Профилактик тадбир
Маълумки, гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш, уларга қарши кескин курашиш аҳолини, биринчи навбатда, ёшлар саломатлигини ҳамда миллат генофондини самарали ҳимоя қилишдаги устувор масалалар сирасига киради.
Бу борада ички ишлар органлари зиммасига ҳам аниқ вазифалар юкланган бўлиб, соҳа ходимлари, жумладан, Президентнинг жорий йил 3 ноябрдаги «Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижросини сифатли таъминлаш учун тизимли саъй-ҳаракатларни амалга оширишмоқда.
Хусусан, Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Абдувоҳид Исмоиловнинг воҳа аҳолисига қилган мурожаатида таъкидланганидек, 20 ноябрдан 20 декабрга қадар ҳудуд миқёсида «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирининг учинчи босқичи ўтказилмоқда. Унинг доирасида 60 та гиёҳвандлик, 19 та ер ва 12 та энергия ресурслари талон-торожи, 8 та қўшмачилик, 6 та қиморхона ташкил этиш, 5 та ноқонуний валюта айирбошлаш, 5 та порахўрлик, 2 та одам савдоси ҳамда 1 та товламачилик билан боғлиқ жиноий ҳолатлар аниқланди.
Шунингдек, фармонда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича бўлинмалари томонидан аҳоли, айниқса, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, гиёҳвандликнинг зарарли оқибатлари ва унга қарши курашишнинг аҳамияти тушунтирилмоқда. Яқинда соҳа масъуллари томонидан Абдулла Орипов номидаги ижод мактабида олий таълим ташкилотлари талабалари ҳамда умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари иштирокида ташкил қилинган очиқ мулоқотнинг мавзуси ҳам шу ҳақда бўлди.
Сир эмас, ахборот технологиялари тараққиёти наркожиноятларнинг янги шакллари, усуллари шаклланиши ва уюшганлик даражаси ортишига ҳам таъсир кўрсатмай қолмаяпти. Жорий йилнинг 11 ойи давомида содир этилган жиноятларнинг 54 фоизи айнан шу соҳа имкониятлари асосида амалга оширилгани факти фикримизни тасдиқлайди.
Шунга кўра, уларнинг олдини олиш борасида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, вилоят ИИБ масъул ходимлари томонидан «Хавфсиз интернет ёрдамчиси» телеграм боти ишга туширилган. Унга ижтимоий тармоқлардаги гуруҳларга админлик ҳуқуқи берилган тақдирда, келган зарарли .apk иловаларни автоматик тарзда ўчириб юборади. Мазкур бот ёрдамида ҳозирги кунга қадар телеграм канал ва гуруҳларда тарқалган 36 мингга яқин зарарли илова, файл ва фишинг ҳаволалар аниқланиб, ўчирилди.
Ўз мухбиримиз