Агар сиз ўқиган китоб дунёқарашингизни ўзгартирмаса, янги фикр бермаса, ўзингизда бор фикрларни шунчаки тасдиқласа ёки вақт ўтказишгагина яраса, бундай китоблар учун бир дақиқа ҳам сарфлаб ўтирманг. Бу ҳаётдаги энг бебаҳо неъмат – вақтни сара китоблар мутолаасига йўналтиринг – токи ҳар бир асардан кейин янги инсонга айланинг, тафаккурингиз кўлами кенгайсин, дунёни янада баланддан туриб кузатиш имконига эга бўлинг.
Табиийки, фикрни ўзгартирадиган асарлар оғир ўқилади, унга ҳаммаям дош беравермайди, қолаверса, асар мағзини чақиш-да ҳазилакам машаққат талаб этмайди – бу йўлда гоҳ чалкашиб, гоҳ қаҳрамонлар руҳиятига тушиб, яхши-ёмон кечинмаларни бошдан кечириш, ақлни чархлашга тўғри келади. Табиийки, чархланган ақл сизни ҳаётдаги турли катта-кичик хатолардан қутқаради, яхши яшашингизга йўл очади. Яхши китоблар ана шундай қудратга эга!
Америкалик ёзувчи Пол Остер қаламига мансуб “Нью-Йорк трилогияси” романи одатий асарларга ўхшамайди. Китоб “Шиша шаҳар”, “Шарпалар”, “Қулфланган хона” каби мустақил ва бир-бирини ўзаро тўлдирадиган, жойи келганда, моҳиятини очиб берадиган уч романдан таркиб топган. Воқеалар детектив асарларга хос шаклда замонавий Нью-Йоркда кечади, айрим ўринларда ровий одамзоднинг пайдо бўлишию Американинг кашф этилиши ҳақида узундан-узоқ фикрлар юритади, бир қарасангиз, Дон Кихот ҳақидаги асарни Сервантес ёзмаган бўлиб чиқади, яна қарасангиз, мўлжалдаги одамни кузатаётган киши аслида ўзи мўлжалда – кузатилаётган бўлиб чиқади. Хуллас, саҳифалар аро чалкаш-чулкаш йўллардан юриб, якунда шундай манзилга етасизки, ҳайратингизни яширмасдан туролмайсиз.
“Забаржад медиа” нашриётида чиққан ушбу асар тўғридан-тўғри инглиз тилидан ўгирилгани ҳам аҳамиятга молик.
Айни дамда постмодернизм йўналишидаги асардан айрим лавҳалар эътиборингизга ҳавола этилмоқда.
Сараланган сатрлар
Ҳар бир ҳаракат онгли равишда бажарилганидагина ҳақиқатга айланади ва сабабчи бўлган аввалги ҳаракатнинг давоми ҳисобланади. Шу зайлда ўз табиийлиги ва онглилигини сақлаб қолади.
* * *
Қаердадир юзнинг энг ўзгармас қисми кўзлар эканини ўқиганди. Гўдакликдан то кексаликка қадар чиндан ўзгармайди улар, бунинг исботини кўрмоқчи бўлганлар бир одамнинг болаликдаги сурати билан кексаликдаги суратини солиштирганида, дарров юқоридаги ҳақиқатга гувоҳ бўлиши шубҳасиз.
* * *
Тадқиқоту тажрибалар қанчалик мукаммал бўлса, натижалар ҳам шунчалик муваффақиятли бўлади. Инсоннинг ҳаракатларини тушуниб олиш қийинмас. Қўл ҳаракатлари, одатлари ва жимжитликларидан иборат чексиз саҳннинг остида ҳеч йўқ қандайдир мантиқ, тартиб ва сабаб топилиши аниқ.
* * *
Энг ёмон эҳтимолни аввалдан ўзи яратмаса, эртага кичкинагина муваффақиятсизлик ҳам уни эсанкиратиб қўйиши ҳеч гап эмас.
* * *
Ҳақиқат учун қанча азият чексангиз оз. Ҳеч қайси фидокорлик ҳақиқат қаршисида етарли бўлолмайди.
* * *
Хотиржамлик изланишларнинг энг катта душманидир.
* * *
Дунё ҳали парчаларга ажралмаган даврларда уларни сўзларимиз билан ифодалашимиз мумкин эди. Бироқ ўша улуғвор парчаланишдан сўнг дунё чор тарафга сочилиб кетди, таниб бўлмас ҳолга келиб, майдаликлар аро чирпирак бўла бошлади. Фақат сўзларимиз муқим қолди, холос. Улар дунёнинг янги, тилкаланган воқелигига мослашолмади. Шу сабаб қачонки ўзимиз кўрган нарсалар ҳақида гапирмоқчи бўлсак, нотўғри ифодаларни ишлатамиз, таърифлашни истаган нарсамизнинг моҳиятини беихтиёр айнитамиз.
* * *
Мавжудмиз, бироқ қисматимизда битилган шаклга ҳамон киролганимизча йўқ. Бошдан-оёқ эҳтимоллардан иборатмиз, ҳали яратилмаган, нозил бўлмаган ашёнинг бир намунасимиз. Боиси, инсон қувилган махлуқот ва буни муқаддас китоблар орқали билиб олганмиз.
* * *
Колумб ундан бир тухумни қандай тик тутиши мумкинлигини сўрашган пайт тухумнинг остига астагина уриб қўйдию, пўстлоқни бироз ёриб, текислади. Тухум эса ёрилгач, текисланиб қолган пўстлоғи узра тик туришга муваффақ бўлди.
Колумб даҳонинг ўзи эди. У бутун умр Жаннатни излаб ўтди ва билохир Янги Дунёни кашф қилди.
* * *
Бу хотира деганлари Худонинг бизга қилган энг катта тортиқларидан бири.
* * *
Вақт бизни қаритади, шу билан бирга кун ва тунни ҳам тортиқ қилади. Биз ўлганимизда эса ўрнимизни тўлдирадиган бошқа бир киши доим топилади.
* * *
Чин эканига қалбан ишонган гапларингни ҳеч қачон овоз чиқариб айтма.
* * *
Жорж Вашингтон дарахтни кесди, кейин эса тангани отиб юборди. Тушуняпсанми? У бу ҳаракати билан бир ҳақиқатни ошкор қилганди. Яъни пул деганлари дарахтда ўсадиган нарса эмас.
* * *
Қайсидир буюк файласуф қадим замонларда айтганидек, пастга тушиш юқори чиқиш билан бир хил маъно касб этади.
* * *
Бодлер шундай деганди: “Ўйлашимча, мен бахтли бўла оладиган ягона жой бу ўзим бўлмаган жойдир”. Аниқроғи шуки, мен йўқ жой ўзлигим топилиши мумкин бўлган ягона макондир. Янада соддароқ айтадиган бўлсак, дунёдан ташқаридаги ҳар қандай макон ўзлигимизнинг мавжудиятини таъминлаши мумкин.
* * *
Билим ўта секин ўзлаштирилади, ўзлаштирилганида эса жуда катта шахсий қурбонликларга сабаб бўлади.
* * *
Энг аҳамиятли муаммо ўша муаммонинг шаклини тўлиқ кўролмасликдир.
* * *
Ёзиш ёлғизликни талаб қилади. Одамнинг ҳаётини буткул ишғол қиладиган куч у. Қайсидир маънода ҳеч қайси ёзувчининг фақат ўзиники бўлган ягона ҳаёти йўқ. Бордек кўринса ҳам, аслида мавжуд бўлмайди.
* * *
Ҳамма касб ҳам кундалик юмушга айлангач, сийқаси чиқиб, зерикарли бўлади.
* * *
Ўз ботинига ғарқ бўлган ҳар қандай одам учун ёзувчилик мажбуриятдир.
* * *
Ҳар бир ҳаёт сабаби номаълум сезгилар мажмуасидан, тасодифий тўқнашувлар, бевақт ҳодисалар, ўз бемақсадликларидан бошқа ҳеч нарсани намоён қилмайдиган силлиққина воқеалар тизимидан иборат эмасми?
* * *
Бир эркакнинг қалбини дунёга очишини фақат зулматгина таъминлаши мумкин.
* * *
Фикрлаш одамдан сезишни ҳам талаб қиладиган ҳодиса. У ўз-ўзича рўй бермайди.
* * *
Барчамиз ҳикоялар тинглашни истаймиз, худди болалар каби, фақат нақлларгагина қулоқ тутамиз. Асл ҳикояни сўзлар ичкарисида туриб тасаввур қиламиз, буни бажариш учун ҳикоядаги одамнинг ўрнига ўзимизни қўямиз, ўзимизни тушунганимиз учун уни ҳам тушунгандек бўламиз. Бу аслида товламачиликдан бошқа нарса эмас. Ўзимиз учун мавжуддирмиз, балки, вақти-вақти билан ким эканимизни ҳам тушуниб қолармиз, лекин ҳеч қачон бунга ишонч ҳосил қилолмаймиз. Ҳаётимиз давом эта туриб, ўзимизга нисбатан тобора шаффофлашамиз, ўз мавҳумотимизни англаймиз. Ҳеч ким бу бошқалик чегарасидан ўтолмайди, сабаби эса оддий: ҳеч ким ўз чўққисига тирмашолмайди.
* * *
Ҳаётда яшаб-яшаб англаган ҳақиқатимиз унинг қанчалар ўзгарувчан бўлиши мумкинлиги, холос. Бошингга тушганларга кўнолмайсан баъзан. Ҳатто тахмин ҳам қилолмайсан.
* * *
Одам ҳаётида бир нуқтага келгач, ҳеч қандай ўзгариш қилолмайдиган даражада кечикканини тушуниб қоларкан.
* * *
Машҳур Антарктика экспедитори Гренландия шимолида бўри тўдасига қандай тутилиб қолганини ҳикоя қилади. Ёлғиз ўзи, егулик захирасининг ҳам таги кўриниб қолган, ўзига қордан ўтов қуриб, бўрон тинишини кутишга қарор қилади. Орадан кунлар ўтади. Баридан аввал бўрилар ҳужумига учрашдан қўрққан экспедитор ҳар икки соатда ўтовидан чиқиб, уларни қўрқитиш учун бор овози билан ҳайқиради, бақириб қўшиқ куйлайди. Лекин шамол шу қадар шиддат билан эсаётирки, қанча баланд овозда бақирмасин, қулоққа чалинган ягона товуш шамолнинг ғувуллаши бўлиб қолаверади. Гарчи бу долзарб муаммо бўлса-да, ўтовнинг ўзи янада даҳшатлироқ муаммога айланиб боради. Чунки Фройхен кичик бошпанасининг деворлари тобора ўзи томон тораяётганини сезади. Ташқаридаги совуқ ҳаво шароити боис олган нафаси деворларни музлатади, ҳар нафас олишида деворлар янада қалинлашаверади, шу кўйи ўтов кичраяди, охири Фройхен ўтовга сиғмай ҳам қолади. Бир одам ўзи олиб чиқарган нафаси билан ўзини муз тобутга асир қилиши ҳақида ўйлаш кишини даҳшатга солади.
* * *
Хотиралар инсоннинг ичига ин қурадиган ўргимчакларга ўхшайди.
* * *
“Ҳар нарса”нинг кучи бўлади. Чунки ҳар нарса бўлиши мумкин бўлган лаҳзада сўзлар етмай қолади.
* * *
Бу Америка деганлари ғаройиб мамлакат. Номининг жаранглашиёқ силлангни қуритишга етиб ортади.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.
