11-16 август кунлари Шаҳрисабз туманидаги «Лочин» оромгоҳида ўтказилаётган «Ёшлар – келажак бунёдкорлари!» IV экология ва туризм халқаро қурултойида республикамизнинг барча ҳудудлари, шунингдек, Тожикистон, Туркманистон, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон ва илк бор Россия Федерацияси ҳамда Беларусдан келган мингга яқин ёшлар қатнашмоқда.
Ёшлар ва давр
Тадбир ташкилотчилари – Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, унинг ҳузуридаги Туризм қўмитаси ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги вакилларининг қайд этишича, халқаро қурултойнинг асосий мақсади ёшларнинг экология ва ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги фаоллигини ошириш, уларни туризм соҳасига кенг жалб этиш ҳамда экология ва туризм соҳасидаги истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишдан иборатдир.
Етти мамлакат ёшларини ягона мақсад йўлида бирлаштирган форумнинг тантанали очилиши «Мираки» туризм марказида бўлиб ўтди. Маросимда сўзга чиққан вилоят ҳокими Муротжон Азимов қурултой иштирокчиларини қутлар экан, бу нуфузли тадбирга яқиндагина муҳтарам Президентимиз томонидан очиб берилган «Мираки» туризм марказида старт берилаётганида улкан рамзий маъно борлигини таъкидлаб ўтди. Зеро, мазкур марказ ўзига хос туризм драйверига айланиб, тадбиркорларимизни янги лойиҳаларни амалга оширишга илҳомлантирмоқда.
Шу кунларда «Лочин» оромгоҳида турли мавзуларда семинар ва анжуманлар, учрашув ва суҳбатлар, танлов ва интеллектуал ўйинлар, плоггинг (табиат қўйнида фаол ҳаракатланган ҳолда чиқинди териш) беллашувлари, спорт ва киберспорт мусобақалари ўтказилмоқда. Мисол учун, куни кеча иштирокчилар ўз ҳудудларига хос анъана ва урф-одатларни акс эттирувчи экспозиция ва чиқишларни намойиш қилиб, минтақа ва давлатлар туристик салоҳияти ва экологик муаммоларни бартараф этиш борасидаги илғор тажрибалар тақдимотини уюштиришди. Атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмайдиган ва иккиламчи хом ашёни қайта ишлаш натижасида ҳосил бўлган материаллардан яратилган либос ва аксессуарлар кўргазмаси эса «EcoFashion» деб номланди.
Халқаро қурултой доирасида, шунингдек, «Ёш экологлар» ҳаракати ҳамда Ёш туризм элчилари Кенгаши аъзолигига сайловлар, Шаҳрисабз шаҳри ҳамда «Мираки» туристик марказидаги объектларга саёҳатлар ташкил этилиши режалаштирилган.
Ўз мухбиримиз