Таълимдаги ўзгаришлар
Бугун дунёда университетлар ўртасидаги рақобат энди баланд бинолар, катта аудиториялар ёки талабалар сони билан ўлчанмаяпти. Асосий мезон ўзгарди: университет қанчалик янги билим яратаяпти, бу билим ишлаб чиқариш ва иқтисодиётга қай даражада хизмат қиляпти, битирувчиси меҳнат бозорида қанчалик рақобатбардош ва, энг муҳими, у жамиятга қандай наф келтира олади?
Зеро, замонавий университетнинг вазифаси инсонни касбга тайёрлаши, касбни эса келажак эҳтиёжлари билан боғлаши керак. Бугунги кун муҳандиси янги технологияларни тушуниши, сунъий интеллектдан фойдаланиши, жамоа билан ишлай олиши, хорижий тилларни билиши, муаммога ечим топиши ва билимини амалиётга татбиқ этиш кўникмасига эга бўлиши лозим. Айни дамда ана шу тамойиллар асосида фаолият юритаётган Қарши давлат техника университети мамлакатимизда олий таълим тизимидаги янгиланишларнинг амалдаги ифодасидир.
Вилоятда энергетика, нефть-газ, кимё саноати, қурилиш, транспорт, ирригация, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари каби соҳаларда муҳандис кадрларга катта эҳтиёж мавжуд. Яъни, корхоналарга замонавий технологияларни биладиган, ишлаб чиқариш жараёнини тушунадиган, рақамли технологиялардан фойдалана оладиган, амалий кўникмага эга муҳандис керак. Шу боис янги кадрлар замонавий билим ва амалий кўникмалар асосида тайёрланмоқда. Бир сўз билан айтганда, университет Қашқадарёнинг бугунги ва эртанги тараққиёти учун зарур бўлган инсон капитали, технология ва инновацияларни бирлаштирувчи янги таълим маскани сифатида майдонга чиқди.
Лабораториядан ишлаб чиқаришга
Замонавий университетнинг энг катта бойлиги – илмий салоҳияти. Чунки янги ғоя бўлмаса – инновация бўлмайди, инновация бўлмаса – иқтисодий ўсишни таъминлаш қийин. Университетда бугун илм-фанга айнан шундай ёндашув шаклланмоқда. Аудиторияларда фақат дарс ўтилмаяпти. Бу ерда эртанги энергетика тизими муҳокама қилинмоқда, сунъий интеллектнинг янги алгоритмлари яратилмоқда, қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда. Карбон чиқиндиларини камайтириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, нефть-газни чуқур қайта ишлаш масалалари ёш олимларнинг илмий изланишларига айланган.
Университетда фаолият юритаётган 810 нафар профессор-ўқитувчининг асосий қисми илмий даражага эга. Чунки университетнинг ҳақиқий қудрати унинг олимлари салоҳиятида намоён бўлади. Қолаверса, бугун университетда 274 нафар ёш олим – таянч докторант, докторант ва мустақил изланувчи илмий тадқиқот олиб бормоқда. Бу рақамнинг ўзиёқ келажакдаги илмий мактабнинг пойдевори бугундан яратилаётганини кўрсатади.
– Илмнинг қиймати унинг натижаси иқтисодиётга қанчалик кириб бораётгани билан ҳам ўлчанади, – дейди илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Ғулом Узоқов. – Шу маънода университетда амалга оширилаётган 8 та давлат гранти лойиҳаси муҳим аҳамиятга эга. Қарийб 10 миллиард сўмлик ушбу лойиҳалар геотермал энергия, сунъий интеллект, энергия тежовчи технологиялар, карбонат ангидридни қайта ишлаш, биогаз қурилмалари каби долзарб йўналишларни қамраб олган.
Кўникма – дипломдан муҳим
Меҳнат бозорида битирувчига бериладиган энг оддий савол бор: «Сен нима қила оласан?» Бу саволга дипломнинг ўзи жавоб бермайди. Жавоб – амалий кўникмада. Шунинг учун дунёда таълим дастурларига бўлган ёндашув ўзгармоқда. Бугун университетлар нафақат мавжуд касбларга, балки эртага талаб пайдо бўладиган мутахассисликлар учун ҳам кадр тайёрлашга ҳаракат қилмоқда.
Қарши давлат техника университетида ҳам таълим дастурлари иш берувчилар, йирик саноат корхоналари ва хорижий университетлар тажрибаси асосида қайта кўриб чиқилди. Натижада 2026/2027 ўқув йили учун бакалавриат ва магистратура мутахассислиги бўйича 14 та таълим дастури аккредитациядан муваффақиятли ўтди.
Университетнинг 3 та магистратура ва 2 та бакалавриат таълим йўналиши Германиянинг ASIIN компанияси томонидан халқаро аккредитациядан ўтказилгани ҳам таълим сифатини халқаро мезонларга яқинлаштириш йўлидаги муҳим қадамдир.
– Замонавий олий таълим битирувчини фақат иш қидирадиган мутахассис сифатида эмас, янги иш ўринлари ярата оладиган ташаббускор сифатида ҳам тарбиялаши керак, – дейди университет «Каръера маркази» раҳбари Шавкат Суюнов. – «Келажакка қадам» дастури – ана шу ёндашувнинг амалий ифодаси, деб биламан. Бир йил аввал дастурдан 84 нафар талаба фойдаланган бўлса, якунланган ўқув йилида уларнинг сони 254 нафарга етди. Кредитлар ҳажми 4,5 миллиард сўмдан 6,8 миллиард сўмгача ошди. 338 талабанинг бизнес лойиҳаси учун 11 миллиард 428 миллион сўм маблағ ажратилди.
Бу рақамлар ортида бир мақсад мужассам: мутахассис ёшларни иш изловчидан иш берувчига айлантириш.
Завод ҳам аудитория
Муҳандисни фақат аудиторияда тайёрлаб бўлмайди. Чунки унинг ҳақиқий имтиҳони заводда, лабораторияда, корхонада, ишлаб чиқариш жараёнида бўлади. Шу нуқтаи назардан дуал таълим тизимининг йўлга қўйилиши алоҳида аҳамиятга эга.
– Университетда 20 дан ортиқ йирик саноат корхонаси билан ҳамкорликда дуал таълим тизими ташкил этилди, – дейди ўқув ишлари бўйича проректор Зафар Чоршанбиев. – Бу борада «TAT COLA», «Indorama Agro», «Uzbekistan GTL», «Шўртан газ-кимё мажмуаси» МЧЖ, Деҳқонобод калий заводи, «O‘zbektelekom» сингари корхоналар билан ҳамкорлик ижобий самара бермоқда.
Бу тизимнинг афзаллиги шундаки, талаба ишлаб чиқаришни китобдан эмас, корхонанинг ўзида ўрганади. Муҳандисликни чизмада эмас, ҳақиқий ускуна олдида ўзлаштиради. Яна бир эътиборли жиҳат – талабаларнинг меҳнати қадрланаётгани. Маълум муддат «Indorama agro»да амалиёт ўтаган 30 нафар талабанинг ҳар бири 3 миллион сўмдан ортиқ маош олди.
Дунё билан ҳамнафас
Халқаро ҳамкорликнинг қиймати имзоланган меморандумлар сони билан эмас, уларнинг натижаси билан белгиланади. 2025 йил якунига қадар 20 га яқин хорижий университет билан ҳамкорлик ўрнатилган бўлса, бугун уларнинг сони 25 тага етди. Бу алоқалар талабалар алмашинуви, қўшма тадқиқотлар, академик мобиллик ва илмий анжуманлар орқали амалий мазмун касб этмоқда.
Жорий йилнинг дастлабки олти ойида Польша, Венгрия, Беларусь, Хитой, Россия, Туркия, Малайзия, Қозоғистон каби давлатлардан 68 нафардан ортиқ профессор ва мутахассис университетда дарс машғулотларини олиб борди. Шунингдек, 93 нафар профессор-ўқитувчи ва раҳбар ходим хорижий давлатларда малака оширди.
– Ҳар қандай университет учун халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллаш фақат нуфуз масаласи эмас, – дейди халқаро ҳамкорлик бўйича проректор Ибрат Исмоилов. – Бу – таълим сифати, илмий салоҳият ва бошқарув тизимининг ташқи баҳоси. Шу нуқтаи назардан, Қарши давлат техника университети жорий йилда халқаро «Times Higher Education» (THE) Impact Rankings рейтингида, яъни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари (SDGs) бўйича 11 та йўналишда ижобий натижаларга эришди. Айниқса, Zero Hunger (очликка барҳам бериш) бўйича 401-600, Affordable and Clean Energy (арзон ва тоза энергия), Industry, Innovation and Infrastructure (саноат, инновация ва инфратузилма) йўналишларида 601-800 ҳамда No Poverty (қашшоқликка барҳам бериш)да 801-1000- ўринларда қайд этилди.
2025/2026 ўқув йилида 11 нафар талаба Erasmus+ KA171, Словакия миллий стипендия дастури ҳамда Жанубий Корея ва Хитой грантлари орқали хорижда таҳсил олиш имкониятига эга бўлди.
Шунингдек, Erasmus+ HEMUA лойиҳаси доирасида 32 минг АҚШ долларидан ортиқ грант маблағлари жалб қилинди. Германиянинг «Prosica» компанияси томонидан тақдим этилган 100 минг долларлик замонавий Smart панеллар университетнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
«Work and Travel» дастури орқали 105 нафар талаба Болгарияда ишлаб, халқаро меҳнат муҳити билан танишиш имконига эга бўлди.
Буларнинг барчаси битирувчининг фақат дипломли эмас, тажрибали ва рақобатбардош мутахассис бўлиб етишишига хизмат қилади.
Маънавият – ихтиролар пойдевори
Техника университети деганда кўз олдимизга лабораториялар, чизмалар, формулалар ва мураккаб ҳисоб-китоблар келиши табиий. Аммо технологияни инсон яратади. Инсон эса фақат билим билан эмас, дунёқараш, маънавият, маданият ва масъулият билан камол топади. Шу боис университетда касбий таълим билан бир қаторда талабаларнинг маънавий-ижодий салоҳиятини ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилмоқда.
– Китобхонлик танловлари ёшларнинг тафаккур қилиш кўникмаларини оширишга хизмат қилади, – дейди ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор Аброр Муртазаев. – Чунки яхши муҳандис фикрлай олиши, муаммони турли нуқтаи назардан кўра билиши ва энг мақбул ечимни топиши керак. «Бир ойда бир китоб», «Асардан иқтибос» каби ташаббуслар ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
Маданият ва спортдаги натижалар ҳам бу жараённинг бир қисми. Университетнинг «Ниҳол» театр жамоаси олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган танловнинг республика босқичида иккинчи ўринни эгаллаган. 2025/2026 ўқув йилида талабалар турли спорт мусобақаларида 400 миллион сўмдан ортиқ мукофотларни қўлга киритган.
Давр шиддат билан ўзгармоқда. Кеча талаб кучайган касб бугун эътиборсиз қолиши, бугунги технология эртага янгиси билан алмашиши мумкин. Аммо бир нарса ўзгармайди: билимга таянган, тафаккури кенг ва амалий кўникмага эга инсон ҳар қандай даврда ўз ўрнини топа олади.
Шу маънода Қарши давлат техника университетининг бугунги вазифаси фақат муҳандис тайёрлаш билан чекланмайди. У илмни амалиёт билан, таълимни ишлаб чиқариш билан, ёшларни эса келажак билан боғлайдиган янги муҳитни шакллантирмоқда.
Абдураззоқ МУРОДОВ