Туркияда сигарет сотиб олиш учун шахсни тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиш талаб этилади. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Камол Мемишўғлу маълум қилди, деб ёзади Haberler нашри.
Амалдорнинг сўзларига кўра, шунга оид қонун лойиҳаси ҳозир тайёрланиш босқичида ва бир неча ҳафта ичида парламентга киритилади. Янги қоидалар нафақат сигарет сотиш тартибига, балки савдо ва умумий овқатланиш шохобчаларида тамаки маҳсулотлари жойлаштириладиган витриналар кўринишига ҳам тааллуқли бўлади. Бунда асосий эътибор сотувдаги сигаретларнинг кўзга ташланишини камайтиришга ҳамда чекишни оддий ва табиий ҳолат сифатида қабул қилишга олиб келадиган қарашларни ўзгартиришга қаратилган.
Вазирнинг қўшимча қилишича, сотувчилар харидорнинг ёшини шахсни тасдиқловчи ҳужжат орқали текшириши шарт бўлади. Бу эса амалдаги 18 ёшга тўлмаган шахсларга тамаки маҳсулотлари сотишни тақиқловчи талабга риоя этилишини самаралироқ таъминлаш имконини беради.
Маълумотларга кўра, ўтган йили Туркияда 160 миллиард дона сигарет сотилган. Бу 8 миллиард қути дегани. Ушбу бозорнинг йиллик айланмаси эса 20-30 миллиард АҚШ долларига баҳоланади.