Шаҳрисабз тарафдан Қарши шаҳрига кириб келаверишда Човқай номли аҳоли яшаш манзили бор. Қашқадарёнинг чап қирғоғида жойлашган ушбу қадимий қишлоқ ўтган аср 80-йилларида шаҳар ҳудудига киритилган. Эътиборлиси, Касби туманида ҳам Човқай қишлоғи бор. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз: бу сўзнинг маъноси нима?
Қашқадарёга оид
Заҳматкаш олим Тўра Нафасовнинг қайд этишича, човқай – ўзбек халқи таркибига кирган уруғлардан саналади. Човқайлар яқин ўтмишда манғитлар таркибида бўлган. Уларнинг манғитлар таркибига кириши XVI-XVIII асрларда юз берган бўлиб, айрим тарихий ва этнологик манбаларда «чўқай» тарзида қайд қилинган.
Қадимда «човли» деган ўзбек уруғи бўлган. Човли – лочиннинг бир тури. Човқай ва човли бир ўзакдан келиб чиққан. Сўз ўзаги – чов. Шу ўзакка -ли, -қай қўшимчалари қўшилган. Бу қўшимчаларнинг маъноси ва вазифаси бир хил ёки бир-бирига яқин: – қай қўшимчаси қадимий, -ли қўшимчаси замонавий, сўнгги даврга мансуб. Чов – лочин, бургут сингари қушларнинг чангали, панжаси. Ўткир ва учли панжали лочин – човқай, човли. Лочиннинг ана шу тури жамоа тотеми – топинадиган қуши бўлган. Қуш тасвири жамоа туғида бўлган. Тотеми ва туғидаги тасвири асосида уруғ жамоаси човқай деб аталган.