Қишлоқ ҳаёти
Киши бизнесни ўзининг уқуви бор йўналишда бошлагани яхши. Айниқса, кичик сармояси асосида бирини икки қиламан деган одам шундай йўл тутгани маъқул. Аксинча, иш аввалида чигал вазиятларга тушиб қолса, ундан чиқишга қийналиб қолиши ҳеч гап эмас. Ҳарқалай, суягинг қотган меҳнат ёки фаолият асосида қурилган бизнеснинг муваффақиятли кечиши эҳтимоли юқори бўлади.
Миришкор туманининг Миришкор маҳалласида яшовчи Тўрақул Нусратов ҳам шундай қилди. Қишлоқда ўсган эмасми, деҳқончилик ва чорвачиликда яхшигина тажрибаси бор. Ёшликдан оддий рўзғор эҳтиёжлари учун мол боққани, томорқа ишларида катталарга ёрдам бериб ўсгани унда аста-секин етарли уқувни шакллантирган.
– Ҳозир кун ўтиши учун эмас, орзу-ҳавас билан яшайдиган замонлар келди, – дейди у. – Бунинг учун иштиёқ, ҳаракат ва бор имкониятдан фойдаланишнинг ўзи кифоя. Биз ҳам шундай қилдик. Ўзимиз эплай оладиган йўналиш – чорвачиликка эътибор қаратиб, 4 та молни 10 бош, унинг ортидан келадиган 4 сўм даромадни 10 сўм қилишга интилиб кам бўлмадик. Қорамолларимиз сони 80 бош, қўй-қўзиларимиз 30 тага етди.
Тўрақул Нусратов бош оиланинг яхши бир тутуми бор. Гарчи ҳар бири ўз оиласини қурган бўлсада, тўрт нафар ўғил ота билан ёнма-ён меҳнат қилади. Келинлар ҳам умумий мақсад йўлида бирлашиб ишлайди.
Хонадондаги қорамолларнинг 50 таси соғин сигир. Ҳар куни келинлар сут соғади, қаймоқ, қатиқ, қурт тайёрлайди. Бу маҳсулотлар учун бозор излашга ҳожат йўқ – харидорларнинг ўзлари олиб кетишади.
– Ҳар куни сутнинг ўзидан бир миллион сўмдан зиёд даромад қиламиз, – дейди оила бошлиғи. – Бу маблағлар оиламиз ҳаётида катта ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Фарзандларни ўқитаяпмиз, уй-рўзғор шароитларимиз яхшиланиб бораяпти. Албатта, қорамоллар сонини яна кўпайтириб, чорвачиликни кенгайтириш ҳам диққат-эътиборимизда.
Оиланинг уч нафар ўғли деҳкончилик қилиш учун 30 сотихдан ер ҳам олган. Улар бу майдонларда озиқ-овқат маҳсулотлари, чорва учун озуқа тайёрлашни йўлга қўйишган.
– Мен фарзандларимга доимо бир гапни такрорлайман: ҳалол меҳнат инсонни юксалтиради, хонадонга файз-барака олиб киради, – дейди Тўрақул Нусратов. – Мана, бирдамлик ва меҳнат туфайли оиламиз тинч ва фаровон.
Ҳозир ушбу оила каби хонадонида ўнлаб, ҳатто юзлаб чорва боқишни, саноат усулида гўшт ва сут ишлаб чиқаришни йўлга қўйган воҳадошларимиз кўп. Шу тумандаги Айзобод маҳалласида яшовчи Манзура Давронова ҳам чорвачиликни оилавий даромад манбаига айлантирган. Унинг хонадонида 40 га яқин қорамол, 20 дан зиёд қўй парваришланади.
– Қорамолларни асосан бурдоқига боқамиз, – дейди оила бекаси. – Уларни ҳар 6-8 ойда гўшт учун сотиб, алмаштириб борамиз. Семизини сотиб, кичикроғини олиш ҳисобига даромад шаклланади, бош-сон ортиб боради. Шукур, бу фаолият ортидан кам бўлаётганимиз йўқ.
Эътиборлиси, бу иш оиланинг атиги 12 сотихли ҳовлисида ташкил қилинган. Шу ернинг ўзида қорамол порисидан органик ўғит тайёрлаш ҳам йўлга қўйилиб, тайёр бўлган гумус деҳқонларга, хусусан, иссиқхона хўжаликларига сотилмоқда.
– Биз чорвачиликни нафақат рўзғор фаровонлиги манбаига, балки оилавий бизнесга ҳам айлантирдик, – дейди Манзура Давронова. – Катта ўғлимизга алоҳида участка қилиб бериб, иш бошлаши учун унга учта қорамол ажратгандик. Шундан кўпайтириб, чорваси бош-сонини 25 тага етказди. Демак, ҳаракат қилса, эришади. Осмонга қараб ётган билан эса қорин тўймайди.
Статистик маълумотларга кўра, вилоятимизда мавжуд чорва молларининг 90 фоизга яқини айнан аҳоли хонадонларида парваришланади. Гўшт ва сут ишлаб чиқаришда ҳам улар етакчи. Юқорида мисол келтирилган оилалар каби, аҳолининг анъанавий чорвачиликка бизнес нуқтаи назаридан қараши кенгайиб борар экан, бу соҳадаги маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмида ҳам, бандлик ва меҳнаткашлар даромадлари ошиб боришида ҳам акс этиши табиий.
Шоҳиста БОЗОРОВА