Қашқадарё газетаси Саломатлик ШОШИЛИНЧ ТИББИЙ ЁРДАМ: КЕНГ ИМКОНИЯТЛАР, ЮКСАК НАТИЖАЛАР
Саломатлик

ШОШИЛИНЧ ТИББИЙ ЁРДАМ: КЕНГ ИМКОНИЯТЛАР, ЮКСАК НАТИЖАЛАР

  • Шавкат МИРЗИЁЕВ:
  • Соғлиқни сақлаш соҳасини тезкор ва самарали, халқчил тизимга айлантириш йўлидаги ислоҳотлар жараёнида сизлар ўз зиммангиздаги масъулиятни шараф билан адо этиш учун бор билим ва маҳоратингиз, салоҳият ва тажрибангиз, азму шижоатингизни намоён этишингизга ишонаман.

Ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси – Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари куни

Шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бемор тақдирини сониялар ҳал қилиб қолиши мумкин. Бу инкор этиб бўлмас ҳақиқат тиббиёт ходимларининг иш фаолиятида кўп бора ўз исботини топган. Шу боис шифокорлар ҳарбийлар сингари доимо шай ҳолатда туриши, кези келганда тезкор қарор қабул қилиши, амалий ҳаракат бошлаши талаб этилади. Айниқса бу кўникмалар шошилинч тиббий ёрдамга ихтисослашган шифохоналар ходимлари учун жуда муҳим.   

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Қашқадарё филиалига ҳар куни юзлаб кишилар дардига даво излаб келади. Буни жорий йилнинг дастлабки олти ойида ушбу муассасага 51 минг 644 нафар бемор мурожаат этгани ҳам тасдиқлаб турибди. Улардан 14 минг 47 нафари (27,2 фоиз) стационарга ётқизилган, 37 минг 597 нафари (72,8 фоиз) амбулатор шароитда тиббий ёрдам олган.

– Шу давр мобайнида бизда жами 6 минг 682 та турли хил жарроҳлик амалиёти амалга оширилиб, шулардан 4 минг 916 таси стационар, 1 минг 766 таси амбулатор тартибда бажарилди, – дейди филиал директори, тиббиёт фанлари номзоди Равшан Тўлаков. – Айни пайтда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари турлари ва сони ҳам сезиларли даражада ошди. Кўзда тутилаётган даврда амалга оширилган 74 турдаги 3 минг 42 та жарроҳлик амалиёти шу таснифга тўла мос келади. 

Сўнгги йилларда филиал мунтазам равишда энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар ва ташхислаш қурилмалари билан жиҳозланиб келаётгани қатор ноёб амалиётларни шу ернинг ўзида бажаришни йўлга қўйишга имкон бергани ҳам аҳамиятли. Жумладан, буйрак трансплантацияси; аорта-коронар шунтлаш; юрак туғма нуқсонларини кесмасдан окклюдер ёрдамида ёпиш; ангиография ва коронар томирларда стенд ўрнатиш; лапароскопик қорин олди девори чуррасини бартараф этиш; артроскопия ва бўғим эндопротезлаш; умуртқа поғонасини транспедикулёр фиксация усулида мустаҳкамлаш; бош мия ўсмаларида ультратовуш ёрдамида селектив аспирация; пастки ковак венасига кава-фильтр ўрнатиш; доимий ёки вақтинчалик кардиостимулятор қўйиш; лапароскопик бариатрик амалиётлари илк маротаба муваффақиятли амалга оширилди.

Бир сўз билан айтганда, бу янгиликлар вилоят аҳолисига юқори малакали, замонавий тиббий ёрдамни ўз ҳудудида олиш имкониятини яратиб, ўзида соғлиқни сақлаш тизимидаги сифат ўзгаришларини яққол намоён этмоқда.

Ўз мухбиримиз

Ж.НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.

Exit mobile version