Ислоҳот одимлари
Маҳалла – инсон ҳаётининг энг муҳим ижтимоий макони. Унинг ободлиги, хавфсизлиги ва замонавий инфратузилма билан таъминлангани аҳоли турмуш сифатига бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис ҳам Янги Ўзбекистонда маҳаллаларни комплекс ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Қарши шаҳрининг илгари оғир тоифадаги аҳоли пунктларидан бири саналган Чўлқувар маҳалласида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари уни бугун мутлақо янгича қиёфага киритди.
Бу манзилдаги 66 та кўп қаватли уйда жами 2561 та хонадон мавжуд бўлиб, уларда 7845 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шунингдек, маҳаллада 1 та умумтаълим мактаби, 2 та мактабгача таълим ташкилоти, 128 та савдо дўкони, 24 та умумий овқатланиш шохобчаси ҳамда юзлаб турли йўналишдаги объектлар жойлашган.
Маҳалладаги ўзгаришлар аввало кўп қаватли уйларни замонавий талаблар асосида янгилашдан бошланди. 25 та уйнинг фасади тўлиқ таъмирланди. 18 та уйнинг подъездлари тартибга келтирилиб, аҳоли учун қулай ва озода муҳит яратилди. 11 та уйнинг канализация тизими реконструкция қилинди, яна 11 та уй олдидаги кириш йўлаклари бетонлаштирилди. 9 та уйдаги фрамуга ойналар пластик ромларга алмаштирилди, 6 та уйнинг ертўласи тозаланиб, муҳандислик-коммуникация тармоқлари созланди.
Маҳалланинг ташқи қиёфаси ҳам тубдан ўзгарди. 10 та уй атрофида янги яшил ҳудудлар барпо қилиниб, кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. 9 та уй олдида умумий майдони 2040 квадрат метр бўлган бетон йўлаклар қурилди. 300 метрлик пиёдалар йўлаги фойдаланишга топширилди, яна 600 метр йўлак қурилиши давом этмоқда. Бу эса аҳолининг тартибли ва хавфсиз ҳаракатланиши учун янада қулай шароит яратмоқда.
Маҳалланинг эстетик қиёфасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 4 та кўп қаватли уй деворига миллий қадриятлар ва эзгу ғояларни акс эттирувчи расмлар чизилди. Аҳоли дам олиши учун шийпонча (беседка) ва ўриндиқлар ўрнатилди, болалар майдончалари қурилди, 7 та уй олдига суғориш тармоқлари ётқизилди. Шу билан бирга, тадбиркорларга тегишли 13 та объектнинг фасади замонавий кўринишда янгиланди. Энг муҳими, бу ўзгаришлар маҳалланинг нафақат кўринишини, балки ижтимоий муҳитини ҳам яхшилашга хизмат қилмоқда.
Ободонлаштириш ишлари жараёнида эски темир панжаралар ва бетон қопламалар демонтаж қилиниб, уларнинг ўрнида замонавий ландшафт ечимлари яратилди. Маҳаллага кириш қисми ҳам яшил ҳудудлар билан безатилди. Натижада аҳоли учун янада чиройли ва шинам муҳит вужудга келди.
Ўзгаришлар жараёнида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратилди. Ҳудудга жами 205 та кузатув камераси ўрнатилиб, профилактика инспектори назорат тизимига интеграция қилинди. Уларнинг 6 таси Face ID технологияси орқали шахсни аниқлаш, яна 5 таси эса автотранспорт воситаларининг давлат рақам белгиларини автоматик таниб олиш имкониятига эга. Бу эса маҳаллада рақамли хавфсизлик тизими шакллантирилганини англатади.
Муҳандислик-коммуникация тармоқларини модернизация қилиш ҳам кенг кўламда амалга оширилди. Жумладан, 3 та трансформатор пункти мукаммал таъмирланди, 1 та янги трансформатор пункти ва 900 метр электр кабели янгиланди. 18 та кўп қаватли уйнинг ички электр тармоқлари реконструкция қилиниб, кириш йўлакларига 700 та ҳаракат сезгичли шифт чироғи ўрнатилди. Ҳудуд бўйлаб 95 та қуёш панелли кўча чироғининг ўрнатилиши эса энергия тежамкор ва экологик ёндашувнинг амалдаги намунасидир.
Маҳаллада газ таъминотини яхшилаш бўйича ҳам салмоқли ишлар бажарилди. Ҳудудда мавжуд 15 та газ тақсимлаш пунктидан 11 таси мукаммал таъмирланди. Маънан эскирган 4 та газ тақсимлаш пункти ўрнига икки босқичли замонавий тизим жорий этилди. Шунингдек, 6,4 километр газ қувурлари таъмирланиб, тартибга келтирилди ва бўялди.
Маҳалланинг ахборот-коммуникация инфратузилмасини яхшилаш мақсадида алоқа кабеллари тизимлаштирилди ва бу интернет сифати сезиларли даражада яхшиланишига хизмат қилди. Ичимлик суви ва оқова сув тизимларини такомиллаштириш доирасида аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан қурилган 13 та сув ҳовузи демонтаж қилинди. 6 та кўп қаватли уйнинг ички сув тармоқлари тартибга келтирилди, очиқ оқова сув кузатув қудуғлари махсус қопқоқлар билан жиҳозланди.
Бугун Чўлқувар маҳалласида кечган кенг қамровли ўзгаришларга назар ташлар эканмиз, бу ерда амалга оширилган ҳар бир ишда аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилаш, маҳаллада хавфсизлик, қулайлик ва фаровонлик учун мустаҳкам замин яратишга бўлган интилишнинг амалий ифодасини кўрамиз.
Чўлқувар энди нафақат Қарши шаҳри, балки Қашқадарё вилоятида маҳаллаларни комплекс ривожлантириш бўйича намунавий ҳудудлардан бирига айланди. Бу тажриба бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди: маҳаллага киритилган сармоя, энг аввало, инсоннинг муносиб ҳаётига, эртанги кунга бўлган ишончига ва жамият тараққиётига тикилган сармоядир.
Ўз мухбиримиз