Ривожланиш стратегияси
Яккабоғ туманини 2025-2026 йилларда жадал комплекс ривожлантириш дастури доирасида Оқтош маҳалласида 432 та хонадондан иборат 12 та кўп қаватли уй, замонавий савдо ва сервис объектлари ҳамда 150 ўринли мактабгача таълим ташкилоти қурилади. Татар маҳалласи ва унга бориш йўлида 70 та замонавий «яшил» уй-меҳмонхона очилади. Истироҳат боғида «Ёшлар микроҳудуди» пайдо бўлади.
Яккабоғ ва юртимиздаги яна 15 та шаҳар ва туманни яқин икки йил ичида жадал комплекс ривожлантириш дастурлари мамлакатимиз Президентининг жорий йил 1 апрелдаги қарори билан тасдиқланиб, мазкур ҳудудларда юқори иқтисодий ўсишга туртки берувчи ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун давлат бюджетидан 1 триллион сўм маблағ ажратилган.
Татарда туристик зона ташкил этилади, Оқтош кўчаси эса туну кун 24/7 режимида ишлайди
Маълумотларга кўра, Яккабоғ туманини 2025-2026 йилларда жадал комплекс ривожлантириш дастури бешта таркибий қисм – саноат, хизматлар, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш ҳамда «яшил» тамойил ва ёндашувларни жорий этиш кичик дастурларидан иборат. Хусусан, ҳудуднинг индустриал жиҳатдан тараққий этишига эришиш учун «Чойдари» кичик саноат зонаси ва тумандаги яна иккита кичик ва битта ёшлар саноат зоналарида бўш турган ер майдонларидан самарали фойдаланиш, яъни уларни электрон онлайн аукционга жойлаштириб, маҳаллий ва хорижий тадбиркорларни жалб қилиш ва саноат йўналишидаги лойиҳалар амалга оширилишини таъминлаш назарда тутилган.
Хизматлар соҳасини ривожлантириш кичик дастурининг каттагина қисми эса Татар маҳалласи билан боғлиқ лойиҳалар ҳиссасига тўғри келади. Бу маҳаллага ташриф буюрадиган туристлар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида Халқ банки ва «Микрокредитбанк» масъуллигида Татар маҳалласининг ўзида 40 та, Кенггузар маҳалласидан Татаргача бўлган йўналишда эса яна 30 та «яшил» уй меҳмонхонасини очиш мўлжалланмоқда. Бундан ташқари, сайёҳлар ўртасида аллақачон машҳур бўлиб улгурган Татар маҳалласида туризм йўналишидаги истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун унинг ҳудудидаги Ўрмон хўжалиги агентлигига тегишли 3,5 гектар ер майдонини дастлаб туман ҳокимлиги захирасига ўтказиш, кейин эса у ерда туристик зонани ташкил этиш мақсадида ушбу майдонларни аукцион савдоларига чиқариш режалаштирилган. Айни пайтда бу кичик дастурга Татар маҳалласига олиб борувчи йўл бўйида барча турдаги хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчаларидан иборат «Servis point» лойиҳаларини ишга тушириш ва «Tourism information center», яъни туризм ахборот маркази фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ чора-тадбирлар ҳам киритилган.
Туманда хизмат кўрсатиш турларини кўпайтириш ва ҳажмини ошириш учун Айғиркўл ва Оқтош маҳаллалари ўртасидан ўтадиган Оқтош кўчаси туну кун 24/7 режимида ишлайдиган кўнгилочар кўчага айлантирилади.
2,5 мингта микро ва кичик лойиҳага 45 миллиард сўм йўналтирилади
Қурилишни ривожлантириш кичик дастури доирасида Яккабоғда юқорида тилга олинган Оқтош маҳалласидаги кўп қаватли уй-жойлардан ташқари, Жайчи маҳалласида давлат-хусусий шериклик асосида замонавий маҳалла биносини барпо этиш ҳамда кўплаб ижтимоий объектларни реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш кўзда тутилган. Масалан, тумандаги Ўрта маҳалласи Янгиобод қишлоғидаги мактабнинг қуввати 160 ўринни ташкил этсада, унда бугунги кунда 283 нафар ўқувчи таҳсил олади. Шу боис мазкур мактаб учун 250 ўринли янги бино қуриш мўлжал қилинган. Татар маҳалласида эса бир йўла иккита қишлоқ – Татар ва Калтақўлдаги мактабларда қўшимча ўқув корпуслари ҳамда фаоллар заллари ва ошхоналар қурилади.
Ишкент маҳалласида 496 нафар 3-7 ёшли боладан атиги 150 нафари 6 та нодавлат оилавий МТТда мактабгача таълим билан қамраб олинган. Қолганлари учун ҳам боғчага бориш имкониятини яратиш учун ҳудудда давлат мактабгача таълим ташкилотини қуриш чоралари кўрилмоқда. Айни пайтда Боғзор маҳалласида мавжуд болалар боғчасини жорий таъмирлаш, Қўшчинор маҳалласидаги МТТни эса капитал таъмирлашга республика бюджетидан тегишли равишда 1,5 миллиард ва 4,3 миллиард сўм ажратилади.
Туманда жорий йилда 5,1 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш учун ҳар бир маҳаллада 40 тадан, жами 2,5 мингта микро ва кичик лойиҳа амалга оширилиши белгиланган экан, уларни молиялаштиришга умумий ҳисобда 45 миллиард сўм, шундан 18 миллиард сўм ташаббускорларнинг ўз маблағи ва 27 миллиард сўм банк кредитлари йўналтирилиши кўрсатиб ўтилган.
Сув таъминоти оғир бўлган 934 гектар ер майдонларида аҳвол ўнгланади
Яккабоғда яқин икки йил ичида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам кўплаб кенг қамровли лойиҳалар рўёбга чиқарилади. Мисол учун, 800 гектар иқтисодий жиҳатдан самарасиз ва кам ҳосил берадиган боғ ва токзорлар ўрнида интенсив боғлар барпо этилади, яна 100 гектар майдонда янги писта ва бодом боғлари ташкил қилиниб, агротуризм йўлга қўйилади, Жамбул маҳалласидаги 10 гектар майдонда эса кўчатчилик ривожлантирилади. Ўз навбатида сув таъминоти оғир бўлган 934 гектар ер майдонларида аҳволни яхшилаш учун янги насос агрегатлари ўрнатиш, лоток тармоқларини қуриш, артезиан қудуқлар қазиш, ирригация тармоқларини реконструкция қилиш режалаштирилган.
Туманда ҳисори наслли қўйчиликни ривожлантириш хўжалигини ташкил этиш учун ташаббускорни аниқлаб, 5 минг гектар ер майдонини ажратиш ва наслдор қўйларни олиб келиш чоралари ҳам белгиланган. «Бир контур – бир маҳсулот» тамойили асосида ҳар бири 10 гектардан майдонда тўртта намунали лойиҳа ва 15 гектар майдонда битта «супер» лойиҳани амалга ошириш мўлжалланмоқда.
«Яшил» тамойил ва ёндашувларни жорий этиш кичик дастури доирасида Айғиркўл, Янгиобод ва Чўмич маҳаллаларидаги 9 та икки қаватли уйларнинг том қисми, фасади ва кириш йўлакларини «яшил» тамойиллар асосида капитал таъмирлашга 4,1 миллиард сўм йўналтириш ҳамда тумандаги қаровсиз қолган қабристонларни ободонлаштириш ва талаб даражасига келтириш назарда тутилган.
Ҳудудни жадал комплекс ривожлантириш дастурининг амалга оширилиши натижасида Яккабоғ туманида жорий йилда ўсиш суръатлари саноатда 106,7 фоиз, бозор хизматлари соҳасида 114,5 фоиз, қишлоқ хўжалигида 104,3 фоизни ташкил этиши, ишсизлик ва камбағаллик даражалари эса тегишли равишда 5,4 ва 7,1 фоизгача қисқариши кутилмоқда.
Темур НИЗОМОВ тайёрлади.
