Қашқадарёга оид
Айрим кишилар борки, номи эл орасида машҳур, аммо ҳаммаям у ҳақда, ишлаган жойлари, кўрсатган хизматлари ҳақида билмайди. «Фалончи» деса, ҳамма «катта раҳбарлардан!» деб биладию, айнан қайси соҳа, ҳудудга раҳбарлик қилгани борасида иккиланиб қолади. Шундай кишилардан бири Карол Маҳмудовдир.
Тўғри, у кишини ёши катталар яхши танийди, аммо ёшлар, кейинги авлод вакиллари у қадар яхши билмаслиги бор гап.
Таниқли давлат ва жамоат арбоби, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Карол Маҳмудов 1922 йилда Яккабоғ туманида деҳқон оиласида дунёга келган.
У ўрта мактабни тамомлагач, колхозда ҳосилот кенгаши раиси бўлиб ишлай бошлади. Ёш бўлишига қарамай, билими, изланувчанлиги, меҳнаткашлиги ҳамда раҳбарлик салоҳияти билан тезда эътиборга тушади.
1941 йилда фашистларнинг собиқ иттифоққа ҳужум бошлагани ҳақидаги хабар миллионлаб инсонлар қатори Карол Маҳмудовнинг ҳам орзулари, режаларини бутунлай ўзгартириб юборади. Кўплаб йигитлар қатори у ҳам фронтга отланади. Бир неча кун ичида ўзини оловли жанг майдонида кўради.
Карол Маҳмудов кўплаб оғир жангларда иштирок этади. Жасорат, шижоат кўрсатиб, душманга катта талафот етказади, қаҳрамонликлари ҳарбий қўмондонлик томонидан эътироф этилган вақтлари ҳам кўп бўлади. Ана шундай жангларнинг бирида ўзи ҳам оғир жароҳат олади. Узоқ вақт даволанишига тўғри келади. 1946 йилда кўплаб жароҳат асоратлари билан қишлоғига қайтади.
Уруш даврида қишлоқ хўжалиги ҳам издан чиқиб кетган, очарчилик, бир бурда нон топиш ниҳоятда машаққат бўлган даврлар эди. Буни кўрган Карол Маҳмудов соғлигини ҳам эсдан чиқариб, яна меҳнатга шўнғиб кетади. Аввалига пахта бригадасида табелчи, сўнгра ҳосилот кенгаши раҳбари, Сандал қишлоқ совети раиси бўлиб ишлайди.
Карол Маҳмудов 1949 йилда Яккабоғ тумани қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи этиб тайинланади. 1951-1958 йилларда Яккабоғ тумани райком партияси 3-котиби, туман ижроия қўмитаси раиси, 1958-1961 йилларда Чироқчи тумани ишчи қўмитаси раиси лавозимларида фаолият юритади.
Шундан сўнг Карол Маҳмудов кўп йиллар давомида Деҳқонобод тумани партия қўмитаси котиби, Косон, Усмон Юсупов туманлари партия ташкилоти 1-котиби вазифаларида самарали фаолият юритади. 1983 йилда яна Яккабоғ туманига қайтиб, туман партия ташкилотлари 1-котиби бўлиб ишлайди.
Карол Маҳмудов 2011 йилда вафот этган.