ҳар бир судья масъул. Буни теран англаган ҳолда ҳар бир иш ортида инсон тақдири турганини, одамлар судга сўнгги умид билан келишини ҳеч қачон унутмаслигимиз, уларнинг ўрнига ўзимизни қўйиб кўришимиз, қабул қиладиган ҳар бир қароримиз, чиқарадиган хулосамиз қонунга, адолат ва холислик тамойилларига асосланиши, ҳар қандай таъсирдан холи бўлиши шарт. Бизни «Одил судлов – 2030» стратегияси асосида эришиладиган мақсадларга шу йўл олиб боради.
Абдураззоқ МУРОДОВ ёзиб олди.