Қашқадарё газетаси Жамият «ШУҲРАТ» ҚЎРҒОНИ ЎРНИДА ТЎПХОНА БЎЛГАНМИ?
Жамият

«ШУҲРАТ» ҚЎРҒОНИ ЎРНИДА ТЎПХОНА БЎЛГАНМИ?

Қашқадарёга оид

Бир қарашда Қарши шаҳрида тарихий ёдгорликлар камдек, Самарқанду Бухоро, Хива билан солиштирганда мақтаниб бўлмайдиган манзарага эгадек. Бироқ тарих силсиласини кузатиб, ўтмиш ҳужжатларини варақласангиз, кўплаб маълумотлар, далиллар бўй кўрсатадики, улардан ҳайратланмасликнинг имкони йўқ.

Тўғри, сон жиҳатидан бошқа шаҳарлар билан бўйлаша олмас, аммо бир вақтлар бу ерда ҳам кўплаб обидалар бўлгани аниқ. Турли сабаблар туфайли тарихий обидалар йўқликка юз тутган.

Бир маҳаллар Қарши шаҳрининг тўрт дарвозаси ёнида биттадан – тўртта тўпхона бўлганига нима дейсиз? Шаҳар кунчиқаридаги тўпхона ўрни ҳозир ҳам сақланиб қолгани учун аҳоли орасида «Тўпхона» деб аталади. Таниқли олим Тўра Нафасовнинг қайдларига кўра, ҳозирги «Шуҳрат қўрғони» номли ёдгорлик ўрнатилган тепаликда қадимги тўпхоналарнинг бири бўлган. Шаҳарнинг жануби ва шимолидаги тўпхоналар ўрни эса ноаниқ. Бирор тепаликка тўпхона номи қўшиб айтилмайди.

Одатда тўпхоналар шаҳар четларида, кичик, ясси тепалик устида бунёд этилган. Дарвозалардан тўпхоналарга қадар равон  йўл бунёд қилинган. Шаҳар қўрғони буржлари ва дарвозаларидаги минора (шинак)лари билан тўпхонадаги кузатиш нуқтаси ўртасида доимий, бевосита алоқа ўрнатилган.

ТЎҚБОЙНИНГ МАЪНОСИ НИМА?

Қамаши, Яккабоғ туманларидаги Тўқбой қишлоғи ҳақида биламиз. Тошкент вилоятининг Бекобод, Қуйи Чирчиқ ҳамда Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманларида ҳам худди шу номда қишлоқлар бор экан. Хўш, Тўқбой нима дегани ўзи?

«Ўзбекистон жой номларининг изоҳли луғати»га кўра, тўқбой – этноним саналади. Масалан, манғит қабиласининг уруғларидан бири тўқбой деб номланган. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асарида тўқбой уруғ сифатида тилга олинган. Илмий манбаларда юз қабиласининг уруғларидан бири ҳам тўқбой деб аталган.

Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида рус зобити А.Д. Гребенкин томонидан 1870 йилда ёзиб олинган ривоятга кўра, ўзбек-саройлар жойлашган асосий ҳудуд Балх вилояти бўлиб, улар кейинчалик шимол томон силжишган ва Ғузор атрофларига ҳамда Қарши ва Жом (Самарқанд) ўртасидаги чўлларга ўрнашганлар. Бир қисми Каттақўрғон чўлларига жойлашган.

А.Д.Гребенкиннинг сўзларига қараганда, бу ерга саройларнинг ўнта асосий уруғидан фақат иккитаси – жомонас ва тўқбой уруғлари келган бўлиши мумкин.

ИЖОДИ АРАБ, ИНГЛИЗ, НЕМИС, ФРАНЦУЗ, ТУРК, ҲИНД ВА РУС ОЛИМЛАРИ ТОМОНИДАН ТАДҚИҚ ҚИЛИНГАН ҚАРШИЛИК ОЛИМ

Қашқадарё заминидан кўплаб буюк алломалар етишиб чиққан. Уларнинг бой илмий ва маънавий меросини ўрганиш бугунги авлод зиммасидаги муҳим вазифа саналади.

Дунё илм аҳли танийдиган зотлардан бири Азизиддин Насафий Шайх Нажмиддин Кубро таълимоти ва Муҳйиддин ибн Арабий тариқатини ўзаро боғлаган кубровия машойихларидан бири саналади.

Филология фанлари доктори, профессор Нафас Шодмоновнинг маълумотларига кўра, Азизиддин Насафийнинг ёшлик йиллари Қаршида кечган. Сўнгра Бухорога бориб, кўп йиллар илм ўрганган. Нажмиддин Кубронинг шогирди шайх Саъдуддин Муҳаммад ибн Муайяд Ҳамавийдан (1191-1252) тасаввуф сирларини ўрганган. Айни пайтда, тиб илмидан сабоқ олган ва табиблик қилган. Элхонийларнинг Бухорога ҳужумидан сўнг (1273 йил), Исфаҳон,  Шероз сингари Эрон шаҳарларига сафар қилган. Ўзининг чуқур билими  ва қобилияти туфайли шайхлик мартабасига эришган.

Азизиддин Насафий форс тилида ижод қилган. «Инсони комил» асари аллома рисолаларининг мажмуаси деб ҳам юритилади. Асар муқаддима ва турли мавзуларга бағишланган. 22 рисоладан иборат. Ундаги рисолаларнинг кўпи «Манозилу-с-сойирин» («Йўловчилар қўналғаси»)нинг баъзи нусхаларида учрайди. Ушбу асар 556 саҳифа бўлиб, ирфон ва ҳикматларга оид нозик тушунчалардан баҳс юритади.

Шунингдек, Азизиддин Насафийнинг «Зубдату-л-ҳақойиқ» («Ҳақиқатлар қаймоғи»), «Усул ва фуру», («Илдизлар ва бутоқлар»),  «Мабдаъ ва маъод» («Асли макон ва унга қайтиш», «Мифтоҳу-л-асрор»)  («Сирлар калити»), «Нафси инсоний», «Ваҳдати вужуд» ва бошқа китоблари чет элларда чоп этилган.

«Зубдату-л-ҳақойиқ»да Азизиддин Насафий тасаввуф орқали инсоннинг маънавий юксакликка кўтарилиши ва унинг эришиши мумкин бўлган даражалар ҳақида маълумот беради.

Азизиддин Насафий ижоди араб, инглиз, немис, француз, турк, ҳинд, рус олимлари томонидан тадқиқ этилган. Қўлёзма нусхалари Вена, Лейден, Лондон, Калкутта, Душанбе, Истанбул, Санкт-Петербург, Теҳрон шаҳри кутубхоналарида, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари марказида сақланади.

Атоқли олим Наж-миддин Комиловнинг таъкидлашича, Азизиддин Насафийни комил инсон илмининг назариётчиси деб аташ мумкин. Чунки унинг барча асарларида бу мавзу марказий ўрин тутади. У комил инсонга шундай таъриф беради: «Билгилки, комил инсон деб шариат ва тариқат ва ҳақиқатга етук бўлган одамга айтадилар ва агар бу иборани тушунмасанг, бошқа ибора билан айтайин: билгилки, комил инсон шундай инсондирким, унда қуйидаги тўрт нарса камолга етган бўлсин: яхши сўз, яхши феъл, яхши ахлоқ ва маориф».

Азизиддин Насафийнинг мазкур таърифидан келиб чиқадиган хулоса шуки, комил инсон ҳаётдан ташқари бўлган аллақандай мавҳум зот эмас, балки реал одамдир, яхши фазилатларни эгаллаб борган инсон ана шундай мартабага кўтарила олади. Бунинг учун эса тариқат ва риёзият  мақомларини босиб ўтиш зарур.

Азизиддин Насафий асарлари ўрта асрлардаёқ Европада маълум бўлган. 1665 йили А.Мюллер «Масаду-л-ақсо» асарини лотин тилида нашр эттирган эди.  1953 йилда Ф.Меер шайхнинг ҳаёти ва ижодига доир тадқиқотини эълон қилади. Ўтган аср 60-йилларида М.Моле Азизиддин Насафийнинг комил инсон ҳақидаги асарини Парижда, А.Маҳдавий «Кашфу-л-ҳақойиқ» асарини Теҳронда нашр этади. Рус шарқшунос олими А.Э.Бертельс «Зубдату-л-ҳақойиқ» асарининг танқидий матнини тайёрлайди.

Азизиддин Насафий Эроннинг Абркўҳ шаҳрида вафот этган.

АМИРЛИК БАЙРОFИГА НЕГА ҚЎЛ ТАСВИРИ ТУШИРИЛГАН?

Давлат байроғи мустақиллик, озодликнинг ўзига хос тимсоли ҳисобланади. Совет тузуми даврида мустабидлик рамзи ўлароқ қон рангидаги байроқ гўё халқ иродасини, аслини олганда, мустамлакачилар иродасини ифода этарди.

Ундан аввал, хонлик ва амирликлар замонида ҳам байроқ бўлганми, йўқми?

Қадимги байроқларимиз ҳақида сўз бораркан, одатда Амир Темурнинг уч ҳалқали мовий тусдаги байроғи кўз олдимизга келади. Ундан кейинги даврларга оид байроқлар ҳақида эса деярли ҳеч нарса билмаймиз.

Маълумки, шўролар келгунга қадар Қашқадарё ҳудуди Бухоро амирлиги таркибида бўлган. Амирликнинг расмий давлат рамзи ҳисобланмиш байроқ 1868 йилда Амир Музаффар томонидан тасдиқланган ва 1920 йилда Бухоро халқ совет республикаси ташкил этилгандан кейин бекор қилинган.

Байроқ оч яшил рангдаги тўғри тўртбурчак матодан тикилган бўлиб, амир номи арабча ҳарфлар билан мил бўйлаб олтин рангда, бўш жойида эса шаҳодат ёзилган. Ёзувлар орасига «Фотиманинг қўли» (Хамса) устидаги олтин ярим ой ва беш қиррали юлдуз ўрнатилган. Матонинг чегараси қора безакли тўқ сариқ рангда эди. Мил яшил бўлиб, тепасида олтин ярим ой бор эди.

Ярим ой ва юлдуз туркий диёрлардаги ислом рамзи бўлса, панжа тасвири «Фотима қўли» деб номланади ва ўзига хос тумор вазифасини ўтаган.

1868 йилда Бухоро амирлиги Россия империясининг вассалига айланиб, унинг протекторати мақомини олди. Мустақиллик бой берилганидан   кейин ҳам байроқдан амирликнинг рамзи сифатида фойдаланилади. Бу байроқ Бухоронинг кейинги амирлари: Саид Абдулаҳадхон ва Саид Олимхон даврида ҳам қўлланган.

1920 йил 8 октябрда Бухоро халқ совет республикаси эълон қилинади. Амир ва унинг ҳукумати Бухоро амирлигининг шарқий қисмига, сўнгра Афғонистон амирлигига қочишади.

1921 йил 23 сентябрда бўлиб ўтган иккинчи Умумбухоро қурултойи Бухоро халқ совет республикаси конституциясини қабул қилади ва тасдиқлайди, унинг 79-моддасида давлат байроғи ҳам тасвирланган эди.

Мазкур байроқ иккита параллел тикилган матодан ташкил топган бўлиб, устки қисми яшил ва пастки қисми қизил рангда, уларнинг ўртасида олтин ўроқда ярим ой тасвири, унинг ичида беш қиррали олтин юлдуз ифодаланган. Юқори яшил матода унинг чап бурчагида милга яқин жойлашган БНСР ҳарфлари мавжуд бўлган.

1924 йилда амалга оширилган миллий-ҳудудий чегаралашдан кейин ушбу байроқ ўрнига янги иттифоқ республикаларининг байроқлари ишлаб чиқилган.

Амир Музаффар тасдиқлаган амирлик байроғи намунаси ҳозирда Бухоро тарих ва ўлкашунослик музейида сақланади.

БЕКЗОД тайёрлади.

Exit mobile version