Огоҳлик
Жорий йил аввалгиларига нисбатан серёғин келди. Бу иқлим ўзгариши таъсирлари, сув танқислиги муаммоси йилдан-йилга кучлироқ сезилиб бораётган бир пайтда ижобий ҳолат сифатида баҳоланиши табиий. Мана, ҳатто ўт-ўланлар ўсмай қўйган тақир майдонлар ҳам баҳорда яшилликка бурканди. Энди ҳар ерда кўклаган ўша ўсимликлар пишиш палласига ўтиб, сарғайиб хас-хашакка айланаяпти. Ҳаво иссиқ, қўриган ўтлар тез ёнувчан бўлиши эса бор гап. Демак, биргини эҳтиётсиз ҳаракат ёки арзимас омил сабаб талафотли ёнғинлар юзага келиши хавфи ортаяпти.
Вилоят ҳокими ана шуларни ҳисобга олиб, 2026 йил 12 майда қир-адирликлар, ўрмон фонди объектлари, аҳоли пунктлари, оромгоҳлар, автомобиль йўллари атрофи, қишлоқ хўжалиги экинзорлари ҳамда қабристонлар ҳудудларида ёнғинларни олдини олиш мақсадида фармойиш чиқарди.
Унда белгиланганидек, туман (шаҳар) ҳокимликлари тегишли ташкилотлар билан биргаликда ҳудудлардан ўтувчи автомобиль ва темир йўллар атрофидаги майдонларни саккиз метрдан кам бўлмаган кенгликда ўт-ўланлардан тозалаш ва тўрт метр кенгликда шудгор қилинишини, шунингдек, аҳоли пунктлари, қабристонлардаги қуруқ хас-хашакларни тозалаш ишларини ташкил этади.
Ғалла ўрим-йиғими мавсуми давомида ёнғинлар содир бўлиши ва кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида комбайнлар ишлаётган майдонларнинг яқинида соз ҳолатдаги ҳайдов тракторлари омочлари билан ҳамда аравали сув сиғимлари навбатчилик қилишини таъминлайди.
Маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари билан ҳамкорликда аҳоли ўртасида ёнғинларнинг олдини олиш бўйича кенг қамровли тушунтириш ишларини олиб боради.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси эса ёнғин хавфи юқори бўлган ҳудудларни хатловдан ўтказиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилишини ҳамда мавсум давомида профилактик рейдлар ва тушунтириш-тарғибот тадбирларини мунтазам ташкил этади.
Йўл-патрул хизмати ходимлари автомобиль йўллари бўйлаб ҳайдовчилар ва йўловчилар томонидан ёнувчан чиқиндилар ташлаш ҳолатлари юзасидан огоҳлантириш ишларини кучайтиради.
Қашқадарё автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси вилоят ҳудудидан ўтувчи барча тоифадаги автомобиль йўллари ёқаларини қуриган ўт-ўланлардан тозалаш, жойларда ёнғин хавфи ҳақида огоҳлантирувчи баннер ва белгилар ўрнатишга масъул.
Маълумки, вилоят ҳудудидаги тоғ довонлари, шунингдек, аҳоли дам олиш масканларида жуда кўп хизмат кўрсатиш ва умумий овқатланиш нуқталари, меҳмонхоналар фаолият кўрсатади. Уларга вилоят солиқ ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармалари тегишли хизматлар билан биргаликда иш жараёнида очиқ оловдан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилиш борасида тушунтириш олиб боради.
Шунингдек, фармойиш билан тегишли масъулларга маҳаллалар кўчаларида тўпланиб қолган чиқиндиларни олиб чиқиш, кўп қаватли уйлар, болалар ёзги дам олиш оромгоҳлари ҳудудларини қуриган, тез алангаланувчи хас-хашаклардан тозалаш ишларини амалга ошириш, ёнғин хавфи бўйича огоҳлантирувчи ёзувлар ўрнатиш вазифаси юклатилган.
Бунда фермер хўжаликлари, корхона ва ташкилотлар, айниқса ҳаёт маромини таъминловчи объектлар, энергетика иншоотлари, ёнилғи шохобчалари, қабул пунктлари ва омборлар, ижтимоий муассасалар ҳам алоҳида эътиборда туради.
Бундан ташқари, фармойишда ғалла ўрим-йиғимига қатнашиши белгиланган комбайнларни техник соз ҳолатга келтириб, бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан меъёр талаблари асосида таъминлаш; ҳудуддаги барча ўрмонзорлар четини шудгорлаш ҳамда уларда ёнғин хавфсизлиги йўлакларини ташкил этиш, огоҳлантирувчи махсус белгилар ўрнатиш, ўрмон назоратчилари ҳушёрлигини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Бу паллада вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси жойларда қуруқ ўт-ўланларни ёқиш орқали тозалаш ҳолатларига йўл қўймаслик юзасидан назоратни кучайтиради.
Халқимизда ўт балоси деган тушунча бор. Оловдан тўғри ва ўз ўрнида фойдаланиш наф келтирса, эҳтиётсизлик ёки лоқайдлик туфайли содир этилган ёнғинлар офатга айланиши ҳеч гапмас. Фармойиш масъулларни, бизни, ҳаммамизни яна бир бор огоҳликка ундаши билан ҳам аҳамиятли.
Ўз мухбиримиз