Қашқадарё газетаси Иқтисодиёт Ярмарка саноат кооперациясини кенгайтиришга хизмат қилади
Иқтисодиёт

Ярмарка саноат кооперациясини кенгайтиришга хизмат қилади

Соҳа истиқболлари

Бугун Қарши шаҳрида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳамда тармоқ корхоналари ўртасида саноат кооперациясини кенгайтиришга қаратилган ҳудудий саноат ярмаркаси бошланади.

30-31 октябрь кунлари Қарши олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ёпиқ манежида бўлиб ўтадиган мазкур тадбир Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Рақамли трансформация маркази ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Ярмаркада «Ўзбекнефтгаз», «Ўзкимёсаноат», «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамиятлари, Ўзэлтехсаноат, Ўзтўқимачиликсаноат уюшмалари ва мамлакатимиз барча ҳудудларидан кўплаб тадбиркорлик субъектларининг қатнашиши кутилмоқда.

 Масалан, «Ўзбекнефтгаз» АЖ Қарши шаҳридаги ҳудудий саноат ярмаркасида иштирок этишини билдирар экан, тадбир доирасида мазкур акциядорлик жамиятининг саноат салоҳияти, импорт номенклатураси, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича лойиҳа таклифлари намойиш этилишини маълум қилмоқда. Жамият вакилларининг таъкидлашича, ярмарка давомида инвестиция лойиҳалари ҳамда корхоналар эҳтиёжлари учун кооперация асосида маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқариш бўйича шартномалар ва меморандумлар имзоланиши режалаштирилган.

Статистика маълумотларига қараганда, 2025 йил 1 октябрь ҳолатида вилоятимизда 2867 та саноат корхонаси фаолият юритмоқда. Улардан 599 таси (20,9 фоизи)нинг асосий фаолият тури озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдан иборат бўлса, яна 558 таси (19,5  фоизи) турли нометалл минерал маҳсулотлар, 288 таси (10 фоизи) машина ва ускуналардан ташқари тайёр металл буюмлар, 251 таси (8,8 фоизи) кийим ишлаб чиқаришга, 241 таси (8,4 фоизи) тоғ-кон саноати билан боғлиқ фаолиятга, 181 таси (6,3 фоизи) мебель, 166 таси (5,8 фоизи) эса тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. 2025 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида вилоятда 34 триллион 54,9 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан саноат ишлаб чиқаришининг физик ҳажми индекси 107,1 фоизни ташкил этди.

Exit mobile version