Танлов
Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими ҳамда туман, шаҳар бўлинмалари раҳбар-ходимлари ўртасида “Энг яхши китобхон” танлови ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 январдаги “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасидаги мазкур танлов ўзбек адабиётида энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган “Ялдо кечаси” романи асосида ташкил этилди.
Хайриддин Султон қаламига мансуб ушбу асарда Туркистоннинг туганмас қайғуси, зулм ва жаҳолат ҳукмрон бўлган ялдо кечаларининг ниҳоясиз истибдоди ҳақида ҳикоя қилинади. Роман ҳақида таниқли адабиётшунос ва таржимон Иброҳим Ғафуров шундай фикр билдирган: “Бу китобни у адабий мистификациядан фойдаланган ҳолда, “Ўткан кунлар”нинг иккинчи китоби тарзида ёзди; буюк Қодирий номидан, Қодирий бўлиб ёзди; қаттол замон Қодирийнинг қўлини кишанлаб, унга ёзиш учун имкон бермаганлиги боис фозил издош ва увайс шогирд сифатида ёзди. Ҳеч кимнинг хаёлига келмаган фантастик бир орзуни рўёбга чиқарди. Бу асар янги замон ўзбек адабиётида тамомила кашфиёт, десак арзигуликдир”.
Эътироф этиш даркор, айни шу китоб бугун юртимизда энг кўп мутолаа қилинаётган, турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган китоблардан бири. Маънавият соҳаси вакиллари эса бундай муҳим асарларни биринчилардан бўлиб ўқишлари ва тарғиб этишлари керак.
Шунга кўра, “Энг яхши китобхон” танловида иштирокчилар 3 та шарт асосида беллашишди. Дастлаб тест синовлари орқали ўн нафар энг кучли билимдон аниқланди. Улар ўз навбатида шарҳ ва савол-жавоб шартлари асосида билимларини намойиш этишди.
Якуний натижаларга кўра, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қамаши тумани бўлинмаси етакчи мутахассиси Зубайда Қурбонова 1-ўринни эгаллади. Марказ вилоят бўлими етакчи мутахассислари – Лазизбек Нарзуллаев 2- ва Жаҳонгир Боймуродов 3-ўринни қўлга киритишди.
1-ўринга – ноутбук, 2-ўрин соҳибига – телевизор ҳамда 3-ўрин эгасига микротўлқинли печ топширилди.
Б.САЙФИЕВ
Суратларда: танловдан лавҳалар.