Муносабат
Битта инсоннинг кўнглини олиш қанчалик қийин, бутун халқни рози қилиш эса чинакам машаққат. Барча давлатлар билан тил топишиш айниқса бугун дунё алғов-далғов бир пайтда манаман деган даҳонинг ҳам қўлидан келавермайди.
Мамлакат сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатнома йўллашига бағишланган юксак даражадаги йиғилишда иштирок эта туриб, ана шулар ҳақида фикр қилиб, фахр-ифтихорга қоришиқ туйғу кўнглимдан ўтди.
Давлат раҳбари нутқида келтирилган ўтган йилги эришилган муваффақиятлар, бунга оид рақамлар олқишлар билан эътироф этилди. Тан олиш керак, қайсидир халқлар аламу армонлар билан, яна кимлардир уруш ва тинчлик ўртасидаги ҳадик, баъзилар эса охири мавҳум режалар ила йилни якунлашди. Шукурки, 2025 йил халқимиз учун арзирли хотираларга бой, тинчлик-хотиржамлик, баланд орзулар йили сифатида эсда қоладиган бўлди.
Қайд этилганидек, «Қанчалик оғир бўлмасин, бошланган демократик ислоҳотлар қатъий давом эттирилгани, халқимизнинг қўллаб-қувватлаши ва ёшларимизнинг ғайрат-шижоати, ҳамжиҳатлик асоси бўлган маҳалланинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсири кучайтирилгани, одамларнинг онги ва дунёқараши ўзгариб, эл-юртимиз янада жипслашгани, тадбиркор, деҳқон ва фермерларнинг ташаббускорлиги ва мардона меҳнати, ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган дўстона ташқи сиёсат ҳисобига 2025 йилда барча соҳаларда улкан ютуқларга эришилди». Дарҳақиқат, Ўзбекистон халқи миллатпарвар етакчи раҳбарлигида янги орзулар эшигини очди, кеча ҳатто хаёлга ҳам келмаган ўзгаришлар, ниятлар рўёбини бугун кўрмоқда.
«Тўққиз йил олдин 100 миллиард долларлик рақам биз учун жуда катта марра бўлиб кўринарди. Бу йил тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулотимиз илк бор 145 миллиард доллардан ошди», деди давлат раҳбари. Табиийки, бу каби рақамлар одамларда эртанги кунга ишончни юксалтиради, ёрқин келажак сари дадил қадам ташлашга ундайди.
2025 йилда аҳоли фаровонлиги ва бизнес ривожига хизмат қиладиган инфратузилмани такомиллаштириш бўйича катта ўзгаришлар бўлгани рост. Мурожаатномада таъкидланганидек, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 85 миллиард киловатт соатгача ошди. 2016 йилда бу кўрсаткич 60 миллиардни ташкил этган. Биз тенги авлод яхши билади: қишлоқларда аҳоли кунлаб электр таъминотисиз қолар, одамлар бирор раҳбарга дуч келиб қолса, кунига ҳечқурса бир соат «свет» берилишини сўрашдан нарига ўтмасди. Бугун бу эртакка ўхшайди – болаларимизга айтсак ишонишмайди.
Кичик ҳовлида 4-5 оила яшагани кўпларнинг ёдидадир!? Бугун ҳар бир оила Ватан ичра ватан қуриш, бошпанали бўлиш имконига эга. 2025 йилда 8,1 миллион квадрат метр майдонда уй-жой қурилибди, аҳолининг ўзи ҳам 19 миллион квадрат метр ерда уй-жой қургани яратилган имконият ва имтиёзлар эшигининг кенг очилгани натижаси десак, айни ҳақиқатдир.
Беш йил олдин аҳолимиз йилига 210 минг квартира, 600 минг автомобиль харид қилган бўлса, бу йил 270 мингта уй, 1 миллионта машина сотиб олган. Бу ҳам аҳоли даромади ва харид қобилияти ошаётгани, фаровонлик кундан-кун яхшиланаётганидан далолат.
Президентимиз Мурожаатномада мамлакат ҳаётининг ҳар бир жабҳасини янада ривожлантиришга оид йирик ташаббусларнинг ижроси билан бирга келгуси йиллардаги энг муҳим вазифаларга ҳам тўхталиб, 2026 йилни юртимизда «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили», деб эълон қилди. Дарҳақиқат, мамлакат тинчлиги аввало маҳалла осойишталигига боғлиқ. Маҳалла ривожланса, мамлакат юксалади, деган сўзларда ҳам катта маъно бор. Юксалиш, ривожланиш эса ўз-ўзидан бўлмайди. Уни маънавияти юксак, билимли, юрти учун борини фидо этадиган фарзандлар юксалтиради.
Қайд этиш жоиз, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, порахўрлик, зўравонлик каби бугунги куннинг энг йирик хавфларига қарши турадиган куч маънавий баркамоллик ҳисобланади. Шунинг учун ҳам фарзандларимиз тарбиясига доим асосий эътибор қаратиш даркор. Бинобарин, аҳолини маърифатли, билимли, китобхон қилиш учун Президентимиз томонидан кеча тушимизга ҳам кирмаган улкан рағбатлар берилаяпти. Кўп китоб ўқиганга манаман деган давлатларда ҳам автомобиль совға қилинмайди. «Ёш китобхон», «Ёш китобхон оила», «Китобхон уй бекаси», «Китобхон давлат хизматчиси» номли нуфузи баланд ва нуфуси кенг танловлар фақат бизда бор. Бу анъана янада давомли бўлиши Президентимиз Мурожаатномасида алоҳида таъкидланди:
«Маҳалла ёшларининг китобхонликка бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида мактаб кутубхоналарини ҳар йили 10 миллион дона бадиий адабиётлар билан таъминлаб борамиз.
Китоб ўқиган шиддатли ислоҳотларимизни тушунади, тушунган одам эса унинг қадрига етади. Қадрлаган одам эса уни асрайди, авайлайди, янада мустаҳкамлайди».
Ўтган йил 14 мингдан зиёд гиёҳвандлик жинояти қайд қилинган. Уларнинг 3 мингга яқинини ёшлар содир этгани барчамизни жиддий ўйлантириши керак. Энди наркожиноятларга қарши курашиш умуммиллий ҳаракатга айлантирилиб, жамиятда бу иллатга муросасиз муҳит яратиш вазифаси қўйилди. Бу соҳада қабул қилинган Миллий дастур ижросига ҳаммамиз киришсаккина, мақсадга етамиз.
Қолаверса, Президентимизнинг қуйидаги фикрлари ҳаммамизни оёққа турғазиши керак: «Донишманд боболаримизнинг «Бирлашган – ўзар, бирлашмаган – тўзар», деган ҳикматли мақоли бор. Тарих давомида қандай оғир синовларга дуч келмайлик, биз аввало бирдамликдан куч олдик. Машаққатли кунларда одамларимиз, маҳалла аҳли елкадош бўлиб қийинчиликларни енгган. Оила – оилага, қўшни – қўшнига кўмак бериб яшаган. Биз мана шундай ўта ноёб қадриятимизга доимо содиқ қолишимиз, ёш авлодимизни айни шу руҳда тарбиялашимиз керак».
Мурожаатномада бу масъулиятли вазифани бажаришда эътибор қаратиш зарур жиҳатларга ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, Соҳибқирон Амир Темур, Мир Алишер Навоий боболаримизнинг қутлуғ таваллуд айёмларига тайёргарликни ҳозирдан бошлашимиз кераклиги, бундай улуғ саналарни юксак даражада, ҳар томонлама муносиб ўтказиш эса барчамиз, аввало, ёшлар учун чинакам ибрат мактаби бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Бугун Янги Ўзбекистонимизнинг мақсади аниқ: яқин йилларда даромади жон бошига ўртадан юқори бўлган мамлакатлар қаторига кириш! Қаранг, марра қанчалик аниқ олинди, ният қанча яхши қилинди. Қутлуғ ниятлар рўёби эса янги умид-орзуларга чорлайди. Юртини яхши кўрганларнинг барчасини – ҳаммамизни ҳаракатга ундайди.
Комила КАРОМОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари, сенатор