Уй-жой коммунал хўжалиги
Ўтган ҳафтада Қарши шаҳридаги Чўлқувар ва Истиқлол маҳаллаларида янги қозонхона ва иссиқлик тармоқларини барпо этиш учун қурилиш-пудрат ташкилотини танлаш бўйича ўтказилган электрон тендер натижалари эълон қилинди.
tender.mc.uz махсус ахборот порталида жойлаштирилган маълумотларга қараганда, бошланғич нархи 65,5 миллиард сўмга яқин бўлган мазкур объект бўйича ташкил этилган тендерда Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган вилоятларида давлат рўйхатидан ўтган ва бир хил – «BB» соҳавий рейтингига эга тажрибали қурилиш ташкилотлари қатнашган. Уларнинг таклифлари турли баҳолаш мезонларига мувофиқ кўриб чиқилгач, энг кўп балл тўплаган Наманган вилояти Уйчи туманидаги «Obidjon Akmalxon Hamkor» масъулияти чекланган жамияти ғолиб деб топилган ва тендер қиймати 62,2 миллиард сўмгача тушган янги қозонхона ва иссиқлик тармоқларини 340 кун ичида қуриб фойдаланишга топшириш мажбуриятини олган.
Шу ўринда «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимига таяниб айтиш мумкинки, Қарши шаҳридаги йирик объектни барпо этиш ҳуқуқини қўлга киритган «Obidjon Akmalxon Hamkor» масъулияти чекланган жамияти илгари ҳам нафақат Наманган вилояти, балки республикамизнинг бошқа ҳудудларида кўплаб улкан қурилишларни амалга оширган. Жумладан, 2024-2025 йилларда ушбу корхона пойтахтда «Тошкент метрополитени» унитар корхонасининг 5 та ер ости бекатига кириш йўлаклари (вестибюллари)ни қайта тиклаш, Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида «Ғиждувон» эркин иқтисодий зонаси учун 110 киловольт кучланишли электр энергияси тармоғи ва 110/10 киловольтли подстанция, Самарқанд вилояти Гулобод қўрғонида 200 ўринга мўлжалланган туғруқ мажмуаси, Қорақалпоғистон Республикасида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг 500 ўринли талабалар турар жойи биноси, Андижон вилояти Шаҳрихон туманида «Янги Ўзбекистон» массиви учун ичимлик ва оқова сув тизимлари, Жиззах вилояти Бахмал туманида «Боғимозорсой» сел сув омбори ва яна кўплаб объектларни қуриш бўйича электрон тендерларда ғалаба қозонган.
Бу гал тендерга қўйилган объектлар – вилоятимиз марказида бунёд этилажак қозонхона ва иссиқлик тармоқлари аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Уларнинг буюртмачиси кўп хонадонли уйларни мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда иссиқлик таъминоти объектларини қуриш бўйича инжиниринг компанияси бўлиб, лойиҳасини тайёрлашга Қарши шаҳридаги «Gazloyiha» масъулияти чекланган жамияти жалб этилган.
– Лойиҳа бўйича Чўлқувар ва Истиқлол маҳаллаларида тўртта қозондан иборат, умумий қуввати 22 мегаваттга тенг замонавий блок-модулли қозонхона барпо этилади, – дейди «Gazloyiha» МЧЖ бош муҳандиси Нодир Арипов. – Шунингдек, қувурларининг диаметри 70 миллиметрдан 300 миллиметргача бўлган жами 14 километрдан ортиқ иссиқлик тармоқлари барпо этилади. Улар ёрдамида 4-, 5- ва 6-миттитуманлардаги 50 дан ортиқ кўп қаватли уйлар ва ётоқхоналар, мусиқа ва санъат ҳамда умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, гимнастика саройи, бошқа бир қатор давлат идоралари ва бюджет ташкилотлари иссиқ сув ва иссиқлик энергияси билан таъминланади. Эътиборлиси, уларнинг ҳар бирида индивидуал иссиқлик пункти (ИИП) қад ростлайди, яъни лойиҳа бўйича жами 77 та ИИП қурилади.
Вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси ичимлик суви, оқова сув ва иссиқлик таъминоти тизимларини ривожлантириш шуъбаси бошлиғи Сардор Нормуродовнинг тушунтиришича, индивидуал иссиқлик пунктлари кўп қаватли уйлар ёки мактаблар (болалар боғчалари, бошқа ташкилотлар) биноларининг ертўласи (ёки техник мақсадларда фойдаланиладиган алоҳида хонаси)да жойлаштирилади ва қозонхонага уланган ҳолда, иссиқлик ва иссиқ сувни истеъмолчилар ўртасида тақсимлайди, уларнинг ҳисобини юритади, заруриятга қараб иссиқ сув ҳарорати ва узатиш режимини ўзгартириб ва ростлаб боради.
– Индивидуал иссиқлик пунктларининг афзалликлари шундан иборатки, улар иссиқлик ташувчи сарфини сезиларли даражада камайтириб, истеъмолчиларнинг иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти билан боғлиқ харажатларини қисқартиради, – дея таъкидлайди Сардор Нормуродов. – Бундан ташқари, ИИП ички тармоқларни иссиқ сув ҳарорати ва босими кўтарилишидан ҳимоялайди ва шу тариқа истеъмолчилар ҳамда соҳа ходимларининг хавфсизлигини таъминлайди, авариялар сонини камайтиради ва уларни бартараф этиш жараёнини осонлаштиради. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбарининг жорий йил 11 мартдаги тегишли қарорига мувофиқ вилоятимизда 2025-2029 йилларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмани ривожлантириш дастурлари доирасида 10 та қозонхона ва 65 километр узунликдаги иситиш тармоқлари билан бир қаторда 251 та индивидуал иссиқлик пунктини ҳам барпо этиш режалаштирилган.
Қарши шаҳридаги Чўлқувар ва Истиқлол маҳаллаларида янги қозонхона ва иссиқлик тармоқларини қуриш лойиҳаси бўйича истеъмолчилар учун яратилаётган яна бир қулайлик – унинг доирасида кўп қаватли уйларнинг ичидаги иситиш тизимлари (хонадонлардаги қувурлар ва радиаторлардан ташқари) ҳам тубдан янгиланади ва бу куз-қиш мавсумида кузатилаётган кўплаб муаммоларни бартараф этиш имконини беради. Бироқ шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, 2025-2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури бўйича вилоятимиз марказидаги янги қозонхона ва иссиқлик тармоқлари шу йилнинг охиригача қурилиши лозим эди, аммо янги қонунчилик ҳужжатлари талабидан келиб чиқиб лойиҳага ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши ҳамда бажариладиган ишлар ва ажратилган маблағ ҳажмининг кескин ошиши натижасида мазкур объектлар жорий эмас, келгуси йилнинг иситиш мавсуми арафасида фойдаланишга топширилади. Истеъмолчиларга эса яна камида бир йил сабр қилиб, эски тизимлардан фойдаланиб туришларига тўғри келади.
Темур НИЗОМОВ