Айни шу эътирофга лойиқ кўрилган Рўзмет Гаипов 1922 йилда Хива шаҳрида туғилган. 1939 йилда ўрта мактабни тугатган. Меҳнат фаолиятини 1938 йилда Хоразм вилояти пахта-беда станциясида кузатувчи сифатида бошлаган. Хоразм қишлоқ хўжалиги техникумига ўқишга кириб, уни 1942 йилда тугатган.
Қашқадарёга оид
Шу йили қизил армия сафига чақирилган. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, артиллерияда жанг қилган. 1944 йил кузига келиб 16-танк корпусининг гвардия енгил артиллерия полки қурол командири бўлган. Жангларда кўрсатган жасорати учун 3-даражали «Шон-шараф» ордени ва «Жасорат учун» медали билан тақдирланган.
1945 йилда уйига қайтиб, урушдан олдинги фаолиятини давом эттирган. 1950 йилгача агроном, катта агроном лавозимларида ишлаган. Кейин Урганч тумани пахтачилик бўлимида бош агроном, бошлиқ лавозимларида фаолият юритган.
Турли йилларда Хоразм вилояти Урганч тумани партия қўмитаси котиби, Самарқанд вилояти партия комитети котиби лавозимларига сайланган.
1965 йилда Тошкент қишлоқ хўжалиги институтини агроном мутахассислиги бўйича тамомлаган.
1968 йилда Қашқадарё вилояти партия қўмитасининг биринчи котиби этиб сайланган.
Собиқ иттифоқ олий кенгаши президиумининг 1980 йил 6 мартдаги фармойиши билан эришилган юксак муваффақиятлар, маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ғалла, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини давлатга ўз вақтида етказиб бериш ва сотишни кўпайтириш бўйича режалар ва социалистик мажбуриятларни бажаришда кўрсатилган меҳнат жасорати учун Рўзмет Гаипов орден ва олтин медаль ҳамда Социалистик Меҳнат Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган.
Унинг ташаббуси билан қисқа муддатларда қуриб фойдаланишга топширилган «Москва», Қарши магистраль каналлари Қарши чўлининг чўллигига барҳам беришда, уни экинзорларга айлантиришда ҳал қилувчи роль ўйнаган. Пачкамар, Ҳисорак сув ҳавзалари, Талимаржон сув омбори ҳам шу даврда барпо этилган.
Рўзмет Гаипов вилоятга раҳбар бўлиб келган даврда бу ерда йилига 250 минг тонна пахта, 100 минг тоннага яқин ғалла етиштирилган. Тез орада вилоят бу борада юқори кўрсаткичларга эга бўлган. Рўзмет Гаипов қишлоқ хўжалигини пухта биладиган раҳбар сифатида «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган агроном» фахрий унвони билан тақдирланган.
Унинг даврида биргина Қарши шаҳрида бош майдон, замонавий меҳмонхона, Матбуот уйи, театр, «Шуҳрат» ёдгорлиги, кўп қаватли уйлар, таълим, тиббиёт, маиший хизмат муассасалари, аэропорт барпо этилган.
БЕКЗОД тайёрлади.