Олимлар кеч ухлаб, кеч турадиган, яъни «бойқушлар« тоифасидаги инсонларда хавотир ва депрессия аломатлари кўпроқ учрашини, шунингдек, улар иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанатни сақлашда «тўрғайлар«га нисбатан кўпроқ қийналишини аниқладилар.
Бунинг асосий омили кечки хронотипга эга инсонларнинг ишдан кейин қайта тикланиши қийинроқ кечиши экан. Тадқиқот натижалари Sleep Health журналида чоп этилган.
Хронотип – инсоннинг эрталаб ёки кечқурун фаол бўлишга туғма мойиллиги. «Бойқушлар» асосан «тўрғайлар» учун мослаштирилган жамиятда яшашга мажбур. Ишнинг эрта бошланиши уларни ўзлари учун ноқулай вақтда уйғонишга мажбур қилади. Натижада уларда уйқу етишмаслиги ва стресс тўпланиб боради.
Шарқий Финляндия университети тадқиқотчилари 2266 нафар ишловчи аҳоли ўртасида сўров ўтказган. Улар иштирокчиларни уч гуруҳга – «тўрғайлар», «бойқушлар» ва оралиқ хронотипга эга инсонларга ажратган.
Тадқиқот давомида иштирокчилардаги хавотир ва депрессия аломатлари, ишдан кейин «узилиб», дам олиш ва тикланиш қобилияти, шунингдек, иш билан боғлиқ масалаларнинг шахсий ҳаётига қай даражада аралашиши баҳоланган.
Натижалар шуни кўрсатдики, руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммоларни энг кўп ифодалаган гуруҳ айнан кескин кечки хронотипга эга «бойқушлар» бўлган.
Бунда гап носоғлом турмуш тарзи ҳақида бормаган. Хронотиплар ўртасидаги турли одатлар уларнинг ўзини қандай ҳис қилишидаги фарқни изоҳлаб бермаган. Асосий боғловчи омил ишдан кейин тикланиш қобилияти бўлган: кечки хронотипга эга инсонлар дам олишда кўпроқ қийналган ва ишдаги таранглик ҳолатидан узоқроқ вақт чиқа олмаган.
Муаллифларнинг фикрича, «бойқушлар»нинг ишдан кейин тикланишига алоҳида эътибор қаратиш ва имконият бўлса, улар учун мослашувчан иш графигини жорий этиш керак. Иш берувчилар ҳам ходимларнинг хронотипларини ҳисобга олиши лозим. Бу эрта ишлаш ритмига мослашишга мажбур бўлган кўплаб инсонларда хавотир ва депрессия хавфини камайтиришга ёрдам бериши мумкин.