қашқадарёлик ёшлар, умуман аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тил ўргатиш ва касбий малакасини ошириш орқали юқори даромадли фаолиятга жалб этишга кўмаклашади
Ёшларни хорижий тиллар ва касб-ҳунарга ўқитиш, ички ва халқаро меҳнат бозори талабларига мос малакали кадрлар тайёрлаш, уларни ривожланган давлатларга ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига юборишни қўллаб-қувватлаш мақсадида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳузурида «Касбий таълим ва меҳнат миграциясини ривожлантириш жамғармаси» ташкил этилди.
Вилоят ҳокимининг жорий йил 11 апрелдаги тегишли қарори билан жамғарманинг Низоми, мақсадли ссуда (қарз) ажратиш ва уни қайтариш схемаси, Кузатув кенгаши таркиби тасдиқланди.
Маълумки, Президентнинг 2026 йил 13 мартдаги «Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги қарори билан ушбу жамғармани ташкил этишга рухсат берилиб, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 2 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга тенг улушларда қайтариш шарти билан 10 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги миллий валютада фоизсиз кредит маблағлари; Қашқадарё вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча маблағлари ҳисобидан 50 миллиард сўм; жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар уни молиялаштириш манбалари сифатида белгиланган эди.
Хўш, жамғармада шаклланган маблағлар нималарга сарфланади?
Низомда кўрсатилганидек, жамғарма меҳнат бозори талабларига мос касб-ҳунар ва тилларга ўқитиш тизимини молиявий қўллаб-қувватлайди. Таълим дастурларининг белгиланган даражасини амалга ошириш учун ўқув биноларини зарур дарсликлар, ўқув-методик адабиётлар ва бошқа воситалар ҳамда жиҳозлар билан таъминлайди. Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларни тайёрлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиради. Таълим жараёнига юқори малакали педагог ва бошқа кадрларни, шу жумладан, хорижий мутахассисларни жалб этади. Уларга зарур шарт-шароитлар яратиб, маҳаллий хорижий тил ўқитувчилари малакасини ошириш, миграция олди тайёргарлиги, касбий реабилитация ва қайта тайёрлаш дастурларини амалга оширади. Халқаро ҳамкорлик доирасида кадрлар тайёрлаш лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди. Таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб, меҳнат миграцияси соҳасида илғор хорижий тажрибаларни жорий этади.
Шунингдек, жамғарма миграция жараёнлари билан боғлиқ ташкилий харажатларни белгиланган тартибда қайтариш шарти билан қоплайди. Хорижий ҳамкорлар билан шартномалар тузишда иштирок этади. Ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси бўйича лойиҳаларни мувофиқлаштиради.
Жамғарма маблағлари ҳисобидан тегишли тартибда Германия ва бошқа Европа мамлакатларига тартибли меҳнат миграциясига чиқиш истагида бўлган фуқароларга 5 минг еврогача қайтариш шарти билан бир йил муддатга ссуда ажратилади.
Жамғарма ўз фаолиятини амалга ошириш давомида давлат органлари, ташкилотлар ва халқаро институтлар билан ҳамкорлик қилади. Шартномалар, фуқаролик-ҳуқуқий битимлар тузади. Шу билан бирга ваколатхоналар очиш ва филиаллар ташкил этиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига белгиланган тартибда таклифлар киритиш, халқаро алоқалар ўрнатиш, ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузиш ҳамда халқаро дастурлар ва лойиҳаларда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Жамғарма ўз фаолияти ошкоралигини таъминлаб, ҳар йили мол-мулкдан фойдаланилиши тўғрисида ҳисоботлар эълон қилиб боради. Унинг фаолияти устидан назорат Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.
Кузатув кенгаши жамғарманинг олий бошқарув органи ҳисобланиб, маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатади ва ҳар чорак якуни бўйича масъулларнинг ҳисоботларини эшитиб боради.
Қарорда ёшларни хорижий тил ва касбга ўқитиш курслари вилоятдаги олий таълим ва касбий таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари, Қарши шаҳридаги Касбий кўникмалар марказида ташкил этилиши назарда тутилган.
Умуман, янги жамғарма фаолияти қашқадарёлик ёшлар, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тил ўргатиш ва касбий малакасини ошириш орқали юқори даромадли фаолиятга жалб этиш, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли.
Ўз мухбиримиз