Россияда 1 декабрдан хорижликлар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мамлакатга кириш-чиқиш қоидалари ва шартларини синаб кўриш бўйича экпериментал босқич бошланди. Унинг доирасида барча давлат чегара ўтказиш пунктларида биометрик шахсий маълумотлар тўпланади. Бу ҳақда мамлакат ҳукуматининг тегишли қарорида сўз борган.
Ҳужжатга кўра, эксперимент ўтказиш пунктларида «мавжуд техник имкониятлар»га қараб келгуси йилнинг 30 июнига қадар давом этади.
Илгари Москва халқаро аэропортлари (Домодедово, Шереметьево, Внуково ва Жуковский) ҳамда Оренбург вилоятидаги Маштаково автомобиль ўтказиш пункти орқали келувчилар биометрик маълумотлар – юз тасвири ва бармоқ изи топшириши мажбурий эди. Энди бу тажриба мамлакатнинг барча чегара ўтказиш пунктларини қамраб олади.
Беларусь фуқаролари, олти ёшдан кичик болалар, дипломатлар ва халқаро ташкилотлар ходимлари оила аъзолари билан Россия давлат чегара ўтказиш пунктларидан ўтишида биометрик маълумотлар топшириш мажбуриятидан озод қилинган.