Ўзбек матбуоти ва оммавий ахборот воситалари ҳақида сўз бораркан, таниқли журналист Карим Баҳриевнинг “Сўз эркинлиги ҳақида сўз” китоби тўғрисида айтмаслик инсофдан бўлмайди. Китобда инсоннинг фикрлаш ва сўзлаш, мулоқот ва муҳокама қилиш эркинлиги моҳияти, тақдири, аҳамияти ва истиқболидан сўз юритилади. Ҳақли таъкидлангани каби, ҳокимиятнинг журналистларга ва оммавий ахборот воситаларига муносабати – бу ҳокимиятнинг ўз фуқароларига муносабатини кўрсатади, чунки сўз эркинлиги ана шу фуқароларнинг эркинлигидир. Сўз эркинлигига имкон бераётган ҳокимият журналистларнинг эркинлигинигина эмас, оммавий ахборот воситалари орқали ўз фикри, дарду ташвишини ошкор этиши керак бўлган халқнинг эркини таъминлаётган бўлади. Мамлакатдаги сўз эркинлигининг аҳволи бу мамлакатнинг демократик ёки демократикмаслигини яққол кўрсатади.
Айни дамда сиз мутолаа этадиган сатрлар шу китобдан.
Сараланган сатрлар
Халқимизнинг маънавий бисотида сўз эркинлиги ҳақида айтилган ҳикматлар анчагина. Улардан турлича хулосалар чиқариш мумкин, албатта. “Бошингга қилич келса ҳам тўғрисини сўзла”, дейдилар. Ўктамлашасан. “Тўғри сўз туққанингга ёқмас”, дейдилар. Тарвузинг қўлтиғингдан тушади. “Элчига ўлим йўқ”, дейдилар. Шоир ҳам халқнинг элчиси эканини эслаб, дадиллашасан. “Эгилган бошни қилич кесмас”, дейдилар. Кўнглинг совийди. Албатта, эгилолмайсан. Чунки аҳволинг оғир: “Айтсам – ўлдирурлар, айтмасам – ўлам…” Шундай яралгансан – эшитсалар ҳам, эшитмасалар ҳам қалбинг буюрганини айтаверасан. Ўзингга хиёнат қилолмайсан.
* * *
Мен учун тўғрисўз одам – таёқдек тўғри, шубҳасиз фикрларни айтаётган одам эмас, балким фикрлаётган ва маълум хулосаларга келаётган ҳамда шу хулосаларини очиқ-ошкора айтаётган одамдир.
* * *
Агар одам ўзи ишонган фикрини айтаётган бўлса, бу фикрнинг мунозарали эканидан қатъи назар, бу одамни ҳурмат қилиш керак. Вольтер шунинг учун ҳам: “Мен Сизнинг фикрингизга қўшилмасман, аммо Сизда ҳам фикр бўлиши керак ва мен Сизнинг ана шу фикрингизни айтиш ҳуқуқингиз учун жон беришга тайёрман”, деганди.
* * *
Конфутсий: “Адолатсиз тузумда бой бўлиш – уят, адолатли тузумда – камбағал бўлиш уятдир”, деганди. Зеро, адолатли тузумда шахснинг ҳалол йўл билан бой бўлиши учун имкон бўлади, ҳалол йўл билан яшаш мумкин бўлганда оч ўтириш соғ-саломат одам учун уятдир. Агар ҳалол яшашнинг имкони бўлмаса, бой бўлиш учун албатта қинғир йўллардан бориш керак бўлса, хусусан, кимгадир хушомад қилиш, ёлғон сўзлаш лозим бўлса, бу тизим – адолатсизликдир, бу йўл билан бойиш – шармандаликдир.
* * *
Ҳақиқат барибир ошкор бўлади. Кеча шўро тоталитаризми даврида айтилмаган гаплар бугун айтилмоқда, ошкор этилмоқда. Бугун айтилмаётган гаплар эртага айтилади. Авраам Линколн айтганидай: “Бир ҳовуч муайян одамларни бир умр алдаб юриш мумкин, бутун халқни муайян вақт давомида алдаб юриш мумкин, аммо бутун халқни ҳамиша алдаб юришнинг иложи йўқ”.
* * *
Ёлғон – лаганбардорликнинг воситасидир. Хушомад – тиз чўкиб қилинган ҳужум, эгилиб қилинган қароқчилик, дейдилар. Бир одам иккинчи одамни ёлғондан мақтар экан, унинг нимадандир тамаси бор. У нимагадир эришмоқчи, ненидир олмоқчидир.
Ҳақиқат бекорга айтилиши мумкин, аммо ёлғон бекорга айтилмайди. Хушомад қилаётган одам мақталаётган одамга муҳтождир, мақталаётган одам эса унга муҳтож эмас. Шунинг учун хушомад энг аввало хушомад қилинаётган одамни ҳақорат қилади.
* * *
Тўғрисўзлик – одамнинг бошқа одам олдидаги, халқи ва миллати олдидаги бурчидир.
Ўтган асрда тўғрисўзлиги учун ҳукмдорлар “телба” деб эълон қилган ва маҳбусхонага ташлаган файласуфга қўшилиб айтиш мумкинки, мен халқимга ҳеч қачон ёлғон сўзлай олмайман, чунки унинг кўзига ҳамиша уялмай тик қарашни истайман.
Мен халқимнинг камчиликларини фош этаман, чунки уни камчиликларсиз, барқарор, комил ва собит кўришни истайман.
Мен халқимни танқид қиламан, чунки уни севаман.
Мен халқимга рост сўзлайман, чунки уни ҳурмат қиламан.
* * *
Бенито Муссолинидан дастурхон устида ўғли сўраган экан: “Ота, сизни ҳамма фашизм назариётчиси, дейди. Айтинг-чи, қисқа ва лўнда айтганда фашизм ўзи нима?” Кайфияти йўқ пайти эканми, дуче жавоб ўрнига ғазаб билан: “Овқатингни егину оғзингни юм!” дебди. Зеро, шунинг ўзи лўнда жавобдир, фашизмнинг мухтасар изоҳидир. Демократик тузум эса халқининг оғзини беркитмайди, аксинча, ундан фикр ва қувват олади.
* * *
АҚШ журналистлари ўзларини “пойлоқчи кўппак” деб атайдилар ва, энг қизиғи, бундан чексиз фахрланадилар. Улар тинимсиз янгилик излайдилар, ҳамма ерга биринчи бўлиб улгуришга интиладилар, ғайритабиий, кутилмаган воқеалар содир бўлиш эҳтимоли бор ерларда туну кун ухламай, пойлаб ётадилар. Бир латифани айтиб юришади. Эмишки, “Челинжер” фазо кемаси фожиавий портлаганда жаҳоннинг барча мамлакатларидан таъзия билдирилган телеграммалар келибди. Ўрисларнинг “таъзия телеграммаси” фожиадан… ярим соат олдин келган экан. Нақадар мухбирона тезлик!
* * *
Миссури штатида бўлганимда Жеферсон шаҳарчасида бир сенатор аёл менга: “Ойдан ерга тушган жонзот Америка сиёсий тизимини кўриб, ҳайрон қолган бўларди – биз, сенаторлар, Америка халқидан ҳам кўпроқ Америка журналистларидан қўрқамиз. Халққа ёқишдан кўра уларга ёқишга кўпроқ ҳаракат қиламиз”, деган эди.
* * *
Шарқ матбуоти (“шарқона” ва “ғарбона” ажратишларимиз шартлидир, албатта) кўпинча эзгу ишларни ахтаради, ижобий томонларни топиб, мақтаб туради, яъни: “Яхшилик кўпроқ бўлсин!” Ғарб матбуоти асосан негатив излайди, иллатларни топиб, фош қилади, яъни: “Ёмонлик камроқ бўлсин!” Иккиси ҳам тамойил сифатида тўғридир. Сир-синоат шундаки, ғарб матбуоти самаралироқ, чунки эзгулик мақтовга муҳтож эмас, ёвузлик эса доимий назорат остида бўлиши керак.
* * *
Чор Россиясининг цензурасидан безган Алексей Пешехонов 1905-йилда чоп этилган “Сўз ҳимояси” мақоласида шундай ёзган эди: “Мақола устига тортилган қизил чизиқ ёзувчининг тўкилаётган қонидир… Ўқувчининг қисмати ундан-да оғир. Мен ҳар ҳолда бу фактни биламан, ўқувчи эса уни билмайди, билолмайди; мен тўлиқ билган фикр унга узуқ-юлуқ тарзда боради; мен билган ғоялар уни ҳеч қачон равшан этмайди, иситмайди… Цензура бу билан ёзувчининг фақат оғзини беркитса, ўқувчининг қалбига ҳам чанг солади”.
* * *
Эркин матбуот сиёсат учун ноқулайликдир. Аммо унинг ана шу ноқулайлиги, кутилмаганда ростини ёзиб туриши сиёсатга буюк хизматидир. Демократик жамиятда ижро этувчи ҳокимият, яъни ҳукумат ишга, ижрога таъзим қилади. Қонун чиқарувчи ҳокимият – демократияга, суд ҳокимияти қонунга таянади. Бу уч ҳокимият бир-бирига назоратчидир, айни пайтда улар “тўртинчи ҳокимият”га – ҳақиқат ҳокимиятига муҳтождир, зеро ҳақиқат йўқ ерда иш ҳам, демократия ҳам, қонун ҳам бўлмайди.
“Тўртинчи ҳокимият” – мухбирларнинг, муҳаррирларнинг ёки демократик институтларнинг ҳокимияти эмас, ҳақиқатнинг ҳокимиятидир. Ҳокимият ҳақиқатга мухолифатда бўлмайди ва бўлмаслиги керак.
* * *
Одатда тўғри фикрлар қувғин қилинади. Бироқ, агар қувғиндаги фикр нотўғри бўлса ҳам, у билан ошкора, газета ва журналлар саҳифасида, радио ва телевидение эфирида курашиш осонроқдир. Ёлғонни пана-пастқамларда енгиб бўлмайди. Ёлғон ошкораликдан фош бўлади. Ахир совет замонининг етмиш йиллик ёлғони Горбачёвнинг бир-икки йиллик ошкоралиги билан адо бўлди-ку. Карл Людвиг Берне айтганидай: “Фақат ман қилинган сўзгина хавфлидир…”
* * *
Томас Жеферсон: “Бизнинг эркимиз матбуот эркинлигига боғлиқ ва у йўқотилмасдан чегараланиши мумкин эмас…”, деган эди. Чекланган (қисман бўлса-да) эркинлик бўлиши мумкин эмас. Бу “қуруқ сув” ёки “қайноқ қор” каби мумкин бўлмаган нарсадир. “Чекланган эркинлик” дегани “наслдан наслга ўтган пуштсизлик” дегандай эшитилади. Пуштсиздан насл қолмагани каби чекланса, эркинлик йўқдир. Чекланганми – демак, эрксиздир.
* * *
Аслини олганда, журналистлик ахлоқи ва қонунчилик ўзаро боғлиқдир. Соддароқ қилиб айтганда, қонунчилик “нимани ёзиш”нинг чегараларини белгиласа, этика “буни қандай ёзиш” кераклигини белгилаб беради. Шунинг учун ахлоқ журналистиканинг ўзини-ўзи бошқарадиган соҳасидир. Махсус хизматлар ёрдамида “нимани ёзиш мумкин ва нимани ёзиш мумкин эмас” экани изчил назорат қилинадиган мамлакатда камдан-кам одам “қандай ёзиш” устида бош қотиради.
* * *
“Ватанни севадиган” мансабдорлар амал курсисида ўтириб, миллий пулдаги маошларига “Мерседес” оладилар, итальян ванналари ва фин сауналари бор уч қаватли ҳашаматли уйда истиқомат қиладилар. Қайси ҳисобдан? Албатта, пора ҳисобидан! Нима учундир, Ватанга бўлган муҳаббатни унутиб, порани ҳам хорижий валютада оладилар. Улар Ватанни севишар экан-у, кимдир уларнинг халқни ўмариб пора олиши ҳақида ёзса, “халқ душмани”, “мустақилликни кўролмайдиган”, “Ватанни сотаётган” бўлиб чиқар экан. Ватан билан унинг мансабдорини ажратиш лозим.
* * *
Ўрмонда эшакка ва жирафага қатъий ҳайфсан эълон қилишибди, қамаб қўйишларига озгина қолибди. Эшакка – қайсарлиги учун, узун бўйинли жирафага ҳадеб бошини чўзавергани учун ҳайфсан эълон қилишибди. Кун келиб ўрмонда давлат тўнтариши юз берибди ва ҳукумат ўзгарибди. Шунда эшак ва жирафани орден билан тақдирлашибди. Эшакни – ўз сўзида қатъий турганлиги, принципиаллиги учун, жирафани – узоқни кўра олганлиги учун…
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.