Сараланган сатрлар
Одатда бирор масала устида эзмаланиб, ижикилаб сўраётган, сўз юритаётган кишига “Фалсафа тўқима” дея дашном берамиз. Аслида фалсафа нима ўзи? У чиндан ҳам эзмалик, гап йўғида гапми? Бу фан нимага керак? Фалсафий фикрларсиз ҳаёт мазмунини, ранг-рўйини йўқотадими?
Фалсафа инсонга ҳаётнинг маъно-мазмунини англаш, қандай яшаса, саодатга эришиш мумкинлигини англаш учун зарур. Кундалик ҳаётда эса ҳар нарсага кўр-кўрона ишонмаслик, яъни танқидий фикрлаш учун, воқеаларга турли нуқтаи назардан қараш – дунёқарашни кенгайтириш учун, нима тўғри, нима нотўғри эканини билиш учун зарур.
Аслида ҳамманинг ўз фалсафаси бўлади: пул-дунёга берилганнинг ҳам, илм денгизига ўзини отганнинг ҳам, нодоннинг ҳам, дононинг ҳам, оқилу жоҳилнинг ўз қарашлари, ҳақиқат деб билган фикрлари бўлади. Аммо уларнинг қай бири умуминсоний аҳамиятга эга, ахлоқий қадриятларга мувофиқ? Ҳамма гап ана шунда.
Виктор Алимасов деган файласуфни эшитган чиқарсиз. Олимнинг кўп фикрлари теранлиги, ўзига хослиги билан эътиборга молик. Бинобарин, бугун олимнинг “Одам” китобидан фалсафий-бадиий термалар жамладик. Ишонамизки, ушбу лавҳалар Сизни бефарқ қолдирмайди.
* * *
Абадий борлиқ. Абадий ўтмиш ва абадий келажак. Нимаики одам ақлидан кенг, йироқ, мутлақ мавжуд, бари – абадий. Аммо “абадий” деган сўзни миллиард нуқталардан яратган одамнинг ўзи абадий эмас. Унинг қалбида абадий бўлиш орзуси яшайди, холос.
* * *
Одам Ато ва Момо Ҳаво илк одамлар эди. Улар тақиқланган мевани еб жаннатдан қувилган. Уларнинг насллари жаннатни ўз қўллари билан қуришга аҳд қилдилар, минг ваҳки, мазкур ниятларини рўёбга чиқара олмадилар. Одамда жаннатда яшаш истаги, нияти асло сўнмаган.
* * *
Алдоқчилик ҳам касб, лекин унга миллионлаб кишиларнинг ишонишига изоҳ тополмайман. Демак, одам қалбида алдаш ва алданишга мойиллик мавжуд.
* * *
Ўтакетган қайсарлик қайсарни қайиради. Шу боис ҳаёт муросага қурилган.
* * *
Омад тилаган омад топар, бироқ омад қуруқ тилак билан топилавермайди.
* * *
Ҳаётга қанчалик жиддий қараганинг сайин ундан шунчалик кўп қусур топасан. Ҳатто, энг яқин одамларинг ҳам серқусур кўринади. Бахтли яшамоқчимисан – ҳаётга жиддий қарама, у ҳам қисматингга битилган бир ўйин-да!
* * *
У ҳар билимлига бир танга, деб топган пулларини тарқатиб юрар, пули қолмаганида дўпписини олиб, эгилиб таъзим қиларди. Ҳозир билимлилар кўпайди, лекин билимлига таъзим қиладиган қани?
* * *
Бизда “бойвачча” ҳақоратомуз ибора сифатида ишлатилади. Аслида бойваччадаги инсоний фазилатларни юксалтириш даркор, токи у қолганлар учун ибратга айлансин. Ҳозирги бойваччалар эса ўз ғами ва айши билан банд.
* * *
Болалик – беғуборлик. Одам умрини болалигида кўрган, эшитган ва билган нарсаларига қиёслайди, ундан мукаммаллик излайди. Демак, одам қалбида мудом беғуборлик яшайди. Ундаги барча ахлоқий фазилатлар болалик беғуборлигидандир.
* * *
Мағрур яшаш ҳали масъулиятли яшаш ифодаси эмас. Бургут ҳам қанотларини ёйиб, денгиз, қир, қоялар устидан мағрур учади. Мағрурликда унга тенг келадиган жонзот йўқ, лекин унинг ўткир нигоҳи фақат ожиз ўлжа қидиради.
* * *
Фақирлик руҳни таҳқирлайди, орзуни сийқа, амални суст қилади. Майли, гумашта бўл, лекин фақир бўлма.
* * *
Ҳеч кимга ишинг тушмаса-да, шубҳасиз, гўрковга ишинг тушади.
* * *
Даврнинг мақтагани ҳали боқийнинг мақтагани эмас. Аслида боқий мақтамайди, У – кутади ва асрайди. У нимани асрамаса, давр билан бирга унутилишга маҳкум.
* * *
Давлат давлатмандни излайди.
* * *
Танбаллар пешгоҳга чиқса, пешволарни пойгакда кўрасиз.
* * *
Башариятнинг бугунги умиди демократияда. Агар ушбу умид сўнса, унинг нишоналари ҳар қадамда кўзга ташланади, башариятнинг келажаги мавҳум қолади.
* * *
Бу дунёда мен таъзим қиладиган киши – Деҳқон. У халқни боқиб, гоҳо ўзи оч юрадиган, покдомон, хокисор инсон! Бугун У қолиб, Унинг неъматларини сотаётган чайқовчи, ижарачи ва олибсотарлар бойиётгани ғоят ачинарли ҳол.
* * *
Душмани йўқнинг – дўсти йўқ, дўсти борнинг душмани ёнида. Дўст қасам ичмайди. Дўстнинг қасами бутун дўстлик устидан истеҳзо бўлиб эшитилади.
* * *
Пер Кюри ва Мария Склодовская-Кюри – ёнма-ён яшаган икки буюк ақл эгаларидир. Содда ва ибратли ҳаёт кечирган ушбу жуфтдан туғилган қиз ҳам Нобел мукофотига сазовор бўлган. Ушбу учта буюк ақлнинг ўта камтар, беҳашам, ҳатто, ғарибона кулбада яшаганини бугунги авлод тасаввур қилолмайди.
* * *
Мен яшашни китоблардан ўрганганман, шу боис ҳаёт менга мудом шубҳа билан қараган. Онгимнинг китоблар ва ҳаёт ўртасида сарсон кезиши ҳайратли эмас.
* * *
Керагидан ортиғини истамаслик, керагидан ортиғини йиғмаслик ва керагидан ортиғини севмаслик ҳаётий маслагинг бўлгач, ишонч билан руҳим эркин, ўйим эркин, ўзим эркинман, дейишга сенда асос бор. Керагидан ортиғини истаган заҳотинг керагидан ортиғига бандисан. Одамни эркин яшашга ўргатишдан олдин уни керагидан ортиғини истамасликка ўргатиш вожиб.
* * *
Ўзингиздан ўзмоқчимисиз – галактика ва метагалактикаларга, ижтимоий муҳитдан ўзмоқчимисиз – сунъий борлиққа, оламдан ўзмоқчимисиз – қизиқарли борлиқдан муқим борлиққа фикран саёҳат қилишни ўрганинг. Лекин, уларнинг ҳеч бири руҳингизни шод этолмаслигини унутманг. Мана, файласуфнинг қисмати!
* * *
Ҳамма нарсани пулга чўтлайдиган савдогар ва судхўрлардан ватанпарвар чиқмайди. Хуросон ноиби Умайя ибн Абдулла (692-697 йиллар)нинг Мовароуннаҳрга юришини сўғдлик савдогарлар ва судхўрларнинг пул билан қўллаб-қувватлаганлари мисол бўлиши мумкин. Улар учун Ватан эрки ва озодлигидан ўз пулларини устама билан кўпайтириш муҳимроқ эди.
* * *
Тарихни эркаклар яратадилар, аёллар эса уни асраб келадилар. Тарихни асрамоқ, тарихни яратмоқдан кам жасорат эмас.
* * *
Сотқинни кечиришим мумкин, лекин вақтимни олганни кечиролмайман.
Сотқин боис тўкилган шаънимни қайта тиклашим мумкин, бироқ ўғриланган вақтимни қайта тиклай олмайман.
* * *
Аёл бахт яратмайди, У бахт тилайди. Ўзига бахт тилаб, аёл сизга ҳам бахт улашади. Аёлга бахт бермаган эркакни аёл бахтиёр этмайди.
* * *
Иқтидор – нозик гул, қарамасангиз, у ёввойи ўтлар ичида нобуд бўлади.
* * *
Ёшлик – лақмалик, уни кечириш ҳаёт талаби, лекин қариганингдаги лақмаликни ўзинг ҳам, ёнингдагилар ҳам, ҳатто Яратган ҳам кечирмайди.
* * *
Нимагадир, қаердадир қоқилиш одам қисмати, аммо қозиқдек қоқилиб, қотиб қолишдан қўрқиш керак.
* * *
Эгилган ҳақиқатда ҳақиқат қолмайди, энди У эгганнинг ҳақиқатидир.
* * *
Ҳаёт, агар унда яшай олсанг – завқли. Акс ҳолда У машаққат, изтироб ва муаммолардан иборат. Ҳаётни севганингда Унинг завқи билан бирга машаққат, изтироб ва муаммоларини ҳам севганингни тасдиқлайсан.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.