Қашқадарё газетаси Маънавият Шаҳрисабзнинг биринчи аёл ҳокими ҳақидаги китоб тақдимоти ўтказилди
Маънавият

Шаҳрисабзнинг биринчи аёл ҳокими ҳақидаги китоб тақдимоти ўтказилди

Яхшилар ёди

Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими ташаббуси билан Шаҳрисабз давлат педагогика институтида “Шижоат, Одиллик, Диёнат, Инсонийлик, Оқибат, Йўлбошчилик ҳақида ҳикоялар” китоби тақдимоти ўтказилди.

Китоб фидойи инсон, ташаббускор ва ташкилотчи раҳбар Шодиой Мансурова (1946-2024) ҳақида бўлиб, у киши халқпарвар, меҳнатсевар, ҳалол ва билимдон инсон сифатида кенг жамоатчиликнинг юксак ҳурматини қозонган эди.

Шодиой Мансурова вилоят хотин-қизлари орасида биринчилардан бўлиб Шаҳрисабз шаҳри раҳбари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси бўлиб ишлаган, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони, “Саломатлик” ордени соҳибаси ҳисобланади.

Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими томонидан Тошкент шаҳридаги “Pages Print” нашриётида чоп этилган мазкур тўплам “Қалбга муҳрланган тарих”, “Ёдимизда мангу барҳаёт”, “Шодиой Мансурова – ижодкорлар нигоҳида” каби боблардан иборат бўлиб, бирга ишлаган ҳамкасблари, шогирдлари, фарзанди ва яқинлари, шунингдек, ёзувчи, шоир ва журналистларнинг фикр-мулоҳазалари баён этилган. Жумладан, Комила Каромова, Озод Пармонов, Муҳаббат Шарапова, Марям Гелдиева, Бўри Норқобилов, Хосият Бобомуродова хотиралари ўқувчи қалбида ўчмас из қолдиради. Китобда, шунингдек, Шодиой Мансурова ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи кўплаб суратлар ҳам ўрин олган.

– Устозим Шодиой Аслоновна Шаҳрисабз шаҳрининг биринчи раҳбари бўладими, Қарши тумани ёки шаҳридаги масъул лавозимларда ишлайдими, маҳалла раиси бўладими – барча жойда ўз ўрни ва ўз сўзига эга эди, – дейди Комила Каромова. – Одамлар унинг ортидан эргашарди, чунки у айтган гапни аввало ўзи бажарарди. Шунинг учун ҳам эл орасида “Кичик жуссадаги тоғдек қудратли аёл” деган самимий эътирофга сазовор бўлган эди.

Тақдимотда Шодиой Мансурова билан елкама-елка ишлаган инсонлар, шогирдлари, нуронийлар, жамоатчилик фаоллари фидойи ва самимий инсон билан боғлиқ хотираларни ёдга олишди.

Тақдимотда Шодиой Мансурова ҳақидаги видеоролик ҳам намойиш этилди.

Б.САЙФИЕВ

Суратларда: тақдимотдан лавҳалар.

Exit mobile version