Хитойнинг Тяньцзин шаҳрида 31 август-1 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) саммитида йигирмадан ортиқ давлат раҳбарлари, шунингдек, 10 та халқаро ташкилот вакиллари иштирок этиши кутилаяпти. Бу ҳақда мезбон мамлакат ташқи ишлар вазири ёрдамчиси Лю Бинь маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, халқаро етакчилар ШҲТнинг муваффақиятли тажрибаси ва ташкилотнинг ривожланиш йўналишларини муҳокама қиладилар, шунингдек, ШҲТ доирасида ҳамкорлик масалалари юзасидан қарорлар қабул қилишади.
Тадбирга Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Озарбайжон, Эрон, Туркия, Россия, Беларусь президентлари, Покистон, Ҳиндистон, Арманистон бош вазирлари ва бошқа давлатлар етакчилари, сиёсатчилар таклиф этилган.
ШҲТ – 2001 йилда асос солинган халқаро ташкилот бўлиб, унга дастлаб Ўзбекистон, Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон аъзо бўлган. 2017 йилда Покистон ва Ҳиндистон, 2023 йилда Эрон ҳамда 2024 йилда Беларусь ушбу таркибга қўшилган.