Қашқадарё газетаси Маънавият ХАЛҚИМИЗНИ ТЎЙ МАРАЗИДАН ҚУТҚАРУРГА ТИРИШМАК ВА ИЛОЖ ИСТАМАК ЛОЗИМДИР
Маънавият

ХАЛҚИМИЗНИ ТЎЙ МАРАЗИДАН ҚУТҚАРУРГА ТИРИШМАК ВА ИЛОЖ ИСТАМАК ЛОЗИМДИР

Сараланган сатрлар

Неча йиллар, ҳатто асрлардан бери кун тартибидан тушмасдан келаётган масала бор. Бу фақат бизнинг миллатга хос, десак-да муболаға эмас. Унинг тараққиётимизга тўғаноқ бўлиб келаётганини деярли барча билади, тушунади, аммо гали келганда, ўзини тўхтатиб туролмайди. Дарҳақиқат, ўта мантиқсиз ҳолат: унинг учун одамлар йиллаб меҳнат қилади, емай-ичмай йиғади, ҳатто чет элларга бориб мардикорчилик қилиб келади ва бор-будини бир кунда, ҳатто бир неча соатда сарфлаб юборади. Бунинг сабабини манаман деган файласуфлару сосиологлар ҳам тўғри изоҳлаб беролмаса керак.

Англаб турганингиздек, гап тўй-ҳашамлар ҳақида боряпти. Албатта, ҳамманиям тўйларга етказсин, аммо харажатлар ақлни ишлатган ҳолда, исрофсиз бўлсин – истагимиз шу, биздан аввал ҳам шуни исташган. Бугунги аксарият тўйлар шу даражага етиб келдики, ортиқча харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки, бутун ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатаяпти. Бунинг ортидан оилавий можаролар, уруш-жанжал, ажрашишлар келиб чиқмоқда. Айрим тўйлардаги дабдаба, ҳашаматни кўрган, бироқ қўли калталик қиладиган кишиларда эса ўз ҳаётидан норизолик, ношукурлик каби иллатлар шаклланаётгани ҳам бор гап. Бунинг оқибати жамиятни маънавий таназзулга етаклаши асло ваҳима эмас. Исрофли тўйларга бугун чек қўймасак, кун келиб ҳад-ҳудудсиз муаммоларга рўбарў бўлишимиз аниқ.

Агар дабдабали тўй қилаётган кишилар яшаб турган ҳудудни ўрганиб кўрсангиз, ўйилиб ётган асфальт йўллар, нураган деворлар, дарз кетган томлар, таъмирталаб мактаб, янгиланишга муҳтож боғча, қозони гўшт кўрмайдиган оилалар, бева-бечоралар, дардмандлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган оилалар бўй кўрсатади. Тўйни ихчам ўтказиб, қолган маблағни шу тарафга йўналтирсак, ҳаётимиз нақадар гўзал кўринишга келарди!

Айни ҳақиқатни юз йил илгари теран тушунган жадид маърифатпарварлари миллатни ортиқча исрофдан қайтарган эдилар. Давлат раҳбари ҳам бир неча бор жамоатчилик эътиборини шу масалага қаратди. Бугун жамланган иқтибослар ҳам кўзни каттароқ очишга ундашидан умидимиз бор.

*  *  *

Мана, ўзинглар кўряп-сизлар, соппа-соғ юрган айрим одамлар элликка кирмасдан туриб тўсатдан инсульт бўляпти, инфаркт бўляпти. Сабабини суриштирсангиз, бошқалардан қолмасликка тиришиб, катта тўй қиламан, деб қарзга ботган бўлади…

Энг ёмони, айрим пул топиб ақл топмаган, маънавий савияси паст кимсалар тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли-туман янги одатларни ўйлаб топяпти. Буларни эшитиб, баъзан одам ҳайратдан ёқасини ушлаб қолади.

*  *  *

Худога минг қатла шукур, тўйлар албатта бўлиши керак. Ҳеч ким “Тўй қилманглар, тўй қилиш мумкин эмас!”, деб айтаётгани йўқ, лекин ҳар хил гап-сўзлар чиқиб кетяпти. Тўй маъноли, мазмунли, ҳисоб-китобли бўлсин деб айтяпмиз.

*  *  *

Тасаввур қилинг, ойлиги йўқ, иши йўқ, шифохонага боришга, дори олишга пули йўқ одамга 20 та машинада тўй қилган одам қандай кўринади? Ёқадими? Мен ўйлайман, ёқмайди. Адолатсиз. Ман-ман деган одамга битта савол: шу зўр тўй қилган одам ойлигига қила оладими? Энг оддий фуқаромиз ҳам сал ўзини тиклаб олсин. Уни, кечирасиз, оддий тилда айтганда, ғазабини келтирмайлик.

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Тўй ва таъзияға сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва-дин йўлиға сарф этсак, анқариб оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимиз-да обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур.

*  *  *

Аксар халқимизни аъмоли шулки, ишласа ва фойда қилса. Шоядки, ўғил ва қизини тўй қилса ва ҳам қандай! Ўз қаториндаги одамларни қилган тўйидан зиёдароқ!

Бечора косибни аъмоли тўйдур. Ўзи роҳат юзи кўрмайдур. Кеча-кундузни 18, балки 20 соатни меҳнатға ўткаратургон косибларимиз бордур. Ҳаққинча емайдур, киймайдур. Ўн ва йигирма саналар меҳнат ва машаққат этар ва худодан ўғил тилар, тўй қилмоқ учун. Ана, бечорани аъмоли. Йигирма саналик меҳнати уч кун тўйда тамом.

*  *  *

Бир карра диққат қилинсун, бирор яҳудий ва ўрус ҳеч вақт тўй деган балоға беш минг сўм, ҳатто бир-икки минг сўм сарф қилингани эшитилмайдур. Биз бўлса, йигирма минг сўмлаб сарф этармиз. Кошки бу пул ўзимизники бўлса, эндики ёлғиз исроф гуноҳи ила қутулар эдик, йўқ балки биз ҳақ қулидин қўрқадурғон мусулмонлар бошқалар ақчасини барбод этиб, охиратға қарз, дунёға кулфат ортдирармиз.

*  *  *

Тўй ва маърака ақчасидан болаларни ҳукумат мактаблариға берсунлар ва талабаларни Макка, Мадина, Миср, Истанбулға ва Русия дорулфунун ва доруссаноалариға юбориб, диний ва дунёвий ва замонавий одамлар етиштирмоқға саъй қилсунлар.

*  *  *

Катта тўй қилиб хотун олган бечораларнинг ҳолига йиғламоқ керак. Уч кунлик тўйнинг азаси баъзи оилаларда ўн йил, ҳатто бир умр сурар, балки беватан ва хонавайронликка сабаб бўлур.

Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

Биз Туркистон халқи илмсизлигимиз сабабли турли маросим ва одатлар юки остинда эзилиб, мунинг учун ахлоқий ва молий жиҳатдан ғоят кўб зарарлар кўрмакда бўлған бир миллатмиз.

*  *  *

Бизнинг халқ “мол ва жон кетса кетсун, обрўй кетмасун”, деб хатна ёки никоҳ ва ё аза маросимини ўрунға кетурмак учун қўлларинда бор нарсаларини бир-икки кунда барбод этадилар, қарздор бўларлар. Қарзларини адо эта олмағач, охири, “молни одам топар, одамни мол топмас”, деб ўз боғ ва ҳовлиларини сотиб, қарзлариға берарлар.

*  *  *

Бизларнинг бойларимиз топган пулларини базм, кўбкори, тўйларда исроф қиларлар. Агар ўшал ерда исроф қилина турган пулни шундоқ ўрунли жойда сарф қилсалар, қанча болалари нодонликдан қутулиб, диндан ҳам илм ва адабдан хабардор бўларлар эди!

*  *  *

Халқни ўз ҳолига қўйса, ўзининг фойда-зарарини ўйламай, ҳар бир тўғри келган ишни қилаверади, ўлганича фойдасиз урф-одатларнинг асоратидан чиқа олмайди. Шунинг учун халқни ўз ҳолига қўйиш тузук эмас. Масъул кишилар ва ёшларимиз бу муаммоларни ҳал қилишда, тўхтатишда халққа йўлбошчи ва таъминотчи бўлиб туришлари керак.

Ҳожи МУИН

Оч-яланғоч, кулфат, меҳнат ва заҳмат балолари орасида ўралиб қолган бир қавмга: “Маданиятга кирингиз, мактаб солингиз, ўқунгиз, тараққий қилингиз” каби сўзларнинг фойдаси ўлмадиғи офтобдан ҳам равшандир. Бу фақирликнинг энг қўрқунч тўлқунлари орасида эзилган халқимизни тўй маразидан қутқарурга тиришмак ва илож истамак лозимдир.

Бунинг давоси ва чораси учун ҳеч бир табибга муҳтож ўлмасдан, балки бир оз орқа-ўнгға қарамак, ҳамённинг оғзини маҳкам қилмак, иқтисодни риоя қилмак, исрофдан сақланмак лозимдир. Ажабо. Бу исроф тўлқунлари бизларни на ерга олуб борадир?.. “Дард устига чипқон” дегандек, кундан-кун бидъат устига бидъат ортмакда. Уламо, фузало ва эшонларимиз зикр ва тасбеҳ ўрнига “тўй устига тўйлар бўлсун” сўзини вирди забон қилмақда. Ағниё ва сарватдорларимиз тўй пойгаси қилуб, бир-бирларининг бор-йўқларига қарамасдан, фақир ва камбағалларимиз уйларини, боғларини, отларини, тўнларини сотуб тўйга сарф қилмақдадурлар. Бир тарафдан, маданият тўлқунлари шоширмоқда, икинчи тарафдан фақирлик ва мискинлик кўпаймакда, яна бидъат устига бидъат ортмакдадир. Мундан беш-олти йил муқаддам энг сарватли кишиларимиз уч кундан ортиқ ош ҳам йигирма-ўттиздан ортиқ чопон бермас эдилар. Ҳозир бу тарафдан кўб тараққий қилиб, олти-етти кун ош ва юзлаб чопон бермакдадирлар. Аввалда бир ярим-ики сўмлик чопон берадиган кишиларга, ҳозир 20-25 сўмлик зарринлар, бахмаллар берурга бошладилар. Мана шул тариқада биз кейинга қараб тараққий қилмакдамиз, билмам, бизим бу исроф ва бидъатларимиз қачон йўқ бўлиб кетар?!.

*  *  *

Муаллимларимиз бир-бирларидан қизғонишуб, болаларни арзон ўқитаман деб, бир ўзларига юз, юздан ортуқ бола йиғуб, ўзлари тўй ва маъракаларда болаларнинг умрини бекор ўткаришни яхши кўрарлар.

Савдогарларимиз: “Тўйликни тўйи ўтар, тўйсизни куни ўтар” деган сўзга амал қилмай, қайси маҳаллада тўй бўлса, дастурхончилик қилишни яхши кўрурлар.

Абдулла АВЛОНИЙ

Бир маҳалла имоми ё элликбошиси бош бўлиб ман қилсалар, иккинчи маҳаллаға таъсир қилмас, иккинчи маҳаллаға таъсир қилса, учинчи маҳаллаға йўл топилмас ва бу хилофи шаръилар чунон шойиъ бўлмишдирки, баъзи беҳамиятлар маҳаллаға қўшилмасликға рози бўлиб, базм ва ялочини таркиға рози бўлмас, чунки ота-боболаридин қолғон расм эмиш.

*  *  *

Закот бермоқ бўлғон ҳолда бир бой закот бермаса, ҳеч кимнинг иши йўқ, аммо ўғлини уйлантириб, базм бермаса, авомлар ўртасида маломатга мустаҳиқ бўлур.

Мунавварқори АБДУРАШИДХОНОВ

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Exit mobile version